Ўзбекистонда давлат секторига аутсорсинг фаолиятини олиб боришда ҳуқуқий асослар яратилиб келинмоқда. Бунга таълим ва тарбия тизимининг барча бўғинлари фаолиятининг бугунги замон талаблари асосида такомиллаштириш асосий вазифа қилиб белгиланганлигидан келиб чиққан ҳолда бу ва бошқа соҳалар мисолида аутсорсингнинг давлат секторида қўллашнинг афзалликларига тўхталиб ўтилади.
Аутсорсингнинг давлат секторида қўллашда ижтимоий хизмат даражасининг кескин пасайишига йўл қўймаслик чоралари кўрилади, инсон учун ўта муҳим, юқори калорияли озиқ-овқат истеъмоли таркиби такомиллаштирилади, инсон генофондини сақлаш учун ҳомиладор аёллар ва болаларнинг овқатланиш ратсиони бўйича амалдаги меъёрларни халқаро стандартлар асосида қайта кўриб чиқилишига олиб келади.
Бундан бир неча йиллар илгари «autsorsing» механизми фақат хусусий секторда фойдаланилган бўлса, бугунги кунда буджет ташкилотларида ҳам ижтимоий хизмат кўрсатишда «autsorsing»дан унумли фойдаланилмоқда.
Аутсорсинг (outsourcing) – ташкилотнинг у ёки ёки функсияларини шу фаолиятни олиб боришга ихтисослашган ташқи ижро этувчиларга беришдир. Бошқача қилиб айтганда, аутсорсинг деганда, давлат секторининг нодавлат сектордан товарлар, ишлар ва хизматлар сотиб олишининг умумий ҳажми тушунилади.
Давлат муассасаларида аутсорсинг усулида овқатлантириш «Давлат харидлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ таркиби тасдиқланадиган Танлов комиссияси томонидан ўтказиладиган танлов асосида ташкил этилади.
Ўзбекистонда хусусий секторда яхши тажрибадан ўтган замонавий механизм ва услубларни буджет хизмати кўрсатилаётган ижтимоий соҳаларда қўлланиши, давлат секторида аутсорсинг усулини жорий этишда харажатларнинг тежалиши ва хизмат сифати яхшиланишининг муҳим аҳамиятга эгалиги, давлат сектори муассасаларида мисол учун соғлом ратсионал ва хавфсиз овқатланишни ташкил этилишини такомиллаштириш, кейтринг (юқори даражада умумий овқатланиш), уларнинг комбинатлари каби замонавий усуллардан фойдаланилиш, аутсорсер билан давлат муассасалари ўртасида аутсорсингга оид шартномалар тузилишига ҳуқуқий асосларнинг мавжудлиги, ижтимоий соҳада аутсорсинг асосида харажатларнинг натижадорлиги аутсорсингдан фойдаланишнинг афзалликлари бўлиб ҳисобланади.
Аутсорсинг шартномалари хусусий сектор вакиллари билан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилиги ва хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини тартибга солувчи қатор қонунлар ва қонун ости ҳужжатлари билан тартибга солинади. Бунга аутсорсинг шартномаси эркин тузилади ва ҳеч қандай расмий талаблар ўрнатилмаган.
Аутсорсингга оид шартномалар давлат сектори муассасалари билан тузилганда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишлари ҳамда тармоқлар вазирликларининг қарор ва буйруқлари билан тартибга солинади.
Шунинг учун давлат секторига тегишли аутсорсинг шартномасини тузишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ва тармоқ вазирликларининг қарорлари билан тасдиқланган низомларида қўйилган талаблар асосида амалга оширилади.
Аутсорсинг шартномасига қўйилган талабларни бир тармоқ вазирлиги мисолида яъни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 июлдаги «Давлат мактабгача таълим муассасаларида соғлом овқатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги 626-сон Қарорига мувофиқ кўриб чиқиш лозим бўлади.
Аутсорсерларни танлаб олиш тасдиқланган тартиб асосида амалга оширилади ва аутсорсерларга қуйидаги умумий талаблар қўйилади:
-умумий овқатланиш хизматида камида бир йиллик тажрибага эга бўлиши; аутсорсинг хизматлари бўйича камида икки ойлик шартнома суммасига тенг айланма маблағларининг мавжудлиги;
-танловда (тендерда) қатнашиш учун ариза берилган кундан камида бир ой олдин тегишли ташкилотлардан солиқ қарздорлиги, тўловлар, бошқа мажбурий тўловлар ва молиявий санксияларнинг мавжуд эмаслиги;
-тўғри овқатланишни ташкил этиш юзасидан таомлар тайёрлаш технологияси бўйича камида 2 йиллик иш тажрибасига эга бўлган малакали мутахассислар (муҳандис-технолог, диетолог, ошпазлар) малака разрядлари кўрсатиши;
-мактабгача таълим ташкилоти томонидан белгиланган техник вазифалар асосида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш лойиҳасини индивидуал режа асосида ишлаб чиқиб, тақдимотини (имкониятдан келиб чиқиб, тайёр таомларини ҳам кўрсатиши мумкин) ўтказиши;
-тақдимотда тарбияланувчиларни ёши, жинси, физиологик ҳолати бўйича турли гуруҳлар учун овқатланишнинг мақбул меъёрларини кўрсатиши;
-аутсорсинг усулида соғлом овқатлантириш хизматлари учун устаманинг максимал миқдори — кўрсатилган хизматлар қийматига нисбатан 20 фоиздан ошиб кетмаслиги;
-давлат мактабгача таълим ташкилотида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан тасдиқланган озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари доирасида амалга ошириши;
-таклиф қилинаётган инвестиция маблағларининг миқдори ҳар бир лот учун базавий ҳисоблаш миқдорининг Тошкент шаҳри, вилоятлар марказлари учун 1000 (бир минг), вилоят ҳудудидаги шаҳарлар, туманлар марказлари учун 500 (беш юз), қишлоқ ва овуллар учун 250 (икки юз эллик) бараваридан кам бўлмаслигидир.
Шунингдек, буюртмачи билан манфаатлар тўқнашувига эга бўлган хўжалик юритувчи субъект танлов иштирокчиси бўлиши мумкин эмаслиги ҳам аутсорсерларга қўйиладиган талаблардан ҳисобланади.
Аутсорсингнинг давлат секторида жорий этишнинг асосларидан бири сифатида аутсорсинг жуда ривожланган мамлакатларнинг тажрибасига эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Бундай мамлакатларга англо-саксония мамлакатлари (Буюк Британия, АҚШ, Канада, Австралия, Янги Зеландия), скандинавия мамлакатлари (Швесия, Дания, Финляндия) узоқ шарқ мамлакатлари (Сингапур, Гонконг, Жанубий Корея) киради.
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига аъзо мамлакатларда мазкур услубиёт асосида ҳисобланган давлат сектори аутсорсинги таҳлили олиб борилган йилларда ЯИМ нинг 10,0 фоизини ташкил этган.
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти давлат секторидаги аутсорсингнинг улушини доимий равишда таҳлил қилади ва баҳолайди.
Хорижий давлатларда аутсорсингга берилган давлат органлари функсиясини уч гуруҳга ажратилади.
Биринчи гуруҳга таъминловчи функсиялар, масалан, овқатлантириш, биноларни тозалаш, чиқиндиларни чиқариш, қўриқлаш хизмати киради. Мазкур функсияларни осонгина аутсорсингга берилиши мумкин, чунки булар буджет ташкилоти ва бошқарув органлари фаолиятининг асосий вазифалари ҳисобланмайди, улардан фойдаланиш нисбатан оддий стандартлаштирилган ҳамда ижрочиларга юқори талаблар қўймайди ва билимнинг юқори даражаси талаб қилинмайди.
Иккинчи гуруҳ функсиялари ўз ичига ижрочилардан етарли равишда юқори касбий малака талаб қилувчи таъминловчи функсияларни ўз ичига олади. Бу гуруҳ функсиялари молия ва бухгалтерия, кадрларни бошқариш, юридик хизмат, ҳужжатлар айланишини таъминлаш, ахборот технологияларидан фойдаланишни қамраб олади.
Охирги йилларда хорижий давлатлардаги давлат секторидаги аутсорсинг, биринчи навбатда, мазкур гуруҳ функсияларини бажариш билан боғлиқ, энг кўп фойдаланиладиган аутсоринг функсиялари сифатида ахборот технологияларидан фойдаланишни кўрсатиш мумкин.
Аутсорингга бериладиган учинчи гуруҳ функсияларига давлат хокимият органларининг ўзи тўғридан-тўғри бажарадиган асосий функсиялар киради, хорижий давлатларда бу турдаги аутсорсинг жуда кам учрайди.
Шундай қилиб, мамлакат ва маҳаллий даражасида буджет харажатларини оптималлаштириш зарурияти - аутсорсингдан фойдаланиш асосида буджет харажатларининг самарадорлигини оширишдан иборатдир.
Умуман олганда, аутсорсингни давлат муассасалари хизматларига қўллашда буджет хизматларини амалга оширадиган буджет ташкилотлари, тижорат ва нотижорат ташкилотларининг рақобатбардошлиги ҳамда буджет харажатларининг натижадорлигини ошириш мақсадида аутсорсингдан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Насуллаев Мубин
Юристлар малакасини ошириш Маркази доценти