+998 71 200 02 35

Ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб этишнинг янги механизми

26.10.2021 2486

Мамлакатимизда меҳнат бозорининг самарали механизмларини жорий қилиш, аҳолининг ишчанлик фаоллигини ошириш, камбағал ва ишсиз фуқароларни замонавий касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш, шу асосда уларни доимий даромад келтирадиган меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш орқали бандлигини таъминлаш, замонавий фикрлайдиган ва пухта касб-ҳунарга эга меҳнаткашлар жамиятини шакллантириш, Конституцяида белгиланган ижтимоий давлатчилик тамойилларинит кенг жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 августда “Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4804-сон қарори қабул қилинган эди.

Мазкур ҳужжат билан касб-ҳунарга ўргатадиган қисқа курсларни ташкил этиш орқали одамларни ўзлари яшаб келаётган ҳудудларда, ишдан ажралмаган ёки оиладан узоқлашмаган ҳолда ўқишга жалб этиш орқали тадбиркорликка оид билимларини кенгайтириш, турушга қизиқишларини кучайтириш, уларни ижтимоий фаоллаштириш, меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллашларига кўмаклашиш йўллари белгилаб берилди. Ҳужжат орқали аҳолини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга, тадбиркорлик асослари ва хорижий тилларга ўқитишга, нодавлат сектор имкониятларидан кенг фойдаланиш учун давлат ёрдамини бериш механизми жорий қилинадиган бўлди.

Қарорда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига тажриба тариқасида ногиронлиги бўлган шахслар учун иш ўринлари яратаётган тадбиркорлик субъектларига Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан тижорат банклари орқали ҳар бир яратилаётган иш ўрни учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваригача, бироқ жами ҳар бир тадбиркорлик субъекти учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараваридан ошмаган миқдорда 3 йил муддатга, бир йиллик имтиёзли давр билан Марказий банкнинг асосий ставкасида, яратилган иш ўрнида ногиронлиги бўлган шахсларнинг камида бир йил ишлаши шарти билан микрокредитлар ажратиш тартиби жорий этиш вазифаси юкланган.

Шунингдек, ишга лаёқатли ногиронлиги бўлган шахсларнинг электрон реестрини шакллантириш ва реестрга киритилган шахсларни бўш иш ўринларига жойлаштиришга кўмаклашиш, тадбиркорлик субъектларига иш ўринлари ва шароитларини ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштириш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар бир мослаштирилаётган иш жойи учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 бараваригача миқдорда субсидия ажратиш ҳам вазифа қилиб белгиланган.

Айниқса, вазирлик тизимидаги касб-ҳунарга ўқитиш марказларида ижтимоий ҳимояга муҳтож, айниқса, кам таъминланган ва меҳнат мигрантлари оилаларининг аъзолари, ногиронлиги бўлган шахсларни бепул ўқитиш курсларининг ташкил этилишини таъминлаш муҳим ишлар бири сифатида кўрсатилди.

Хулоса қилиб айтганда, мамалкатимизда сўнгги йилларда камбағалликни қисқартириш, фуқароларни қашшоқликка тушиб қолишининг олдини олиш, иқтисодий жиҳатдан қийиш аҳволга тушиб қолган фуқароларни аниқлаш ва уларнинг иқтисодий билимини ошириш орқали тадбиркорлимк фаолияти билан шуғулланишлари учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Зеро, ҳар бир оиланинг фаровонлиги шу оиладаги ҳар бир вояга етган фуқаронинг иш билан бандлиги ёки бирон-бир касб-ҳунарга эга бўлишига бевосита боғлиқ.

 Бобоқул Тошев

Юристлар малакасини ошириш

маркази кафедра мудири, юридик

фанлар доктори, профессор