+998 71 200 02 35

Инсон ҳуқуқлари фақат суд орқали ҳимоя қилиниши керак

29.07.2020 3625

Ўзбек миллий давлатчилигининг асосий моҳияти Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 7-моддасида белгиланганидек давлатнинг “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир”, деб белгиланганида. Шундай экан, инсон доимо қонун муҳофазасида бўлади. Конституциямизнинг 13-моддасига кўра “…инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади”. Инсоннинг барча ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир. Конституцяининг 19-моддасига кўра “…Фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас”.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, инсоннинг қонунларда белгилаб қўйилган ҳар қандай ҳуқуқлари чекланиши мумкин эмас, ҳуқуқлари бузилганда эса суд томонидан тиклаб қўйилиши лозим. Мамлакатимизда кейинги йилларда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги илоҳотлар марказида айнан инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этиш, унинг ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда мансабдор шахсларни инсонга хизмат қилдириш, одамларни рози қилиш, давлат бошқаруви ва қонунчилик асосларини мустаҳкамлашда жамият аъзолари манфаатларини ҳурмат қилиш ётади.

Амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири – бу суд ҳокимиятининг амалда мустақиллигини таъминлашга эришишдир. Ўзбекистон Республикаси Президенти 2020 йил 24 январда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак, деб ўринли таъкидлаган эди. Яъни, одамлар ҳуқуқлари бузилганда судлар томонидан адолатли қарорлар қабул қилинишига ишонишлари керак.

Инсон ҳуқуқларини таъминлашга доир олиб борилаётган давлат сиёсати очиқ ва шаффоф бўлиб, у бир томондан қонунчилик такомиллаштирилаётганида кўзга ташаланаётган бўлса, иккинчи томондан одил судлов тизимини ислоҳ қилиш орқали намоён бўлмоқда. Президентнинг 2020 йил 24 июль куни қабул қилган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сон фармони айни мана шу масалаларнинг ечимини кўрсатиб бергани билан аҳамиятлидир.

Фармонда кўрсатилишича, кейинги йилларда амалга оширилган ишлар натижасида одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди. Хусусан, ноҳақ айбланган 2 минг 300 га яқин киши оқланди, адашиб жиноят йўлига кириб қолгани сабабли озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниши мумкин бўлган 3,5 мингдан ортиқ ёшлар ва хотин-қизларга маҳалла ва жамоатчилик кафилликлари асосида енгилроқ жазолар тайинланиб, ўз оилалари бағрида қолдирилди, инсон ҳуқуқларини қўпол тарзда бузган 60 нафар ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари эса жиноий жавобгарликка тортилди.

Фармонда фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш асосий мақсад қилиб олинган. Шунга кўра, одил судловни тўлақонли амалга оширишда суд тизимини ислоҳ қилиш, суднинг ва судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш, бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш, барча бўғиндаги судларни келиб тушган ишларни кўришга жалб этиш йўллари белгилаб олинди. Бунда судьяларнинг қатъий ихтисослашуви сақлаб қолинган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этиш вазифаси қўйилди.

2021 йил 1 январдан бошлаб эса суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатиш, суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш институтини бекор қилиш ва жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида иш юзасидан қарорларни тортишув тамойилига риоя этган ҳолда тарафлар иштирокида қабул қилиш тартибини белгилаш, жиноят ишининг умумий тартибда кўриб чиқилишига тўсқинлик қилувчи омилларни тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этиш имконини берувчи дастлабки эшитув босқичини киритиш белгиланди.

Бундай муҳим тадбирларнинг белгиланиши ва  янги тартибларнинг жорий этилаётгани, аввало, инсон ҳуқуқларини фақат суд орқали ҳимоя қилишга эришишга қўйилган қадамдир. Конституциямизда белгиланганидек “Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга. Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас” (25-модда), “Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади” (26-модда).

Инсоннинг конституциявий ҳуқуқларига риоя этиш мақсадида янги тартиб, давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш институти жорий этилмоқда. Яъни судда жиноят иши кўриб чиқилаётганда шахсни айблашга етарли асослар мавжуд бўлмаса ёки унинг айби тасдиқланмаса ушбу тартибга риоя этиш талаб этилади. Бу жиноят ишини қўшимча терговга юбориш ёки жиноятни қайта малакалашга йўл қўйилмайди, дегани. Бежизга халқаро ҳужжатларда “инсон бир марта суд терговига тортилиши принципи” асосий талаб сифатида белгилаб қўйилмаган.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, инсоннинг табиий ҳуқуқлари қатори унинг эркин яшаш ҳуқуқи суд томонидан кафолатланганда у ўзини ҳар томонлама ҳимояланган, деб ҳисоблайди, ўзининг барча қобилиятини рўёбга чиқаришга ҳаракат қилади, энг асосийси, ҳокимиятнинг ягона манбаси сифатида ўзидан ва уни ўраб турган дунёдан рози бўлади.

Бобоқул Тошев,
Юристлар малакасини ошириш
маркази кафедра мудири,
юридик фанлар доктори