+998 71 200 02 35

Биздан фақатгина сабр-тоқат ва ўзимизни асраш талаб қилинаяпти

07.04.2020 3666

Эл қайғуси-юрт қайғуси

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 3 апрель куни коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Муҳокамаларга ўтишдан олдин давлатимиз раҳбари халқимизга яна бир бор мурожаат қилди.

Президентимиз бутун дунёда ҳукм сураётган коронавирус пандемиясининг салбий таъсири, юзага келаётган инқирозлар ва глобал муаммолар ҳақида тўхталиши билан бирга мамлакатимизда юзага келган вазият, айрим фуқароларнинг вафоти муносабати билан уларнинг оила аъзоларига таъзия билдирди. Давлатимиз раҳбари хориждан олиб келинган фуқароларимизнинг карантинга олингани, келгусида пандемия оқибатларини камайтириш ва унинг кенг тарқалиши олдини олиш мақсадида мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар тўғрисида ҳам тўхталиб ўтди.

Тарихда, юрт раҳбарлари турли талофатлар, урушлар ва глобал бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ёки уларнинг оқибатларини бартараф этишда жонбозлик кўрсатганликларини яхши биламиз. Лекин 34 миллион аҳолига эга бўлган катта давлатнинг раҳбари бугунги ташвишли кунларнинг барча юкини ўз зиммасига олди.

“Тарихни шахслар яратади”, деган ибора бежизга айтилмаган. Бугун давлатлар қанчалик қудратли, аҳолиси қанчалик кўп бўлмасин, пандемия олдида шошиб қолди. Ана шундай оғир ва якуни ҳали кўринмаётган кунларда масъулиятни ўз зиммасига олиб, халқни талофатсиз бу балодан олиб чиқиш, далат бошқаруви ва иқтисодиётида ўйлаб кўрилмаган тезкор тадбирларни ўтказиш, яъни мобил шифохона, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни аниқлаб, уларга манзилли амалий ёрдам кўрсатиш, мамлакатни тоза, озода тутиш, жамиятни етаклаш, таътилда бўлинганда ҳам ойлик иш ҳақини тўлаб туриш, пенсия, нафақаларни эгалари қўлига ўз вақтида етказиш, иқтисодиётнинг энг муҳим йўналишлари, айниқса, қишлоқ хўжалигини юритиш, тадбиркорларга қўшимча имтиёзлар бериш орқали уларнинг иқтисодиётдаги иштирокини кенгайтириш каби масалаларни фақат ўз халқи ва юртини қалбдан севган одамгина ҳал эта олади. Ана шундай муҳим ва оғир юк бугун Президентимизнинг зиммасига тушди.

Халққа мурожаат қилар экан, Президентимиз ҳам давлат раҳбари, ҳам оддий инсон сифатида пандемиянинг мисли кўрилмаган таъсирини бошқалардан кўра чуқур англайди, инсонни бой бериб қўймаслик, оила боқувчисини асраб қолиш, келажак авлодларга обод ва бой давлатни мерос қилиб қолдириш ҳар қачонгидан кўра кун тартибига чиқди.

Президентимиз юзага келган вазиятни тўғри тушуниб, олиб борилаётган сиёсатимизни фаол қўллаб-қувватлаётган халқимизга раҳмат айтиш билан бирга, жонини гаровга қўйиб пандемия билан курашда олдинги сафларда чинакам жасорат ва матонат кўрсатаётган жонкуяр ва олижаноб шифокорларимизга чуқур миннатдорлик билдирди.

Шубҳасиз, коронавирус тарқаб кетмаслиги учун давлат барча чораларни кўради. Далатимиз раҳбари ҳар биримизнинг ҳаётимиз ва саломатлигимиз учун оталарча қайғурар экан, қанча огоҳлантириш ва тушунтириш ишларига қарамай, жойларда карантин қоидалари бузилаётганлиги, айрим шахслар пандемия балосининг кўлами, унинг аянчли оқибатлари, давлат ва жамият инқирози кўлами ҳақида тор ўйлаётгани, карантин қоидаларини очиқдан очиқ бузаётгани каби ҳолатларни изтироб ва афсус билан қайд этиб ўтди.

Мурожаатда Президентимиз қадимий урф-одатларимизга қатъий риоя этишимиз, хусусан, азал-азалдан мавжуд – қўлини кўксига қўйиб саломлашиш, уйга меҳмон келганда қўлга сув қуйиш, жамоат жойларида масофани ушлаш, мева-сабзавотларни кўп истеъмол қилиш каби урфларимизни янада мустаҳкамлаш лозимлигин ҳам эсга олди. Бундан ташқари, ҳар қандай қийинчиликка қарамасдан, ўз хизмат бурчини виждонан бажараётганларга миннатдорлик билдирар экан, аҳоли ўртасида ваҳима ва саросима гаплар тарқалишига асло йўл қўймаслик лозимлиги ҳам эслатиб ўтилди. Бундай бало хонадонларимиз тоза, озода, ўзимиз ҳам руҳан, ҳам жисмонан пок, сабр-тоқат билан оила бағрида бўлгандагина даф бўлиши мумкин. Шу ўринда кўпни кўрган, ҳар қандай қийичинликларни мардонавор енгиб ўтган нуроний оталаримиз, мунис оналаримиз ўз жонкуярлиги, сабр-бардоши, эзгу дуолари билан барчага ибрат бўладилар, деб ишонч билдирди, давлат раҳбари.

Касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун энг аввало ўзимиз масъул эканлигимиз таъкидланар экан, бунинг учун инсонга катта ақл ёки билим керак эмас, ахир. Шу ўринда “эй инсон жонинг сенга керак, нега унинг қадрига етмаяпсан, оила аъзоларингда қасдинг борми”, дегинг келади.

Бугун мамлакатимизда қарийб 8 миллиондан ортиқ мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, мактаб ўқувчилари ва талабалар ўйда ўтиришибди. Улар ўз вақтида билим олишлари учун барча имкониятлар қидирилаяпти. Шунга кўра, Президентимиз “Азиз фарзандларим, уйда вақтингизни бекор ўтказманг! Онлайн дарсларни қунт билан ўзлаштиринг. Китоб ўқинг, билимингизни оширинг, бадантарбия ва жисмоний машқларни бир кун ҳам қолдирманг”, деб оталарча ғамхўрлик ва ишонч билан фарзандларимизга алоҳида мурожаат қилди. Бежизга, Қуръони Каримнинг 7-Аъроф сурасининг 52-оятида “…Биз уларга илм ила муфассал қилинган, иймон келтирган қавм учун ҳидоят ва раҳмат бўлган китобни келтирдик”, 17-Исро сурасининг 14-оятида “Китобингни ўқи, бугунги кунда сен ўзингга ўзинг ҳисобчиликка кифоя қилурсан (дейилур)”, деб айтилмаган. Бугун ҳар биримиз уйда қолиб мустақил илм олиш орқали ибодат қилаяпмиз.

Мурожаатда пандемияни тўхтатиш учун бутун дунё халқлари қатори биз ҳам жиддий изланишдамиз. Одамларимиз даромадлари камайиб кетмаслиги учун, корхоналаримиз барқарор ишлаши учун барча режаларни кўраяпмиз, деб алоҳида урғу берилди.

Президентимиз жорий йилнинг 19 март куни пандемиянинг иқтисодиётимизга салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида қабул қилинган фармон ҳақида эслар экан, шундай қийин вазиятда иқтисодиётимизни, тадбиркорларни фаол қўллаб-қувватлаш, қанчалик мураккаб бўлмасин, бюджетдан катта харажатларни талаб этмасин, қўшимча чораларни кўришга қарор қилганини таъкидлаб ўтди.

Президентимиз фермер ва деҳқонларимиз, тадбиркорларимиз олдида ўта муҳим вазифалар тургани, кундалик юмушларни хавфсизлик ва санитария қоидаларига тўла амал қилган ҳолда давом эттиришимиз, бугун йўқотган имкониятларимизни эртага тиклаш қийин бўлиши, вақтни эса орқага қайтариб бўлмаслиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари катта ишонч ва самимият билан кўпга келган ва жаҳон аҳли азият чекаётган бу қийин кунларнинг ўтиб кетиши, буюк ва танти халқимиз кўп асрлик тарихида не-не бало-қазоларни, урушлар ва очарчиликларни мардонавор енгиб ўтгани, ҳаммамиз янада жипслашиб, сабр-матонатли бўлсак, шифокорлар тавсияларига тўлиқ амал қилсак, албатта, бу касалликни тезроқ енгиб ўтишимизга ишонч билдирди.

Биздан бугунги оғир кунларда фақат сабр-тоқат қилиш, соғлигимизни сақлаш, илм олиш, ибодат қилиш, ўзлигимизни англаш, ўзимизни ва атрофимиздагиларни асраш, энг асосийси, ИНСОН деган номга муносиб бўлишимиз талаб этилади, холос.

Бобоқул Тошев,

Юристлар малакасини ошириш маркази кафедра мудири,

юридик фанлар доктори