+998 71 200 02 35

Тошкентда II Халқаро юридик форумга тайёргарлик бошланди

22.01.2020 3413

2020 йилнинг 23-25 апрель кунлари Тошкент шаҳрида “Tashkent Law Spring” II Халқаро юридик форуми бўлиб ўтади.

Форум Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ҳамкор ташкилотлар иштирокида иккинчи маротаба ташкил этилмоқда.

Маълумот учун: “Tashkent Law Spring” Халқаро юридик форуми илк маротаба 2019 йилнинг апрель ойида ташкил этилди. Унда 1 200 нафардан ортиқ ҳуқуқшунос ва бошқа соҳалар мутахассислари иштирок этиб, улардан 250 нафари 40 дан зиёд мамлакатдан ташриф буюрган хорижий иштирокчилардир. Форум сессияларида умумий ҳисобда 134 нафар, шундан 100 нафар хорижлик экспертлар маъруза қилдилар, Форум доирасида 12 та ҳамкорлик бўйича битим ва меморандумлар имзоланди. Форум тадбирлари 100 га яқин маҳаллий ва хорижий ОАВ лар томонидан ёритилди.

 

2019 йилда ўтказилган Халқаро юридик форум ҳам маҳаллий, ҳам хорижий мутахассислар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олингани ташкилотчиларни тадбирни 2020 йилда ҳам ташкил қилишга ундади.

 

Бугунги кунда, IT-технологияларнинг инсон ҳаётида кенг ўрин эгаллаши, глобаллашувнинг кучайиши ва Интернет жаҳон ахборот тармоғининг кенгайиши ҳуқуқ соҳаларига ҳам бевосита таъсир ўтказаётганини, ушбу масалаларни ҳуқуқий тартибга солиш муҳим эканлигини инобатга олиб, II Халқаро юридик форумнинг бош мавзуси “Ҳуқуқ 4.0” деб номланди ҳамда мунозара сессиялари мавзулари асосан Тўртинчи саноат инқилоби шароитида ҳуқуқнинг ўрнига бағишланади.

Шу билан бирга, Форум тадбирлари давомида медиация, арбитраж, адвокатура, корпоратив бошқарув, қимматли қоғозлар, интеллектуал мулк, давлат хусусий шериклик, коррупцияга қарши кураш ва комплаенс, монополияга қарши кураш, ҳуқуқий таълим ва фан ва бошқа кўплаб долзарб мавзулар муҳокама қилинади.

Форумда Ўзбекистон ва бир қатор хорижий мамлакатлар адлия вазирлари, суд ва бошқа давлат органлари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар, дунёнинг етакчи юридик ва консалтинг фирмалари вакиллари, адвокатлар, юриспруденция, иқтисодиёт соҳаларидаги таниқли олимлар, мутахассислар ва экспертларнинг иштирок этиши кутилмоқда.

Тадбир қатнашчилари 20 га яқин мунозара сессиялари, давра суҳбатлари, мастер-класс ва тақдимотларда иштирок этишлари, халқаро даражадаги ва миллий экспертлар лекцияларини тинглаш имкониятига эга бўладилар.

Форум тадбирлари ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилади.

Форумда иштирок этишни ҳоҳловчилар http://tashkentlawspring.uz сайти орқали онлайн рўйхатдан ўтишлари мумкин.

Форумни ёритиш истагида бўлган хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакилларининг аккредитацияси 2020-йилнинг
1-мартидан бошланади ва 15-апрелида тўхтатилади.

Форум ҳақида батафсил маълумотларни http://tashkentlawspring.uz  сайти ёки (+99871) 268-28-41, (+99871) 268-28-43 телефон рақамлари орқали олиш мумкин.

 P.S. Халқаро ва маҳаллий тижорат ва нотижорат ташкилотлари Форум доирасида ҳомийлик ёки ҳамкорлик қилишлари мумкин. Ҳомийлик ва ҳамкорлик масалалари бўйича алоқа:

электрон манзил: sponsorship@tashkentlawspring.uz;

телефон: (+99871) 268 29 11.