+998 71 200 02 35

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ юристлари малакаси оширилмоқда

06.02.2020 3611

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ тизим таркибидаги ҳудудий электр тармоқ корхоналари юридик хизмат ходимлари ва туман, шаҳар электр таъминоти корхоналари юрисконсультлари малакасини ошириш ҳамда қайта тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази  билан ҳамкорликда малака ошириш курслари ташкил этилди.

Маълумки, электр энергетика соҳасида таъминотчи ва истеъмолчи ўртасида турли хил низовий вазиятлар вужудга келиб туради. Бундай ҳолатларда тизим корхонларида фаолият юритаётган юридик бўлимларда хизмат қилаётган кадрлар зиммасига улкан масъулият юкланади. 

Шунингдек, корхона фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва амалиётга тадбиқ этишда ҳам соҳа юристларининг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Шу боис уларнинг малакасини ошириш, назария ва амалиёт уйғунлиги таъминланган ҳолда, энг илғор ўқув услубларига таянган ҳолда қайта тайёрлаш муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган Мурожаатномасида  2019 йилда амалга оширилган ишларга баҳо берар экан, 2020 йилнинг “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга ошириладиган ишларга алоҳида тўхталиб, жорий йилда қабул қилинадиган Давлат дастурига киритилиши лозим бўлган энг асосий йўналиш ва вазифаларни белгилаб олиш орқали, амалга оширилаётган ислоҳотларга туртки берилиши алоҳида таъкидланди. Шу мақсадда, амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини таъминлаш, давлат ҳокимияти органлари ваколатларини янада аниқлаштириш, кадрларни танлаш ва вазифага қўйишнинг шаффоф тизимини яратиш, коррупцияга қарши муросасиз жамиятни барпо этиш, кадрлар малакасини ошириш тизимини мустаҳкамлаш белгиланган эди.

Шу мақсадда ташкил этилган 72 соатлик ўқув курсларида 210 га яқин тингловчи иштирок этиши белгиланган. Машғулотларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида “Блиц-сўров”, “Ақлий ҳужум”, “Кейс-стади”, “Кичик гуруҳда ишлаш” ва бошқа интерфаол усуллари қўлланилиб, ўқув жараёнида инновацион педагогик ва ахборот коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилмоқда.

Малака ошириш давомида тингловчилар Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ва суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, давлат ва жамият қурилиши соҳасини демократлаштириш жараёнлари, қонунчиликдаги янгиликлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмлари, коррупцияга қарши курашишнинг миллий ва халқаро тизими, давлат хизматчиларининг касб ва одоб-ахлоқ қоидалари, фуқаролик жамиятининг ҳуқуқий асослари, маъмурий тартиб-таомиллар ва бошқа мавзуларга оид маърузалар тинглайдилар.

Малака ошириш жараёнида тингловчилар жойларда қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, муҳокама қилиш ва ваколатли органларга киритиш тартиблари билан танишишдан ташқари, соҳада юзага келаётган муаммоларни таҳлил қилиш, ҳуқуқий баҳо бериш ва ечиш билан боғлиқ кўникмаларга эга бўладилар. Малака ошириш педагогик ва ахборот технологияларини қўллаган ҳолда амалга оширилмоқда.

Малака ошириш курсларини муваффақиятли тугатган тингловчиларга белгиланган тартибдаги сертификатлар берилади..

Манбаа  Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ