+998 71 200 02 35

Инновациялар иқтисодиёт барқарорлигининг муҳим омили.

21.08.2020 3678

Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгиланган Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ иқтисодий барқарорликни таъминлашда илм-фан ютуқлари ва инновацион ишланмалардан фойдаланиш, қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Инновацион фаолият тўғрисида”ги Қонуни айнан ушбу мақсад ва вазифалар ривожланишига хизмат қилади.

Инновацион фаолият натижалари ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида янги маҳсулот ҳамда хизматларни кириб келишини таъминлаши билан бир қаторда истеъмол товарлари сифатини ҳам ошишини таъминлайди. Шу сабабли инновацион фаолият субъектлари давлат томонидан қўллаб-қуввватланади. Ўзбекистон Республикасининг “Инновацион фаолият тўғрисида”ги Қонуни 10-моддасида инновацион фаолиятни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришнинг йўллари сифатида қуйидагилар белгиланган:

·              инновацион ривожлантириш стратегияларини қабул қилиш ва амалга ошириш;

·              инновацион фаолият соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;

·              инновацион фаолият субъектларига солиқ, божхона имтиёзлари ва преференциялар бериш;

·              Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан инновацияларни яратишга оид давлат буюртмасини бажариш;

·              инновацион фаолиятни молиялаштиришга хўжалик юритувчи субъектлар маблағларини жалб қилиш учун шарт-шароит яратиш;

·              илм-фан ютуқларига асосланган маҳсулотнинг ва илғор технологияларнинг кафолатланган тарзда татбиқ этилишини таъминлаш мақсадида уларнинг давлат харидларини ташкил этиш;

·              инновацион фаолият соҳасида кадрларни тайёрлашга, қайта тайёрлашга ва уларнинг малакасини оширишга кўмаклашиш.

Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Солиқ Кодекси 312-моддаси инновацион фаолият субъекти бўлган солиқ тўловчиларни янги маҳсулотни (товарларни, хизматларни) яратиш ёки ишлаб чиқарилаётган маҳсулотни (товарларни, ишларни) такомиллаштириш, ишлаб чиқаришни ва бошқарувни ташкил этишнинг янги технологияларини, усулларини яратиш ёки қўлланилаётган шундай технологияларни, усулларни такомиллаштириш жумласига кирадиган харажатлар илмий тадқиқотларга ва (ёки) тажриба-конструкторлик ишланмаларга доир харажатлар деб эътироф этади.

Инновацион фаолият учун сарфланган ушбу тоифага киритилган солиқ тўловчининг харажатлари юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини ҳисоблашда солиқ базасидан чегириб ташланади.

Масалан, солиқ тўловчи инновацион фаолият учун, яъни  янги маҳсулотни (товарларни, хизматларни) яратиш мақсадида илмий тадқиқотлар ўтказиш учун юз млн. сўм маблағ сарфлаган бўлса, ушбу харажат солиқ тўловчининг солиқ ҳисобланадиган фойдасидан чиқарилиб, қолган фойдага солиқ ҳисобланади.

Бундан ташқари инновацион фаолият субъекти ҳисобланадиган давлат ҳам инновацион фаолият учун маблағ ажратиб боради. Инновацион фаолият иштирокчилари ва унинг бошқа субъектларидан буюртмалар қабул қилади. Улар ижросини таъминлаш вазифаларини бажаради. Интеллект ва ахборот технологиялар асри бўлган XXI-асрда янги маҳсулот яратиш ва хизматлар кўрсатиш жараёнларининг тезлашиши унинг иштирокчиларидан буюртмаларни бажариш муддатларини қисқартиришни ҳам талаб этади. Ўзбекистон Республикасининг “Инновацион фаолият тўғрисида”ги Қонуни давлат буюртмаларни бажариш муддатини кўпи билан икки йил қилиб белгиланган.

Чунки бозордаги рақобат муҳити иннновацион буюртмани бошқа субъектлар томонидан тезроқ бажаралишига сабаб бўлиши мумкин. Натижада инновация учун сарфланган маблағ самарасиз бўлиб қолади.

Давлат инновацион фаолият субъекти, буюртмачиси ҳамда ушбу фаолият билан боғлиқ муносабатларни бошқарувчиси ҳам ҳисобланади.  Ушбу соҳа бошқарувини самарали ташкил этилиши ва иқтисодий-ҳуқуқий муносабатларни тўғри тартибга солиниши қонунни қабул қилишдан кўзланган мақсадга эришиш учун хизмат қилади.

 Б.И.Исроилов- кафедра мудири, и.ф.д., профессор