+998 71 200 02 35

Фуқаролик кодексида юридик шахсларнинг ҳуқуқий мақомига оид нормалар ҳам янгиланиши керак

22.06.2020 3564

1995 йилда қабул қилинган амалдаги Фуқаролик кодексимиз бугунги кун талабларидан орқада қолмоқда. Масалан, кодекснинг 39-моддасида юридик шахс тушунчаси берилган бўлиб, унга кўра: “Ўз мулкида, хўжалик юритишида ёки оператив бошқарувида алоҳида мол-мулкка эга бўлган ҳамда ўз мажбуриятлари юзасидан ушбу мол-мулк билан жавоб берадиган, ўз номидан мулкий ёки шахсий номулкий ҳуқуқларга эга бўла оладиган ва уларни амалга ошира оладиган, мажбуриятларни бажара оладиган, судда даъвогар ва жавобгар бўла оладиган ташкилот юридик шахс ҳисобланади. Юридик шахслар мустақил баланс ёки сметага эга бўлишлари керак” дейилган. Ушбу тушунчага ўтган 25 йил давомида Фуқаролик кодексидаги юридик шахслар фаолиятига оид  нормаларга бирорта ҳам жиддий ўзгартиш ёки қўшимчалар киритилмаган.

Шу муносабат билан  Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Фуқаролик кодекси лойиҳасига юридик шахсларнинг ҳуқуқий мақоми билан боғлиқ жиддий янгиликлар киритиш зарурати мавжуд. Таклиф этилаётган Фуқаролик кодекси лойиҳасида (49-м.) юридик шахс тушунчаси бирмунча кенгроқ таҳрирда баён этилган. Бироқ  лойиҳада юридик шахсга берилган таъриф ҳам назаримизда янада тўлдирилиши жоиз, чунки янги берилган таърифда юридик шахсларнинг электрон манзили, QR коди, давлат органлари ва бошқа юридик шахслар билан ўзаро муносабатларида электрон ҳужжат алмашуви тартибларини белгиловчи қоидалар бугунги рақамли иқтисодиёт шароитида муҳим бўлган қўшимча реквизитлар билан тўлдирилишни тақозо этади.

Фуқаролик кодекси лойиҳасининг 50-моддаси 2-қисмида келтириб ўтилган юридик шахслар турларини “холдинг”,“ассоциация” ва “хорижий корпорация”  каби юридик шахслар турлари билан тўлдиришни тавсия қилган бўлардик. Масалан, Франция қонунчилигида юридик шахсларнинг “ассоциация”, Германия қонунчилигида эса “иттифоқ”, АҚШ қонунчилигида эса “хорижий корпорация”   деган турлари мавжуд. Ўзбекистонда ҳам турли “ассоциация” (масалан, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, республика Судьялар ассоциацияси ва ҳ.к.) ёки “иттифоқ” ( Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи) каби ташкилотлар мавжуд. Ундан ташқари, кейинги йилларда мамлакатимиз иқтисодиётига киритилаётган хорижий инвестициялар кўлами йилга-йилга ошиб бормоқда. Бундай вазиятда Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритаётган хорижий компания ва корпорацияларнинг ҳам сони ҳам кун сайин ошиб бормоқда. Аммо уларнинг ҳуқуқий мақоми фуқаролик қонунчилиги эътиборидан четда қолмаслиги лозим. Фикримизча, янги Фуқаролик кодексининг 50-моддасига “хорижий корпорация”, “ассоциация”, “иттифоқ” каби  тушунчаларини ҳам киритиш жоиз.

Кодек лойиҳасининг 52-моддасини  хорижий тажрибадан келиб  чиқиб, юридик шахсларнинг муомала лаёқатини умумий ва махсус турларга ажратиш мақсадга мувофиқ. Чунки бундай ажратиш Европа Иттифоқининг бир қатор мамлакатлари амалиётида (Швейцария, ГФР, Франция) ва АҚШ қонунчилигида мавжуд бўлиб, улар анча самарали ҳисобланади. Умумий лаёқат юридик шахс жисмоний шахс билан фуқаролик ҳуқуқий муносабатларга киришганда юзага келади. Махсус муомала лаёқатида эса юридик шахс фақат ўз Низомида келтирилган ҳуқуқий муносабатлар доирасидан четга чиқишга ҳақли эмас. Ўзбекистонда ҳозирги пайтда  мавжуд қонун ҳужжатларига биноан давлат ва хусусий шериклик муносабатларига  киришиш асосида юридик шахс ташкил этишга расман рухсат этилганда, юридик шахсларни умумий ва махсус муомала лаёқатига ажратиш тартибини уларнинг таъсис ҳужжатларига ва ушбу кодекс лойиҳасига киритиш айни муддао бўларди.

АҚШ, Германия, Франция мамлакатлари қонунчилигида юридик шахсларнинг “акционер коммандит” тури кўп учрайди. Чунки бу тоифадаги юридик шахслар фақат акциядорларнинг маблағи билан чекланмай, ташкилотнинг ривожланишига четдан ҳам маблағ жалб қилиш имкониятини беради (масалан, банкдан кредит олиш, облигациялар чиқариш). Юридик шахснинг бу шакли, айниқса, Францияда оммалашган, жумладан, Франциянинг “Mishlen” фирмаси ёки “Козино” универсамлар тизими бутун дунёга машҳур, шу муносабат билан лойиҳанинг 73-моддасини янги 6 банд билан тўлдириб, уни “акциядор коммандит” тушунчаси билан тўлдириш лозим.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси лойиҳасида юридик шахслар мақоми умумлаштирилган ҳолда кенг мазмунда очиб берилган (масалан, юридик шахслар тўғрисидаги умумий қоидалар,тижорат ташкилотлари, кооперативлар, ширкатлар ва бошқалар). Бундан ташқари, юридик шахсларнинг бошқа шакллари акциядорлик жамияти, маъсулияти чекланган жамият, хусусий кархона каби бир нечта турлари бошқа махсус қонунлар билан ҳам тартибга солинади. Муҳими, ушбу қонунлар Фуқаролик кодекси нормалари талабларига зид келмаслиги керак. Қолаверса, Фуқаролик кодекси лойиҳасидаги юридик шахсларнинг ҳуқуқий мақомининг ўзгартирилиши, унинг жиддий кенгайишига олиб келади.

Ғайбулла АЛИМОВ,
Адлия вазирлиги қошидаги
Юристлар малакасини ошириш маркази кафедра мудири,ю.ф.н