Қиссадан бир сабоқ: Пандемияга қарши руҳий қувват зарур!
Бугун бутун дунёда пaндемия инсоният аҳлини таҳликага солмоқда. Бу эса ўз навбатида дунё давлатларида ва республикамизда ҳам карантин эълон қилишга олиб келди. Хўш, биз бундай вазиятдан қандай хулосалар чиқариб яшаяпмиз? Мен юзага келган бу вазиятдан тўғри ва оқилона фойдаланиш лозимлиги хусусида баъзи бир фикрларимни баён қилмоқчиман.
Яъни бу вазият одамларнинг ўз инсоний потенциалини кучлироқ ишга солиш ва ривожлантириши учун муҳим бўлган шарт-шароитни яратди десам, адашмайман. Мен ўйлайманки, бундай шароитда биринчи навбатда, иш кунимизни яхшилаб режалаштириб, тўғридан – тўғри ўзимиз устимизда ишлашимиз керак. Кимдир китоб мутолаа қилиши, кимдир ижод қилиб асарлар ёзиши, яна кимлардир каштачилик, рассомчилик билан шуғулланиши натижасида яхши самарага эришади.
Шу ўринда бир нарсани таъкидлаб ўтмоқчиман. Биз мустақил ишлаш деган тушунчани анча вақтдан буён эсимиздан чиқариб қўйганмиз. Инсонлар ўз интеллекти устида, мустақил ишламай қўйди. Оқибатда эса биз бир қолипда яъни, бир хил фикрлайдиган, шу қолипдан ўзгача фикрламайдиган одамларга кўпроқ дуч кела бошладик. Бундай ҳолат эса ўз-ўзидан ҳаёт тарзимизда муаммолар келтириб чиқара бошлади. Кўплаб муаммоларнинг таг замирида, қолип фикрлаш, профессионалликнинг йўқлиги, ҳамда инсон ўзининг потенциалини ишга сола олмаслиги ётади. Айни дамда, шу коронавирус даврида ўзимизнинг потенциалимизни, ўз ақлий салоҳиятимизни ишга солиш имкониятига вақт нуқтаи назаридан эга бўлишимиз мумкин. “Бир ёмоннинг, яхшиси ҳам бор” деганларидек, бу ҳолат бизларни янада ўзимизнинг ақлий салоҳиятимизни ошириш, профессионал даражамизни кўтариш имконини яратмоқда. Шахсан мен сўнгги кунларда 4 та китобни мутолаа қилдим. Турмуш тарзимга кўра, ишлаётган давримда ҳам мен ҳар куни китоб ўқийман. Шундай экан, сўнгги ўқиган китобларим ҳақида батафсилроқ маълумот берсам.
Улар ўзимнинг қизиқишларим бўйича қуйидаги кетма-кетликда:
Инсон қалби ҳам катта бир китоб!
ХХ асрнинг энг кўзга кўринган файласуфи Эрих Фроммнинг «Инсон қалби» номли асари. Бу асар инсон қалбининг яхшиликка ва ёвузликка бўлган ҳаддини, зўравонликнинг туб замири, севги ва меҳр санъати, рамзлар психоанализи, Фрейд ва инсон онги эволюцияси каби масалаларни таҳлил қилади. Асарнинг ўзига хослиги шундаки, инсон қалбининг ривожланиши нималарга боғлиқлиги, инсоннинг ҳаётда яшаш мазмуни каби бир қанча глобал муаммоларга жавоб топгандек бўласиз. Буни албатта ўзини идрок қила оладиган ва идрок қилмоқчи бўлган инсонларга ўқиши учун тавсия қиламан.
Биринчи Хоним бестселлери
Кейт Андерсен Брауэрнинг «Биринчи Хоним» номли китобини буюртма орқали Россиядан келтириб ўқиб чиқдим. Унда АҚШ сиёсатида муҳим ўрин тутган машҳур президентларнинг аёллари олиб борган фаолияти ва уларнинг кундалик ҳаёти тўғрисида, АҚШ президентлари рафиқаларининг жамият ривожи учун қилган фойдали ва хайрли ишлари ҳақида қизиқарли маълумотлар берилган. Жаҳон сиёсатида етакчи давлат бўлмиш АҚШнинг сиёсий ҳаётида «Биринчи Хоним»ларнинг тан олинмаган ўрни беқиёслиги аниқ фактлар, хронологик воқеалар асосида ёритилган. Албатта, аниқ фактларга асосланиб ёзилган бу китобни сизга ҳам тавсия қиламан.
Эммануэл Макроннинг “Революция” асари
Франция Президенти Эммануэл Макроннинг «Революция» номли бестселлери 2016 йили Францияда чоп этилган. 2018 йилда эса бу китоб ўзбек тилига таржима қилинди. Китобда Франция буюк ўзгаришлар даврида яшаётгани, Франциядаги сиёсий жараёнларнинг бугунги ҳолати, мамлакатда турмуш тарзини яхшилаш, келажак авлод таълими, кам таъминланганларга ёрдам бериш тактика ва стратегияси амалдаги Президент назаридан баён қилинган. Бу китобни давлатшунослар, сиёсатшуносларга ва касбдошларимга тавсия қилган бўлар эдим.
Фикрлар стратегияси ҳам мавжуд!
Яна бир яхши китоб – бу “Ўйинлар назарияси” деб номланган Авинаш Диксит ва Барри Нейлбаффларнинг ҳаётда ва бизнесда стратегик фикрлаш санъати тўғрисидаги китобдир . Бу китобда стратегик фикрлаш санъати ҳақидаги назарий таҳлиллар жуда кўп мисоллар орқали баён қилинган. Умуман олганда, китобни ўқиб ҳаётда ва бизнесда қандай стратегик фикрлаб муваффақиятга эришиш мумкинлиги, инсон онгини қандай стратегик фикрлашга қаратиш лозим каби саволларга жавоб олишингиз мумкин.
Китоб ўқиш инсоннинг ўз устида ишлашида илк ва муҳим босқич ҳисобланади. Бу эса, ўз навбатида инсоннинг билиш, англаш, тафаккур қилиш ҳамда унинг ақлий потенциалини кучайтириб боради. Ва ўз навбатида инсонга билимлар мажмуи руҳий хотиржамликни ҳам беради. Муқаддас динимизда ҳам, бошқа фалсафий қарашларда ҳам инсоннинг руҳий хотиржамлиги жисмоний ва маънавий кучнинг пойдевори айтилган. Шубҳасизки, бу хотиржамлик билим орқали пайдо бўлади. Билим эса китобларда мужассам. Ҳозирги юртимизда бўлиб турган вазиятдан келиб чиқиб ватандошларимизга оз бўлса-да руҳан қувватланиб олинг, деган бўлардим. Чунки руҳан кучли бўлган ҳар қандай инсон офатларни енга олади.
Лола САИДОВА,
Юридик фанлар доктори