+998 71 200 02 35

Давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш соҳасида қилинаётган амалий чора тадбирлар ҳамда ушбу соҳага киритилаётган ўзгартиришлар ва уларнинг аҳамияти

27.08.2025 354

Замонавий давлат бошқаруви самарадорлигини белгиловчи асосий омиллардан бири бу — давлат фуқаролик хизмати тизимининг ривожланиш даражасидир. Фуқаролик хизмати давлат идораларининг таянч тузилмаси бўлиб, ижтимоий-сиёсий барқарорлик, иқтисодий тараққиёт ва аҳолига сифатли хизмат кўрсатишда муҳим рол ўйнайди. Давлатимизда мустақиллик йилларидан бошлаб бу соҳада изчил ислоҳотларни амалга оширилиб келинмоқда. Сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби давлат хизматини ривожлантириш, бунда сифат ва самарадорликни ошириш, тизимга ҳар томонлама малакали, билимли кадрларни жалб қилиш, давлат фуқаролик хизмати тизимининг бирлиги ва барқарорлиги, қонунийлик, адолат, халққа хизмат қилиш, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг жамият ва фуқаролар олдидаги жавобгарлиги, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлигига катта эътибор қаратилмоқда. Ислоҳотларнинг натижадорлиги, уларнинг ҳар бир фуқарога етиб бориши бевосита давлат хизматининг очиқлигига, унда ишлаётган кадрлар салоҳияти ва масъулиятига бевосита боғлиқ. Чунки айнан давлат хизматчилари орқали фуқароларнинг давлатга бўлган ишончи мустаҳкамланиб, ўзгаришларга нисбатан муносабати ижобий томонга шаклланади ҳамда юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларни ўз ҳаётида сеза бошлайди Юртимизнинг барча ҳудудларидаги давлат ташкилотлари ва муассасаларида фуқароларни ортиқча овора қилмасдан бюрократияга чек қўйиш, давлат хизматига салоҳиятли кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, ходимларни самарали бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантириш, малакали кадрлар захирасини рақобат асосида шакллантириш зарурати ушбу соҳага оид қонунчилик ҳужжатларига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, ислоҳотларни амалга оширишни тақозо этди. Хусусан, Президентимизнинг 2019-йил 3-октабрдаги “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилиниши давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги туб ўзгаришларни бошлаб берди, десак муболаға бўлмайди. 

Мазкур фармон, давлат бошқарувини ислоҳ қилиш ва самарадорлигини ошириш, шунингдек, давлат хизматчиларини танлаш ва уларни рағбатлантириш тизимини такомиллаштиришга қаратилган. Фармон билан давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштиришга оид биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Фармоннинг асосий ёʻналишлари сифатида давлат органлари ва ташкилотларида кадрлар танлаш, жой-жойига қўйиш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, давлат хизматчиларини ишга қабул қилишда танлов тизимини жорий этиш, уларнинг фаолиятини баҳолашнинг шаффоф механизмларини яратиш, шунингдек, давлат хизматчиларининг малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратиш, давлат хизматларини рақамлаштириш ва электрон платформалар орқали амалга оширишга кўмаклашиш, бу орқали давлат хизматларининг самарадорлигини ошириш ва коррупсияни камайтириш, давлат хизматчилари фаолиятидаги коррупсия ҳолатларини олдини олиш ва уларга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш, давлат хизматчиларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш каби жараёнларни келтириш мумкин. Ушбу фармон қабул қилиниши билан, давлат фуқаролик хизматини янада такомиллаштириш ва ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари белгиланиб, давлат фуқаролик хизмати соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этилганлигини алоҳида эътироф этиш лозим. Шу ўринда, давлатимиз раҳбарининг номи юқорида зикр этилган 2019-йил 3-октабрдаги фармонида мамлакатимизда давлат фуқаролик хизматининг асосий тушунчалари, регламентлари ва кафолатларини белгилаб берувчи Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳасини хорижий экспертларнинг тавсиялари ва кенг жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган эди.

Мазкур фармон ижроси юзасидан 2022-йил 8-августда “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги 788-сонли қабул қилинган қонун давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги муносабатларни, яъни давлат органлари ва ташкилотлари ўрта бўғин ходимларининг меҳнатини тартибга солишда мухим аҳамият касб этаётганини айтишимиз мумкин. 

Шунингдек, давлат фуқаролик хизмати тушунчасига –  мазкур қонуннинг 3-моддасига биноан давлат хизматининг бир тури бўлиб, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг давлат фуқаролик хизмати лавозимларидаги давлат органлари ваколатлари амалга оширилишини таъминлашга доир ҳақ тўланадиган касбий фаолият эканлиги каби таъриф берилган. Илгари бундай тушунча йўқ эди, энди фуқаролик ва давлат хизматининг бошқа турларидан нимаси билан фарқ қилиши аниқ бўлди. Умуман олганда, давлат хизмати фуқаролик, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, дипломатик ва ҳарбий ёки сиёсий ва носиёсий бўлиши мумкин. Уларнинг ҳар бири ҳуқуқий вазифасига кўра бир биридан фарқланади. Ҳуқуқшунос олимлар, соҳа масъуллари ва экспертлар томонидан ушбу қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда бир қатор ривожланган давлатларнинг фуқароларга давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги илғор тажрибаси ўрганилди ва тегишли жойлари намуна сифатида олинди. Хорижий мамлакатларнинг тажрибаси шуни кўрсатадики, Германия, Франция, Нидерландия ҳамда Осиёнинг Япония, Жанубий Корея каби мамлакатларнинг давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонунларида давлат хизматига кириш тартиби батафсил ёритилган. Умуман олганда, давлат фуқаролик хизматига кириш қоидалари тартиби барча дунё мамлакатларида мавжуд. Германия, Полша, Россия, Франция, Япония, Латвия, Болгария, Қозоғистон, Қирғизистон мамлакатларининг давлат хизмати тўғрисидаги қонунларида хизматчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, давлат хизматчилари фаолиятини баҳолаш, карераси ўсиши, бошқа давлат лавозимига ўтиши, меҳнатга ҳақ тўлаш, давлат фуқаролик хизматчиларининг иш вақти ва меҳнат таътиллари тартибга солинган. 

Хўш, ўтган даврда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан нима ишлар амалга оширилди. Ўтган қисқа муддат мобайнида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан биргина “ваcанcй.аргос.уз” платформасининг ишга туширилиши, ишга кирмоқчи бўлган номзодларнинг ташкилотма-ташкилот юриши, ҳужжатларини топшириш учун ортиқча вақт сарфлашининг олдини олиши, шунингдек, вакант лавозимларнинг очиқ эълон қилиниши натижасида ҳамма фуқароларга танловда қатнашиш учун бир хил имконият яратиб берди. Ҳозирги тез ўзгараётган ва глобаллашаётган даврда, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳар бир давлат хизматчиси ўз устида ишлаб, мунтазам равишда янги билимларни эгаллаб бориши кераклигини тақозо этмоқда. Ривожланган хорижий давлатларда давлат хизматчиларининг касбий салоҳиятини ошириш амалиёти узлуксиз турда амалга оширилади. Сифатли таълим қиймат яратишини, яъни таълимга сарфланган харажатлар ташкилотнинг фаолият натижадорлиги ва самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатишини инобатга олган ҳолда таълим жараёнлари ташкил этилади. Масалан, Францияда Давлат сектори трансформатсияси ва фуқаролик хизмати вазирлиги томонидан давлат хизматига олинаётган (танловдан ўтган) мутахассислар бир йил давомида ўқитилади. Уларга давлат бошқарув миссияси, давлат хизматининг мазмун-моҳияти ҳамда замонавий тенденсиялар ва ўз соҳасига мос равишда ўзгарувчи қисмлардан иборат таълим жараёни ташкил этилади. Туркияда давлат хизматчиларининг таълимга бўлган эҳтиёжи ўрганилади ва ҳар бир давлат хизматчиси ўзига керакли бўлган таълим дастурида малака оширади. Жумладан, “Егитим каписи” малака ошириш платформаси ишга туширилган бўлиб, ҳар бир вазирлик ва идора таълим эҳтиёжидан келиб чиқиб, видеодарслар (видеоконтентлар) тайёрлайди, Инсон ресурсларини ривожлантириш департаменти томонидан мақуллангандан сўнг платформага жойланади. Яъни, давлат хизматчиларига ўз соҳаси учун зарур бўлган билимлар берилади.

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунига асос, давлат фуқаролик хизматчиларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакаси оширилишини ва таълим олишини мунтазам равишда ташкил этиш давлат органлари ва ташкилотларининг ваколатига киради. Давлат фуқаролик хизматини ўташ давомида давлат фуқаролик хизматчилари касбий компетенсиясини мунтазам равишда ошириб бориши шарт. Чунки қонундаги энг катта ўзгаришлардан бири ҳисобланган, малака даражаларини беришда малака ошириш курсларини тугатганлиги ҳақидаги сертификат инобатга олинади. Таъкидлаш лозимки, давлат фуқаролик хизматчиларини бугунги кун талаблари асосида бошқаришда бир қатор янгича ёндашувлар талаб қилинади. Инсон ресурсларини тайёрлашни режалаштириш, касбий компонентни ошириш, ўз касбига лаёқатлиларни аниқлаш, салоҳиятли кадрлар захирасини шакллантириш, раҳбарлик лавозимлари ошишида билимга эътибор бериш, малака оширишнинг ҳуқуқий-меъёрий асосларини ишлаб чиқиш, одоб-аҳлоқ меъёрларига бўйсуниш, давлат ташкилотларида соғлом маънавий-психологик муҳитни шакллантириш шулар жумласидандир.

Шу билан биргаликда, Оʻзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 19 июндаги “Давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш ҳамда профессионал ва натижадорликка йўналтирилган давлат хизматчилари корпусини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 95-сон фармони қабул қилинганлиги давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш соҳасида қилинаётган асосий амалий чора тадбирлар сифатида келтириш мумкин. Қуйида мазкур фармоннинг асосий жиҳатлари ва моҳияти ҳақида таҳлилий изоҳ келтирамиз. Фармонга кўра, 2025-2026-йилларда давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этишнинг асосий ёʻналишлари белгилаб берилди. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси ҳамда “Ел-юрт умиди” жамгʻармасининг доимий ҳамкорлиги асосида давлат хизматида кадрлар тайёрлашнинг яхлит тизими жорий этилиши белгилаб берилди. Шу жумладан, 2026-йил 1-январдан давлат хизматига биринчи марта қабул қилинган давлат хизматчилари билан меҳнат шартномаси дастлаб бир йил муддатга тузилиши ҳамда кейинчалик фаолиятининг ижобий натижаларига кўра меҳнат шартномаси номуайян муддатга узайтирилиши каби ўзгартиришлар киритилди. 2025-йил 1-августдан республика, ҳудудий ва туман (шаҳар) даражасидаги ташкилотлардаги лавозимларнинг бошқарув ва ёрдамчи гуруҳлари учун танловлар фақатгина Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона портали орқали ўтказилиш тизими жорий этилмоқда. 2025-йил 1-октабрдан давлат хизматчиларининг хорижий ва ички хизмат сафарларини ташкил этиш, ҳисобини юритиш ва таҳлилини олиб бориш “hrm.argos.uz” электрон тизими таркибидаги “Хизмат сафари” ягона модули орқали амалга оширилиши белгилаб берилди. 2026-йил 1-январдан Давлат органлари фаоллигининг миллий рейтинги жорий этилиши ҳамда 2025-йил 1-сентабрдан давлат хизматчиларининг ўз кўникмаларини доимий ривожлантириб бориши ҳамда улар ўртасида ўзаро мулоқотни кучайтириш бўйича “Давлат хизматчиси” мобил иловаси ишга туширилиши давлат хизматчилари ўз фаолиятларида давомида мухим бўлган билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга замин яратади деб айта оламиз.

Шунингдек, давлат фуқаролик хизматини замонавий стандартлар асосида ташкил этиш, давлат хизматчилари ишини натижадорликка йўналтириш, аҳолининг давлат хизматига бўлган ишончини янада ошириш, соҳага истиқболли кадрларни жалб қилиш ва уларни профессионал мутахассис этиб тайёрлашнинг самарали тизимини жорий қилиш, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида давлат органларида кадрлар билан ишлашнинг замонавий усул ва механизмлари ҳамда яхлит тизимини жорий этиш, давлат органларида салоҳиятли ва истиқболли раҳбар кадрлар захирасини шакллантириш ҳамда янги авлод раҳбар кадрларини тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, давлат хизматига хотин-қизларни кенг жалб қилиш учун уларнинг соҳага бўлган қизиқиши, манфаатдорлиги ва ишончини ошириш, Давлат фуқаролик хизматини 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш, давлат хизматида кадрлар тайёрлашнинг яхлит тизимини жорий этиш, давлат хизматига биринчи марта қабул қилинган давлат хизматчилари мажбурий “Давлат хизматига кириш” махсус курсларини ва кейинчалик ҳар уч йилда камида бир маротаба малака ошириш курсларини ўташи ҳамда мазкур курсларнинг якунлари бўйича уларнинг назарий билим ва кўникмалари диагностикадан ўтказилиши, вазирлик ва идоралар томонидан ходимларни хорижда ўқитиш, тайёрлаш, малакасини ошириш ҳамда стажировкасини ташкил этиш, шу жумладан, грантлар ёки донорлар маблағлари ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида давлат хизматчиларини ўқитиш, тайёрлаш, малакасини ошириш ҳамда стажировкаси билан боғлиқ тадбирлар мажбурий тартибда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан келишилгандан сўнг амалга оширилиши каби тизимлар белгиланди. Давлат хизматчилари ўртасида соғлом турмуш тарзини жорий этиш мақсадида ҳам кенг қамровли вазифалар белгилаб берилди. Давлат хизматчиларига давлат хизмати лавозимларининг малака даражалари берилишининг янги тизими жорий этилди. Шубхасиз, ушбу фармон фуқаролик хизматини нафақат модернизатсия қилади, балки уни рақамлаштириш, баҳолаш, кадрларни шакллантириш ва коррупсия билан курашиш орқали инсонга йўналтирилган, натижадор, очиқ ва самарали системага айлантиради. У “Ўзбекистон–2030” стратегиясига мувофиқ, давлат бошқарувини янги босқичга кўтаради. 

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, Давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар давлат фуқаролик хизмати тизимида ягона сиёсатни юритиш, давлат фуқаролик хизматчиларини ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасидаги муносабатларни тартибга солган консептуал ҳуқуқий ҳужжат сифатида давлат фуқаролик хизматида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилмоқда.

Энг асосийси, соҳада янги қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар давлат фуқаролик хизмати тизимидаги барча давлат органлари ва ташкилотларида ягона сиёсатни юритиш имконини берди. Давлат фуқаролик хизмати — бу шунчаки иш тизими эмас, балки давлатнинг юзи, унинг самарадорлиги ва жамоатчилик ишончининг ўлчовидир. Ўзбекистон давлат хизмати тизимида олиб борилаётган амалий чоралар — бу соҳани замонавий талаблар даражасига кўтариш, инсон омилини қадрлаш, самарадорлик ва шаффофликни кучайтириш йўлидаги муҳим қадамлардир. Бу ўзгаришлар фуқаролик жамиятининг ривожланишига, давлат хизматларининг сифат жиҳатдан янги босқичга чиқишига замин яратмоқда. Келгусида бу ислоҳотлар давлат хизматчиларининг касбий салоҳиятини ошириш, жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш ва тараққиётга хизмат қилувчи самарали бошқарувни шакллантириш йўлида муҳим рол ўйнайди. Давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва киритилаётган ўзгаришлар мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади. Бу ўзгаришлар давлат бошқарувининг самарадорлигини ошириш, хизмат сифатини яхшилаш ва аҳолининг давлатга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шунинг учун, бу йўналишда изчил иш олиб бориш муҳим аҳамиятга эга.

 

 

Ўқув-услубий бўлим бош мутахассиси

Шарипов Ҳумоюн Ҳамид ўғли