+998 71 200 02 35

Электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурлар ва маълумотлар базаларининг ҳуқуқий ҳимояси.

17.02.2023 3434

Давлат ва жамият бошқаруви соҳасига замонавий ахборот-коммуникация тизимларини жорий этиш мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар ва ўзгаришларни самарали амалга оширишнинг муҳим шарти ҳисобланади.

ЭҲМ учун яратилган дастурлар ва маълумотлар базаларининг ҳуқуқий ҳимоясини  ёритишдан олдин унинг  тушунчасига тўхталсак.

ЭҲМ учун яратилган дастур объектив шаклда ифодаланган ҳамда муайян натижа олиш мақсадида ЭҲМ, ЭҲМ шохобчалари ва бошқа компьютер воситаларининг ишлаши учун мўлжалланган маълумотлар ва кўрсатмалар мажмуи ҳисобланади. Маълумотлар базаси эса бу объектив шаклда ифодаланган ҳамда электрон ҳисоблаш машиналари (ЭҲМ) ёрдамида топиш ва ишлов бериш мумкин бўладиган тарзда бир тизимга солинган маълумотлар (масалан: мақолалар, ҳисоб-китоблар) мажмуидир[1].

Айтиш жоизки ЭҲМ учун яратилган дастурлар ва маълумотлар базаларини муаллифлик ҳуқуқи объектлари сирасига киради.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасига муаллифлик ҳуқуқи токи акси исботланмагунга қадар сақланиб қолаверади. ЭҲМ учун яратилган дастурлар ва маълумотлар базаларига  Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 6 майдаги  “Электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурлар ва маълумотлар базаларининг ҳуқуқий ҳимояси тўғрисида”ги Қонуни билан бериладиган ҳуқуқий ҳимоя:

ҳар қандай дастурлаш тилида ва ҳар қандай шаклда ифодаланиши мумкин бўлган ЭҲМ учун яратилган дастурларнинг барча хилига (шу жумладан, операция тизимлари ва дастурий мажмуаларга) нисбатан, бошланғич матн ва объект кодига нисбатан ҳам, шунингдек маълумотларни танлаш ва ташкил этиш бўйича ижодий меҳнатнинг натижаси бўлган маълумотлар базаларига нисбатан татбиқ этилади;

ЭҲМ учун яратилган дастурлар ёки маълумотлар базалари ёҳуд уларнинг бирон-бир қисмига асос бўлган ғоялар ва принципларга, шу жумладан интерфейс ҳамда алгоритм ташкил қилиш ғоялари ва принципларига, шунингдек дастурлаш тилларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Энг асосийси уларга нисбатан муаллифлик ҳуқуқи улар яратилгач юзага келади. ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасига бўлган муаллифлик ҳуқуқи эътироф этилиши ва рўёбга чиқарилиши учун рўйхатдан ўтказиш ёки ўзга расмиятчиликларга риоя этиш талаб қилинмайди.

ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасига бўлган мулкий ҳуқуқлар шартнома бўйича ўзга жисмоний ёки юридик шахсларга тўлиқ ёки қисман ўтказилиши мумкин. Шартнома ёзма шаклда тузилади ва унда албатта қуйидагилар белгилаб қўйилади ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасидан:

a)   фойдаланиш ҳажми;

b)   усуллари;

c)   ҳақ тўлаш тартиби;

d)  мукофот пули миқдори;

e)   шартноманинг амал қилиш муддати.

Айтиш жоизки, ҳуқуқ эгаси ЭҲМ учун яратилган дастурни ёки маълумотлар базасини бевосита ёхуд ўз вакили орқали Дастурий маҳсулотлар давлат реестрида ёки Маълумотлар базалари давлат реестрида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигига талабнома бериш орқали рўйхатдан ўтказиши мумкин ва ҳимоя ҳужжати сифатида гувоҳнома берилади.

Бунда ЭҲМ учун яратилган дастурни ёки маълумотлар базасини рўйхатдан ўтказиш тавсиявий характерга эга.

[1] Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 6 майдаги  “Электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурлар ва маълумотлар базаларининг ҳуқуқий ҳимояси тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1994 й., 5-сон

Муротов Журабек Сафарович,

jsmurotov@gmail.com

(99897) 444 88 02

Хусусий-ҳуқуқий фанлар

кафедраси ўқитувчиси