+998 71 200 02 35

Асоссиз бойлик орттириш деганда нима тушунилади?

01.06.2020 4560

Янги таҳрирдаги Фуқаролик кодекси лойиҳасига муносабат

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида миллий давлатчилик ва суверенитетни мустаҳкамлаш, жамиятда қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда фуқаролар бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратилди.

Иқтисодиётда маъмурий-буйруқбозликка воз кечилиб, бозор ислоҳотлари ўтилиши ҳамда пухта ўйлаб олиб борилган макроиқтисодий сиёсат мамлакатда тадбиркорликни ривожлантириш учун кенг имкониятлар ва қулай шароитлар яратилишига хизмат қилмоқда.

Ижтимоий-иқтисодий муносабатлар тизимида ўзгаришлар юзага келаётган долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, амалдаги қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш асосида қонунчиликни жамиятда содир бўлаётган жараёнларга мос равишда такомиллаштиришни талаб этади.

Шу боис Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегиясида қонунчилигини такомиллаштириш муҳим устувор йўналишлар вазифаларидан бири сифатида белгилаб қўйилди. Фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солишнинг энг муҳим қоидаларини белгиловчи кодификация қилинган қонун ҳужжати бўлган Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси фуқаролик қонунчилиги ҳужжатлари тизимида марказий ўринни эгаллайди.

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик Кодекси (ФК) (1995 йил 21 декабрдаги 163-1-сонли, 1996 йил 29 августдаги 257-1- сонли қонунлар билан тасдиқланган) 1997 йил 1 январдан амалга киритилган. Ушбу даврдан буён ФК жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий муносабатлар тизимини тартибга солувчи муҳим қонун ҳужжати сифатида амалиётда қўлланилиб келинмоқда.

Қонунчилигини такомиллаштириш зарурияти

Мамлакатимизда иқтисодий-ижтимоий соҳаларда кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар иқтисодиётни глобаллашув жараёнлари тезлашишига сабаб бўлди.

Ўзбекистон Республикаси ривожланишининг янги босқичи иқтисодиётни янада либераллаштириш, иқтисодий муносабатларни тартибга солишда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулк кафолатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, тадбиркорликнинг ривожланишини рағбатлантириш ва хорижий инвестицияларни фаол жалб этишни талаб этмоқда. Ушбу вазифаларни бажариш учун эса эркин бозор иқтисодиёти ва илғор халқаро стандартлар талабларига жавоб берадиган, тўғридан-тўғри амал қиладиган замонавий фуқаролик қонунчилигини шакллантириш зарур.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ 5464-сонли Фармонида:

фуқаролик қонунчилиги нормаларини тизимлаштириш ва унификация қилиш, уларнинг энг намунали хорижий амалиётлар билан уйғунлигини таъминлаш, шунингдек, ушбу соҳада илғор халқаро стандартларни имплементация қилиш;

хусусий мулкнинг дахлсизлиги кафолатларини таъминлайдиган, жисмоний ва юридик шахсларнинг, айниқса тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қиладиган самарали фуқаролик-ҳуқуқий механизмларни белгилаш

оммавий ва фуқаролик ҳуқуқ нормаларини аниқ чегаралаш, иқтисодиётни бошқаришда маъмурий-буйруқбозлик тамойилларига асосланган, ўз аҳамиятини йўқотган ва эскириб қолган қоидаларни чиқариб ташлаш;

давлат-хусусий шериклиги, кластерлик ишлаб чиқариши, электрон тижорат, крипто-валюта айланмаси, ер участкаларини хусусийлаштириш, улушли қурилиш ва бошқа замонавий фуқаролик-ҳуқуқий институтлар ва иқтисодий муносабатлар шаклларини ҳуқуқий тартибга солишни таъминлаш асосий устувор вазифалар этиб белгиланди. .

Ушбу Фармон ижросини таъминлаш мақсадида, ҳозирда Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг янги таҳрири лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Мақола доирасида мажбурият тушунчаси, унинг мазмуни, фуқаролик қонунчилигида назарда тутилаётган ўзгаришлар аҳамияти тўғрисидаги фикрларимиз билан ўқувчилар билан ўртоқлашмоқчимиз.

Мажбурият фуқаролик ҳуқуқий муносабатларининг муҳим аҳамиятга эга ҳуқуқ тури ҳисобланади. Мажбуриятнинг тарафлари жуда кенг ва турли туманлиги билан характерланади, чунки мажбуриятнинг ўзига хос хусусиятлари мавжуд. Ушбу ўзига хос хусусиятлар мажбуриятни фуқаролик-ҳуқуқий институтларидан фарқланади.

Қонунчиликда назарда тутилаётган янгилик

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексида 257-моддаси мажбурият тушунчаси ва унинг вужудга келиш асосларига бағишланади. Ушбу моддада таклиф этилаётган янги таъриф мазмуни “Мажбурият-фуқаролик ҳуқуқий муносабати бўлиб, унга асосан бир шахс (қарздор) бошқа шахс (кредитор) фойдасига муайян ҳаракатни амалга оширишга, чунончи: мол-мулкни топшириш, ишни бажариш, хизматлар кўрсатиш, пул тўлаш ва ҳоказо ёки муайян ҳаракатдан ўзини сақлашга мажбур бўлади, кредитор эса — қарздордан ўзининг мажбуриятларини бажаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида, асоссиз бойлик орттириш оқибатида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади“ дан иборат.

Амалдаги мажбурият тушунчасидан фарқли равишда лойиҳада мажбуриятнинг келиб чиқиш сабабли «асоссиз бойлик орттириш оқибатида» юзага келиши мумкинлиги тўғрисидаги қўшимча билан тўлдирилмоқда.

Асоссиз бойлик орттириш деганда нима тушунилади?

Асоссиз бойлик орттириш қонун ҳужжатларида таъқиқланадиган ҳолат бўлиб, лекин у кундалик ҳаётимизда учраб турадиган амалиёт ҳисобланади. Асоссиз орттирилган бойлик бошқа шахс жабрланувчи ёки даъвогар ҳисобидан мол-мулкни эгаллаб олинган ёхуд мулкни тежаб қолиш эвазига уни қўлга киритувчи шахс томонидан орттирилган бойлик ҳисобланади.

Жамиятда ҳаётимиз ва иқтисодиётнинг рақамлашиб бориши барчани янги технологиялардан фойдаланиш билан боғлиқ фуқаролик ҳуқуқий муносабатлари иштирокчисига айлантирди. Электрон тўлов тизими орқали мобил телефон ёки бошқа турдаги хизматлар учун тўловни амалга ошириш жараёнида бирор рақамни нотўғри ишлатиб, тўлов амалга оширилиши шахсга асоссиз бойлик орттиришига сабаб бўлади.

Мулкни тежаш ҳисобига орттириладиган бойлик кредитор мулкини ишлатиш натижасида тежалган мулкка эгалик қилиш оқибатида олинади. Масалан, қурилиш ташкилоти буюртмачи материаллари ҳисобидан қурилиш ишларини амалга оширган тақдирда, бажарилган иш учун сарфланган буюртмачининг қурилиш материалларини тежаб қолиб, уни буюртмачига қайтармаган мулк қурилиш ташкилоти томонидан асоссиз орттирилган бойлик ҳисобланади.

Худди шунингдек қуйидаги ҳам асоссиз бойлик орттириш ҳолатлари ҳисобланади:

уйни харид қилиш бўйича оғзаки дастлабки келишув асосида берилган закалат пули, оғзаки келишув бўйича қарз берилган, аммо қарз олувчи маблағни қайтармаган ҳолат;

кўча юзидаги шахсий уй ёки корхона биносига келишувсиз, рухсатсиз реклама баннерини ўрнатиб хизмат ёхуд маҳсулот реклама қилиш;

солиқ бўйича нотўғри имтиёз қўллаш эвазига олинган даромад;

бюджет олдида мажбурият йўқ солиқ тўловчининг солиқ бўйича тўланган ортиқча тўлови.

Маълумки, амалдаги ФКнинг 182-моддаси талабига кўра мулк ҳуқуқининг вужудга келиш асослари меҳнат фаолияти; мол-мулкдан фойдаланиш соҳасидаги тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти каби асосларидан иборат ҳисобланади. Жисмоний ёки юридик шахс қонунчиликда белгиланган ушбу асосларга кўра мулкка эгалик ҳуқуқини олган. Лекин вақт ўтгандан сўнг ушбу асослар суд тартибида бекор қилинган тақдирда, унинг эгалловчиси асоссиз орттирилган бойлик субъекти ва олинган мулк эса асоссиз орттирилган бойлик ҳисобланади.

Асоссиз орттирилган бойлик боғлиқ муносабатлар қандай тартибга солинади?

Асоссиз орттирилган бойликни эгасига қайтариш барча давлатлар қонунчилигида белгиланган меъёр ҳисобланади. Масалага баҳо бериш учун меъёрларни таққослаб баҳолаш мақсадида ушбу тоифадаги муносабатлар ва уларни тартибга солиш бўйича Россия Федерацияси ҳамда Қозоғистон Республикаси ФКларининг мавзуга оид ҳуқуқий меъёрлари билан қисқача танишиб чиқамиз.

Россия Федерацияси ФК 314-моддаси талабига кўра асоссиз бойлик унинг қонуний эгасига бойлик олингани маълум бўлган кундан сўнг 7 кунлик муддатда қайтарилиши зарур. Россия ФКнинг 1102-моддаси асоссиз бойлик орттирган шахс зиммасига уни эгасига қайтариш мажбуриятини юклайди.

Қозоғистон Республикаси ФКда белгиланган меъёрларга мувофиқ мулк ёки жамғарма бошқа шахс ҳисобидан олинган, унинг ҳуқуқий асоси бўлмаган ва унинг олувчисида мулк ёки жамғармага эгалик қилиш қасддан амалга оширилмаган ҳолатларда олинган бўлса, асоссиз орттирилган бойлик, деб эътироф этилади.

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги ФКси 1023-1030-моддалари «Асоссиз бойлик орттириш оқибатида келиб чиқадиган мажбуриятлар» билан боғлиқ фуқаролик муносабатларини тартибга солишга бағишланган. ФКнинг 1023-моддаси асоссиз орттирилган бойликни олган шахсга бойликни (мулк қийматини) жабрланувчига қайтариб бериши мажбуриятини юклайди. Ушбу талаб асоссиз бойлик орттириш уни қўлга киритувчи томонидан, бойлик орттириш жабрланувчи, учинчи шахслар хулқ-атвори натижаси бўлганлиги ёки уларнинг иродасидан ташқари содир бўлганлигидан қатъи назар бойликни эгасига қайтаришни назарда тутади.

Шу билан бирга фуқаролик қонунчилигида асоссиз орттирилган бойлик қандай ҳолларда унинг эгасига қайтарилмаслиги мумкинлиги ҳам белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 1030-моддаси талабига кўра қуйидаги ҳолатлар асоссиз орттирилган бойликлар унинг эгасига қайтарилмайди:

ижро этиш муддати тўлгунга қадар мажбуриятни бажариш юзасидан топширилган мол-мулк, агар мажбуриятда бошқача ҳол назарда тутилмаган бўлса;

даъво муддати ўтганидан кейин мажбуриятни бажариш юзасидан топширилган мол-мулк;

иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, пенсиялар, нафақалар, стипендиялар, ҳаёт ёки соғлиққа етказилган зарар товони, алиментлар ва фуқарога турмуш кечириш воситаси сифатида берилган бошқа пул маблағлари, унинг томонидан виждонсизлик қилинмаганда ва ҳисоб-китобда хатолар бўлмаганда;

мавжуд бўлмаган мажбуриятни бажариш учун берилган пул суммалари ва бошқа мол-мулк, агар қўлга киритувчи мол-мулкни қайтаришни талаб қилаётган шахснинг мажбурият йўқлигини билганлигини ёхуд мол-мулкни хайрия мақсадларида берганлигини исботласа.

Худди шу каби Россия Федерацияси ва Қозоғистон Республикаси фуқаролик қонун ҳужжатларида ҳам асоссиз орттирилган бойликни қайтарилмайдиган турлари ва шартлари белгилаб қўйилган.

Муносабат:

Мажбурият тушунчасига Россия Федерацияси (307-м.) ва Қозоғистон Республикаси (268-м.) ФКларида қуйидаги мазмундаги қарийб бир хил “Мажбурият —бир шахс (қарздор) бошқа шахс (кредитор) фойдасига муайян ҳаракатни амалга оширишга, чунончи: мол-мулкни топшириш, ишни бажариш, хизматлар кўрсатиш, пул тўлаш ва ҳоказо ёки муайян ҳаракатдан ўзини тийишга мажбур бўлади, кредитор эса- қарздордан ўзининг мажбуриятларини бажаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга”, деган таърифни беради.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодекси лойиҳасида мажбурият тушунчасини таърифи таҳлили, биринчидан фуқаролик-ҳуқуқий муносабати аҳамиятини тўлиқ англашга хизмат қилишидан далолат беради. Иккинчидан, мажбурият муносабатлари тарафлари бўлган кредитор ва қарздор тушунчалари мазмуни ҳамда улар томонидан бажарилиши зарур бўлган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик таркибини аниқ ифодалашга қаратилган такомиллашган ҳуқуқий атамани белгилаб бермоқда.

Ушбу таърифда мажбуриятлар бўйича амалга ошириладиган ҳаракатлар тизимида келтирилган «пул тўлаш» ибораси тор маънони англатади. Ушбу ибора эътибор берадиган бўлсак, Россия ва Қозоғистон ФКда берилган таърифларда ҳам қўлланилган.

Аммо кредитор томонидан бажарилган иш, кўрсатилган хизмат ва етказиб берилган маҳсулот учун, қарздор кредиторнинг маҳсулоти (иш, хизмати) учун тўловни фақат пул тўлаш усулидан ташқари, қонунчиликда мавжуд бўлган пульсиз тартибда амалга ошириладиган ҳисоб-китоб қилиш усуллари билан ҳам амалга оширилиши мумкин.

Масалан, кредитор ва қарздор ўртасидаги мажбуриятни бажариш суд қарорига асосан қарздорнинг мол-мулкига қаратилиши мумкин. Мажбурият тушунчасига бериладиган таърифда «пул тўлаш» жумласининг қўлланилиши оқибатида қонун ҳужжатлари билан ҳисоб-китоб қилиш учун рухсат этилган бошқа тўлов турларидан мажбуриятни бажариш учун фойдаланишни чеклаб қўяди.

Шу сабабли фикримизча, мажбурият тушунчасига Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги ФКда таклиф этилаётган таърифдаги «пул тўлаш» жумласини «ҳисоб-китоб қилиш» мазмундаги жумла билан ўзгартириш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз. Ушбу таклифни қабул қилиниши натижасида таърифдаги мажбуриятни бажариш бўйича амалга ошириладиган ҳаракатлар мазмуни аниқлашади ва юқорида қайд этилган ҳолатларни олди олинади.

Боҳодир Исроилов, 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги 

Юристлар малакасини ошириш маркази профессори