+998 71 200 02 35

Янги меҳнат кодекси асосида меҳнат шартномаларини тузишнинг ўзига хос жиҳатлари

17.02.2023 6479

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2022 йил 28-октябрда “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонунни имзолади.

Мазкур Қонуннинг 1-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси тасдиқланди. Ушбу Қонуннинг кучга кириш санаси 2023 йил 30-апрель деб белгиланди.

Янги меҳнат кодекси таркибий тузилиши жиҳатдан такомиллашганлигини кўриш мумкин. Мисол учун амалдаги меҳнат кодекси 294 та моддани ўз ичига олган бўлса, янги меҳнат кодекси 581-моддадан иборатдир.

Шу ўринда янги қонунни ўрганиш борасида меҳнат қонунчилигининг меҳнат шартномаларини тузишга бағишланган ҳуқуқий меъёрларига эътиборни қаратсак, амалдаги меҳнат кодексига нисбатан янги меҳнат кодексининг афзалликларини кўриш мумкин.

Шу билан бирга қиёсий таҳлил қилишдан кўринадики, амалдаги меҳнат кодексида учраётган бўшлиқларни тўлдирилганлиги янги кодексда ўз аксини топган. 

Амалдаги меҳнат кодексининг   меҳнат шартномасига бағишланган 6-бобининг меҳнат шартномасини тузиш деб аталган 2-§ параграфи 11та моддадан иборатдир.

Янги меҳнат кодексининг эса, меҳнат шартномасига оид 12-бобининг меҳнат шартномасини тузиш деб номланган 2-§ параграфи 15та моддани ташкил этади.

Қабул қилинган янги меҳнат кодексида амалдаги кодексдан фарқли равишда ишга қабул қилиш босқичлари (122-модда), Ишга қабул қилиш чоғидаги таништириш тартиб-таомили (123-модда), меҳнат шартномаси шартлари бўйича тарафларнинг келишувга эришиши ва шартноманинг имзоланиши (126-модда), иш берувчи томонидан ходимни ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқариши ҳамда ишга қабул қилиш ҳақидаги маълумотларни ходимнинг меҳнат дафтарчасига ва «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексига киритиш (127-модда), ходимни ҳақиқатда ишга қўйиш (128-модда) ларни янгилик сифатида кўриш мумкин.

Янги меҳнат кодексида ишга қабул қилиш чоғидаги таништириш тартиб-таомилини, меҳнат шартномаси шартлари бўйича тарафларнинг келишувга эришишини ҳамда шартномани ходим ва иш берувчи томонидан имзолашни, иш берувчи томонидан ходимни ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ қабул қилишни ҳамда ишга қабул қилиш ҳақидаги маълумотларни ходимнинг меҳнат дафтарчасига ва «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексига киритишни ишга қабул қилиш босқичлари деб белгиланган.

Ишга қабул қилиш чоғида иш берувчи ишга кираётган шахсни олдиндан қайси ишни бажариш учун ишга қабул қилинаётган бўлса, ўша ишнинг мазмуни, меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган иш бажариладиган меҳнат шароитлари, ички меҳнат тартиби қоидалари, жамоа шартномаси, унинг меҳнат фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган бошқа ички ҳужжатлар билан таништириши шарт.

Иш берувчи ўз касбий ва ишчанлик сифатлари бўйича тегишли ишни бажариш учун зарур бўлган малака талабларига мувофиқ келадиган ходимни танлаб олиш мақсадида ишга кираётган шахслар билан суҳбатлар ўтказишга ҳақлидир.

Шунингдек, иш берувчи касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра у томонидан тасдиқланадиган низом асосида ёхуд, агар танлов асосида саралаш ва унинг тартиби қонунчиликда белгиланган бўлса, ишга қабул қилишнинг танловга оид тартибини назарда тутади.

Иш берувчиларга амалий ёрдам кўрсатиш учун Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ишга қабул қилиш чоғида танлов ўтказиш тўғрисидаги намунавий низомни Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси билан келишган ҳолда тасдиқлайди.

Шу билан бирга иш берувчи меҳнат шартномасини тузишдан олдин қонунчиликда айрим тоифадаги ходимларни ишга қабул қилиш учун танловга оид тартиб белгиланган ҳолларда танлов ўтказиш шарт.

Меҳнат шартномаси имзолангунга қадар ишга қабул қилиш чоғида ишга кираётган шахс олдиндан иш берувчига паспортни ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжатни ёхуд идентификацияловчи ID картани, ўн олти ёшгача бўлган шахслар эса туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани ёки идентификацияловчи ID картани, охирги иш жойи бўйича тасдиқланган қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчасини ёки электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирмани, ўриндошлик асосида ишга кираётган шахслар меҳнат дафтарчасининг ўрнига асосий иш жойидан олинган белгиланган намунадаги маълумотномани тақдим этади.

Шунингдек, ҳарбий хизматга мажбурлар ёки чақирилувчилар учун тегишинча ҳарбий гувоҳномани ёки ҳарбий ҳисобда турганлик ҳақидаги гувоҳномани, олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълим ташкилотини тамомлаганлиги тўғрисидаги дипломни, қайси ишни бажариш учун фақат махсус маълумотга ёки махсус тайёргарликка эга бўлган шахслар қўйилиши мумкин бўлса, ўша ишга кириш чоғида ушбу ишни бажариш ҳуқуқига доир гувоҳномани (сертификатни) ёхуд бошқа тегишли ҳужжатни, солиқ тўловчининг идентификация рақамини, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини, жамғариб бориладиган пенсия дафтарчасини,  ишга қабул қилиш чоғида талаб этиладиган ҳужжатларни ҳам тақдим этиши керак.

Иш берувчи биринчи марта ишга кирган, беш кундан ортиқ ишлаган шахсларга ва қонунчиликда ўзига нисбатан меҳнат дафтарчаларини юритиш назарда тутилмаган илгари ишлаган шахсларга меҳнат дафтарчасини расмийлаштириши, илгари жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобда турмаган ходимларни бундай ҳисобга қўйиш учун чоралар кўриши шарт.

Ишга қабул қилиш чоғида ишга кираётган шахсдан Меҳнат кодексида, шунингдек бошқа қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.

Ишга кираётган шахс иш берувчи томонидан ўтказиладиган суҳбатда иштирок этиши, ишга қабул қилиш чоғида ўтказиладиган танловда иштирок этиши шарт. Иш берувчи эса, танлов ўтказиладиган сана ҳақида тегишли ишга  кираётган шахсга камида бир ҳафта олдин хабар қилади.

Агар тарафлар меҳнат шартномасининг барча мажбурий ва қўшимча шартлари бўйича келишувга эришган ҳамда меҳнат шартномасини имзолаган бўлса, ушбу шартнома тузилган деб ҳисобланади.

Меҳнат шартномаси бир хил кучга эга бўлган камида икки нусхада ёзма шаклда тузилиб, уларнинг ҳар бири тарафлар томонидан имзоланади, унинг ҳар бир нусхаси ходимнинг ва ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахснинг имзолари билан мустаҳкамланади, бир нусхаси ходимга берилади, бошқаси иш берувчида сақланади. Меҳнат шартномасининг нусхаси ходим томонидан олинганлиги иш берувчида сақланадиган меҳнат шартномаси нусхасидаги ходим меҳнат шартномасининг нусхасини олганлиги тўғрисидаги алоҳида имзоси билан тасдиқланади.

Меҳнат шартномасида шартноманинг тузилган санаси ва жойи, рақами ва унинг тарафларининг реквизитлари кўрсатилади.

Ходимнинг меҳнат шартномасида фамилияси, исми ва отасининг исми, шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар, яшаш ёки турган жойининг манзили ва у билан боғланишга доир маълумотлар, солиқ тўловчининг идентификация рақами, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами, шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағи рақами кўрсатилади.

Иш берувчининг меҳнат шартномасида унинг номи: ташкилотнинг номи, агар иш берувчи ташкилотнинг алоҳида бўлинмаси бўлса, — ушбу бўлинманинг номи, иш берувчи жисмоний шахс бўлган ҳолларда, — жисмоний шахс бўлган иш берувчининг фамилияси, исми, отасининг исми ва паспорт маълумотлари (идентификацияловчи ID-картаси маълумотлари), якка тартибдаги тадбиркор бўлган иш берувчи учун эса унинг фамилияси, исми, отасининг исми, паспорт маълумотлари (идентификацияловчи ID-картаси маълумотлари), шунингдек давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг рақами ва берилган санаси, меҳнат шартномасини имзолаган вакили ҳақидаги маълумотлар ва, агар ташкилот ёки унинг алоҳида бўлинмаси иш берувчи бўлса, вакилга тегишли ваколатлар берилганлигининг асоси кўрсатилади.

Шулар билан бирга иш берувчи ташкилотнинг жойлашган ери (почта манзили) ёки ташкилотнинг алоҳида бўлинмаси ходим билан меҳнат шартномасини тузган иш берувчи бўлган ҳолларда, ушбу алоҳида бўлинманинг жойлашган ери (почта манзили) ёхуд жисмоний шахс бўлган иш берувчининг яшаш ёки турган жойи манзили, солиқ тўловчининг идентификация рақами, ташкилотлар ёки уларнинг алоҳида бўлинмалари бўлган иш берувчиларнинг, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорларнинг банк реквизитлари, иш берувчининг алоқа маълумотлари (телефон рақамлари, электрон почта манзили ва бошқалар) ҳам меҳнат шартномасида кўрсатилади.

Агар меҳнат шартномасини тузишда   назарда тутилган реквизитлардан бирор-бири шартномага киритилмаган бўлса, бу меҳнат шартномасини тузилмаган деб эътироф этиш ёки уни бекор қилиш учун асос бўлмайди. Меҳнат шартномаси етишмаётган реквизитлар билан тўлдирилиши керак. Бунда етишмаётган реквизитлар меҳнат шартномасига доир ёзма шаклда тузиладиган қўшимча келишув билан белгиланади, ушбу келишув меҳнат шартномасининг ажралмас қисмидир.

Меҳнат шартномасининг тарафи реквизитлар ўзгарганда, улар ўзгартирилган пайтдан эътиборан уч иш куни ичида бу ҳақда бошқа тарафга ёзма шаклда хабар қилиши керак.

Меҳнат шартномаси иш берувчи ва ходим томонидан имзоланган кундан эътиборан кучга киради, ходим меҳнат шартномасида белгиланган санадан эътиборан меҳнат вазифаларини бажаришга киришиши шарт. Агар меҳнат шартномасида иш бошланадиган кун белгиланмаган бўлса, ходим шартнома кучга кирган кундан кейинги иш кунида ишга киришиши керак.

Иш берувчилар ва ходимларга меҳнат шартномаларини тузишда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси билан келишувга кўра тавсиявий хусусиятга эга бўлган меҳнат шартномаларининг намунавий шакллари ишлаб чиқилади.

Ишга қабул қилиш тузилган шартнома асосида иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Ташкилот раҳбарини ишга қабул қилиш бевосита ташкилот мулкдори ёки таъсис ҳужжатларига мувофиқ ваколатли орган томонидан амалга оширилади, у ташкилот мулкдори томонидан ёки таъсис ҳужжатлари билан ўзига берилган ваколатлар доирасида ходимлар билан меҳнат шартномаларини тузади.

Иш берувчининг ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруғининг мазмуни ходим билан тузилган меҳнат шартномасининг шартларига мувофиқ бўлиши керак, ҳамда буйруқ ходимга иш ҳақиқатан бошланган кундан эътиборан уч кунлик муддатда, имзо қўйдириб эълон қилинади, иш берувчи унга мазкур буйруқнинг лозим даражада тасдиқланган кўчирма нусхасини бериши шарт бўлади.

Иш берувчи ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ асосида ходимнинг меҳнат дафтарчасига ишга қабул қилиш тўғрисидаги ёзувни қайд этади, ходим ушбу ёзув билан уч кун ичида таништирилади ва буйруқ асосида ишга қабул қилиш ҳақидаги маълумотларни «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексига ҳам киритади.

Ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан ёхуд унинг рухсати билан ходимни ҳақиқатда ишга қўйиш, ишга қабул қилиш лозим даражада расмийлаштирилганлиги ёки расмийлаштирилмаганлигидан қатъи назар, меҳнат шартномасини иш бошланган кундан эътиборан тузилган деб ҳисобланади.

Қонунда назарда тутилган ходимни ҳақиқатда ишга қўйиш иш берувчини ходимнинг ишга қабул қилинишини лозим даражада расмийлаштириш мажбуриятидан озод этмайди.

Ҳақиқатда ишга қўйилганда иш берувчи иш бошланган кундан эътиборан уч кунлик муддатда меҳнат шартномасини тузиш ва ходимни ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқариш орқали ходим билан якка тартибдаги меҳнат муносабатини расмийлаштириши лозим.

Шунингдек, агар жисмоний шахс иш берувчи бунга ваколат бермаган ходим томонидан ҳақиқатда ишга қўйилган бўлса, ҳамда иш берувчи ёки унинг ваколатли вакили ҳақиқатда ишга қабул қилинган шахс ва ушбу иш берувчи ўртасида юзага келган муносабатларни якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар деб тан олишни   рад этаётган бўлса, манфаатларини кўзлаб иш бажарилган иш берувчи бундай жисмоний шахсга у ҳақиқатда ишлаган вақт учун тегишли мураккабликдаги ишни бажарганлик учун белгиланган тариф ставкасидан келиб чиқиб ҳақ тўлаши шартлиги ҳам янги меҳнат кодексида ўз аксини топган.

Умуман олганда, қайд этилганлар амалдаги меҳнат кодексида ўз ифодасини тўлиқ топмаганлиги туфайли, янги меҳнат кодекси асосида меҳнат шартномаларини тузишнинг ўзига хос жиҳатлари бўлиб кўринмоқда.

Эндиликда, бу янги меҳнат кодекси белгилаб қўйилган санада қонуний кучга кирганида, меҳнат шартномаларини тузишда шу пайтгача қийинчиликлар ва ноқулайликларга олиб келган қонундаги бўшлиқлар тўлдирилганлигини кўриш мумкин.

Меҳнат қонунчилигидаги бундай янгиликлар мамлакатимизнинг ижтимоий ҳаётида фуқароларнинг  конституциявий меҳнат қилиш ҳуқуқ ва манфаатларининг қонуний ҳимоясини янада ҳам мустаҳкамланаётганидан далолат бермоқда.

Насуллаев Мубин

 Юристлар малакасини ошириш

 

Маркази доценти