+998 71 200 02 35

ДОИМИЙ ЁКИ ВАҚТИНЧА РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА ҚАРАТИЛГАН НОРМАТИВ ҲУЖЖАТ ЛОЙИҲАЛАРИДА ЮРТДОШЛАРИМИЗ УЧУН ҚАНДАЙ ЯНГИЛИК ВА ҚУЛАЙЛИКЛАР НАЗАРДА ТУТИЛМОҚДА

08.04.2020 5873

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 24 январь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида тегишли вазирлик ва идораларга ички миграцияни либераллаштириш ва мақбуллаштириш, хусусан, фуқароларнинг турган жойи бўйича рўйхатга олиш институтини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган халқаро тажрибани ўрганиб, аниқ таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси белгилаб берилди. Бу борада айниқса мазкур институтнинг республикамиз маъмурий ҳудудларини мутаносиб равишда иқтисодий ривожлантиришга тўсқинлик қилувчи механизмларини бекор қилишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу асосда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида” ПФ-5953-сон фармонида ушбу институтнинг шахс ҳуқуқларини чекловчи элементларини тўлиқ бекор қилиш асосида уни жаҳон стандартларига мослаштириш, аҳолини қулай ва мақбул шаклда ҳисобга олиш (қайд этиш) тизимини ишлаб чиқиш вазифалари белгиланди ҳамда давлат органларига бу борадаги механизмларни ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.

Бугунги кунда давлат дастури ижроси доирасида масъул вазирлик ва идоралар томонидан прописка тизимини ислоҳ қилишга доир Ўзбекистон Республикасининг қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳалари ишлаб чиқилиб, Тараққиёт стратегияси маркази томонидан 2020 йил 4 апрель куни “http://2020.strategy.uz” расмий веб-сайти орқали онлайн муҳокамага қўйилди.

Мазкур норматив ҳужжат лойиҳаларини тайёрлашда фуқароларнинг фикр-мулоҳазалари ва илғор хорижий тажриба чуқур ўрганилиб, инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган қоидалар ва кафолатларни белгилашга асосий эътибор қаратилди.

Шундай экан, бугунги кунга қадар мамлакатимизда фуқароларни турган жойи бўйича рўйхатдан ўтиш институтини такомиллаштиришга қаратилган қандай чора-тадбирлар амалга оширилган? Муҳокамага қўйилган норматив ҳужжат лойиҳаларида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг турган жойи бўйича мулк ҳуқуқига эга бўлиш, яшаш учун турар жой танлаш ва эркин ҳаракатланиш ҳуқуқлари қай даражада кафолатланмоқда?

Аслида, фуқароларни турган жойи бўйича рўйхатдан ўтиш институтини такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар 2020 йилдан бошлангани йўқ, балки Президентимизнинг мазкур сиёсий иродаси, охирги уч йилда Ҳаракатлар стратегияси ва унга асосан қабул қилинаётган Давлат дастурларида барча жабҳадаги қабул қилинаётган қарорларга уйғун равишда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давомидир. Шунинг учун ҳам мазкур соҳа тегишли ҳисоб-китоблар, ҳар томонлама ўйланган чуқур таҳлиллар асосида босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда. Хусусан:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 январдаги “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида” ПФ-5308-сон фармони билан вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган фуқароларни ишга қабул қилишга бўлган тақиқ, шунингдек вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаб турган фуқароларни ишга қабул қилганлик учун иш берувчининг жавобгарлиги бекор қилинди. Яъни илгари мавжуд бўлган фуқароларнинг пропискасиз ишга жойлашишга бўлган чеклов олиб ташланди. Эндиликда прописка фактидан қатъий назар республиканинг барча минтақасида меҳнат қилиш имкони юзага келди.

2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни доимий ва вақтинча прописка қилиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 28 августдаги ПҚ-3924-сон қарорини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида” 845-сон қарори билан фуқарони Тошкент ва Тошкент вилоятида турган жойи бўйича ҳисобга олиш доимий яшаш жойидан пропискадан чиқармасдан 5 кундан 1 йилгача муддатга амалга оширилиши белгиланди. Мавсумий иш билан шуғулланиш (қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа ишлар) учун келган фуқароларни ҳисобга қўйишнинг соддалаштирилган тартиби белгиланди.

Қарорга мувофиқ, Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган жисмоний шахслар фақат янги қурилган кўчмас мулкни банк ҳисобварақлари орқали ҳисоб-китоб қилиш йўли билан сотиб олишлари ва давлат рўйхатидан ўтказишлари мумкинлиги белгиланди. Бунда пойтахт ва вилоятда янги қурилган кўчмас мулк сотиб олган, доимий пропискага эга бўлмаган жисмоний шахслар олди-сотди шартномаларини тасдиқлаганлик учун шартнома суммасининг 5 фоизи миқдорда давлат божи тўлашлари кераклиги белгиланди.

3. Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 9 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат тартибини таъминлаш механизмларини такомиллаштирилишига қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ЎРҚ-514-сонли Қонунига асосан вояга етмаганларнинг паспорт тизими қоидабузарликлари учун жавобгарлик либераллаштирилиб, қонунда белгиланган муддатда паспорт олмаганлик учун маъмурий жавобгарлик бекор қилинди. Яъни илгари шахс 16 ёшга тўлгач бир ой муддат ичида фуқаролик паспорти ёки мамлакатда доимий яшаш гувоҳномасини (ушбу ҳужжат чет эл фуқароси ва фуқаролиги йўқ шахсга Ўзбекистонда яшаш ҳуқуқини беради) олмаганлик учун маъмурий жавобгарлик мавжуд эди. Эндиликда 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган шахсларнинг ушбу ҳолат учун жавобгарлиги бекор қилинди.

4. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Адлия вазирлиги томонидан 2019 йил 24 июлдаги 3077-1-рақами билан рўйхатдан ўтказилган “Кўчмас мулк ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида” 2019-49-сон қарори билан ижара шартномаларини солиқ органларида рўйхатдан ўтказиш талаби бекор қилинди.

5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида доимий ва вақтинча прописка қилиш тартибини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 1049-сон қарорига асосан аҳолининг турган жойи бўйича ҳисобдан ўтиши онлайн шаклда Давлат хизматлари агентлиги томонидан амалга оширилиши йўлга қўйилди. Фуқароларнинг вақтинча пропискасиз мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш муддати 5 суткадан 10 суткага узайтирилди ҳамда аҳолини электрон ҳисобга олиш амалиётини йўлга қўйишда давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатиладиган хизмат турлари кенгайтирилди. Жумладан, доимий пропискага эга бўлиш ва турган жой бўйича ҳисобда туриш учун фуқаролар Давлат хизматлари марказларига ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилишлари мумкин бўлди.

Муҳокамага қўйилган норматив ҳужжат лойиҳаларида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг турган жойи бўйича мулкка эгалик қилиш ҳамда яшаш учун турар жой танлаш ҳуқуқлари қай даражада кафолатланиши таъминланмоқда?

Албатта муҳокамага тақдим этилган лойиҳаларда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ҳар қандай кўчмас мулкни олишда ушбу ҳудудларда доимий рўйхатда бўлиш шартига боғлиқ қоидалар чиқариб ташланмоқда. Бу нимани англатади!

Биринчидан, мазкур ҳолат келгусида мамлакатимиз пойтахти ва Тошкент вилояти ҳудудидан Ўзбекистон Республикасининг барча фуқароларига бирламчи ва иккиламчи бозордан ўз номларига ҳеч қандай тўсиқларсиз кўчмас мулк расмийлаштириш ҳуқуқини беради. Иккинчидан, бу, ўз навбатида бирламчи ва иккиламчи бозордан ўз номларига кўчмас мулк расмийлаштирган шахсларнинг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ушбу манзил бўйича тўғридан-тўғри доимий рўйхатдан ўтиш ҳуқуқини вужудга келтиради. Шу асосда узоқ йиллар давомида доимий рўйхатга эга бўлмаганлиги сабабли ўз номларига кўчмас мулк расмийлаштириш имконига эга бўлмаган шахсларнинг бу борадаги муаммоларига барҳам берилади.

Шунингдек, бугунги кунда амалда бўлган тартибга кўра, биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларнинг фақатгина доимий рўйхатда бўлган уй-жой майдонига доимий рўйхатга қўйиш фуқароларга қийинчиликлар туғдириб, ортиқча оворагарчиликларга сабаб бўлмоқда. Айни дамда бундай муаммони ечимини топиш ва бир нечта уй-жойга эгалик қилувчи фуқаронинг қариндошларини доимий рўйхатдан ўтказишга эришиш учун унинг эгалигида бўлган бошқа уй-жой майдонига рўйхатдан ўтиш масаласини ҳуқуқий жиҳатдан ҳал қилиш тақозо этилади. Шу сабабли лойиҳада фуқароларга биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларини нафақат ўзи доимий рўйхатда бўлган манзилга, балки эгалигида бўлган уй-жой майдонига доимий рўйхатга қўйиш имконияти берилмоқда.

Бундан ташқари тақдим этилаётган норматив ҳужжат лойиҳалари талабларига асосан, Республиканинг бошқа ҳудудларида доимий рўйхатга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги янги қурилган уйларда кўчмас мулк олди-сотди шартномаларини расмийлаштириш учун ўрнатилган давлат божининг алоҳида ставкаси бекор қилинмоқда.

Бу ўринда гап Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари ўртасида конституциявий тенгликни таъминлаш, уларнинг ҳуқуқларини бир хилда кафолатлаш ҳақида келмоқда. Жумладан, амалдаги тартиб (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 июлдаги 527-сон қарори) бўйича Ўзбекистонда доимий яшовчи ва республиканинг бошқа минтақаларида доимий пропискага эга бўлган жисмоний шахслар томонидан қиймати энг кам ойлик иш ҳақининг 2500 бараваридан кам бўлмаган миқдорида кўчмас мол-мулк сотиб олинганда – шартнома суммасининг
5 фоизи миқдорида бож тўлаш талаб этилади. Эндиликда мазкур божларнинг ундирилиши барча тоифадаги шахслар учун бекор қилинади.

Шунингдек, бугунги кунда амалдаги норматив ҳужжатларга кўра, мулкдор ўз уй жойида доимий рўйхатга олинган шахсларни фақат суд орқали рўйхатдан чиқариш ҳуқуқига эга. Бироқ мазкур тартиб унинг мулк ҳуқуқи чекланишига ва ортиқча оворагарчиликка олиб келмоқда. Шу боисдан ҳам лойиҳада мулкдорнинг ижтимоий норма асосида доимий рўйхатга олинган фуқароларни яшаш жойи бўйича доимий рўйхатга олинганлигини бекор қилиш ҳуқуқи киритилмоқда. Бу нима дегани?

Яъни, бу ҳолат фуқароларнинг доимий рўйхатдан ўтишларида қонунчиликда белгиланган бир киши учун белгиланган турар-жой майдонининг ижтимоий нормаси тўғрисидаги қоидаларига риоя этилиши шартлигини англатади. Демак, турар-жойда рўйхатга олинган фуқаролар хонадон майдонининг ижтимоий нормасига мос келмаган тақдирда ёки ундан истисно равишда мулкдор турар-жойда рўйхатда турувчи фуқароларни суднинг қарорисиз чиқариши мумкин бўлади.

Қонунчиликда белгиланган турар-жой майдонининг ижтимоий нормаси бир киши ҳисобига ўн олти квадрат метрдан кам бўлмаган умумий майдон ҳажмида, кресло-аравачада ҳаракатланадиган ногиронлар учун эса – йигирма уч квадрат метрдан кам бўлмаган хажмда бўлиши талаб этилади. Бироқ, Ўзбекистон Республикасининг қуйидаги фуқароларини доимий рўйхатдан ўтказишда бир киши учун белгиланган ижтимоий норма қоидалари қўлланилмайдиган тоифалар мавжуд. Мазкур отоифадаги шахсларни рўйхатдан чиқариш учун уларнинг розилиги керак бўлади ёки суд тартибида чиқариш лозим бўлади.

Айни пайтда қуйидаги фуқароларга нисбатан ижтимоий норма қўлланилмаслиги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида белгиланмоқда:

а) бир-бирининг доимий рўйхатга олинган уй-жой майдонига: эр-хотин; ота-оналар, фарзандлар; бобо-буви, неваралар; Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида доимий рўйхатга олинган туғишган ака-укалар, опа-сингиллар;

б) олдинги истиқомат жойига, ўз оила аъзоларининг, қариндошларининг уй-жой майдонига: озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахслар; муддатли ҳарбий хизмат тугагандан сўнг, Қуролли Кучлар резервига бўшатилган ҳарбий хизматчилар; илгари мазкур аҳоли пунктида яшаган, меҳнат шартномаси билан ишлаш учун вақтинча бошқа жойга кетган шахслар, шунингдек, амалдаги қонунчиликка мувофиқ вақтинча бошқа жойга кетганда, уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қоладиган фуқаролар;

в) васий (ҳомий), тутинган ота ёки она доимий рўйхатга олинган уй-жой майдонига – васийликдаги (ҳомийликдаги) ҳамда оилага тарбияга олинган (патронат) шахслар;

г) акаси, укаси, опаси, синглисининг рўйхатга олинган уй-жой майдонига – балоғатга етмаган, ота-онаси бўлмаган туғишган ака-укалар, опа-сингиллар, шунингдек, меҳнатга лаёқатсиз туғишган ака-укалар, опа-сингиллар, агар уларнинг ўз оилалари бўлмаса, ёшидан қатъи назар.

Муҳокама қилинаётган норматив ҳужжат лойиҳаларида фуқароларимиз учун турган жойи бўйича вақтинча рўйхатдан ўтиш учун қандай янгиликлар кўзда тутилмоқда?

Лойиҳага кўра, вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш муддати уй-жой эгасининг розилиги асосида 1 йилдан 5 йилгача ҳамда ҳорижий тажриба инобатга олинган ҳолда фуқароларни Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий ва вақтинча рўйхатдан ўтмасдан, яшаш муддати 10 кундан 15 кунга ўзгартирилмоқда. Демак, эндиликда фуқарони Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида турган жойи бўйича ҳисобга олиш фуқарони яшаш жойидан доимий рўйхатдан чиқармасдан ўн беш кундан беш йилгача муддатга амалга оширилади. Айни пайтда доимий рўйхатдан ўтмаганлик турган жойи бўйича ҳисобга олишни рад этиш учун асос ҳисобланмайди. Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига ўн беш кундан ортиқ бўлмаган муддатга келган фуқаролар ҳисобга олинмайди.

Муҳокамага тақдим этилган ҳужжатларда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий рўйхатга эга бўлмаган ишловчи фуқаролар учун афзалликлар кўзда тутилганми?

Мазкур ҳужжатлар албатта бундай афзалликлар кўзда тутилмоқда. Яъни, бугунги кунда тегишли лавозимларга сайланган, тайинланган, тасдиқланган фуқароларга ҳамда республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотларига ишга таклиф этилаётган юқори малакали мутахассисларнинг яшаш бўйича доимий рўйхатга олиниши уларнинг лавозимни эгаллаб туриш муддати билан боғланган. Хусусан, лавозимдан кетиш яшаш жойи бўйича доимий рўйхатни бекор қилишга олиб келади. Шу сабабли лойиҳада қуйидаги фуқаролар учун лавозимни эгаллаб туриш даврига бериладиган доимий рўйхатга олиниш ҳуқуқига чеклов бекор қилинмоқда:

Олий Мажлис палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси томонидан ёхуд Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда лавозимларга сайланган, тайинланган, тасдиқланган фуқаролар (уларнинг оила аъзолари);

қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига сайланган фуқаролар (уларнинг оила аъзолари);

давлат органларига, хўжалик бошқаруви органларига, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотларига раҳбарнинг илтимосномаси билан ишга таклиф этилаётган юқори малакали мутахассислар (уларнинг оила аъзолари).

Мазкур ҳолат ўз навбатида Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 7 октябрдаги 336-сон қарорида белгиланган тартибларни бекор қиинишига олиб келади. Ҳозирда ушбу қарорга кўра раҳбарлари ходимларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тўғрисида илтимоснома киритиши мумкин бўлган идоралар 96 тани ташкил этади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари бўйича фуқароларнинг турган жойи бўйича рўйхатга олишда яна қандай янгиликлар кўзда тутилмоқда?

Лойиҳада назарда тутилаётган муҳим янгиликлардан яна бири бу доимий ва вақтинча турган жой бўйича рўйхатдан ўтиш шаклини фуқаронинг хоҳишига кўра танлаш имкониятининг яратилаётганлигида ҳисобланади. Яъни, ҳозирги кунда фуқаролар доимий пропискани расмийлаштириш учун шу манзилга хизмат кўрсатувчи ички ишлар органига шахсан бориши ва ҳужжатларни тақдим этиши талаб этилади. Айни пайтда лойиҳада мазкур тартиб соддалаштирилиб, фуқаро яшаш жойи бўйича доимий рўйхатда туриш тартибини ички ишлар органларига бормасдан туриб, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга ошириш механизми жорий этилмоқда.

Бундан ташқари, аризачи ўзига қулай ва яқин бўлган ички ишлар органига бориб, шу куннинг ўзида доимий рўйхатни расмийлаштириш имконияти яратилмоқда. Шунингдек, доимий рўйхатга олишни расмийлаштириш муддати амалдаги 3 кундан 1 кунга қисқартирилмоқда.

Демак, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтиш учун фуқаро келган кунидан бошлаб ўн беш кун муддатда хоҳишига кўра, ўзига қулай манзилдаги ички ишлар органларига ёки Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилади. Бундан ташқари, фуқаро Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мустақил равишда ҳисобга туриши мумкин.

Рўйхатдан ўтиш учун Давлат хизматлари маркази орқали мурожаат қилинган ҳолларда фуқаро ва турар жой эгаси номидан давлат хизматлари маркази ходими томонидан, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат этган тақдирда эса, мустақил равишда белгиланган шаклдаги сўровнома электрон тарзда тўлдирилади.

Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали хизмат кўрсатилганда, ваколатли орган томонидан лозим бўлган маълумотлар идоралараро электрон ҳамкорлик орқали олинади.

Мулкдор номидан нотариал тасдиқланган ишончнома орқали ҳаракатланаётган шахслар фуқарони турар жойга ҳисобга қўйишга розилик бериш учун ички ишлар органига мурожаат қиладилар.

Фуқаро давлат хизматидан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга бўлади.

Давлат хизматлари марказларида сўровнома тўлдирилгач, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига электрон тизим орқали юборилади. Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилинганда эса сўровнома автоматик тарзда ваколатли органга юборилади.

Лойиҳада кўзда тутилаётган яна бир муҳим жиҳат. Маълумки, бугунги кунда доимий прописка қилиш учун фуқаронинг паспортига штам ва гербли муҳр, уй дафтари ёки хонадон карточкасига штамп босиш орқали амалга ошириб келинмоқда, албатта бунинг учун фуқаро уй дафтари сотиб олиши ёки хонадон карточкаси юритиши ва ўзи билан олиб юриши лозим бўлади.

Айни пайтда лойиҳада фуқароларга яшаш жойи бўйича доимий рўйхатни расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига рўйхатга олиш штампини босиш амалиётидан воз кечилмоқда ва доимий рўйхатга эга бўлиш жараёнлари рақамлаштирилмоқда.

Лойиҳада бюракратик тўсиқларни қисқартиришга қаратилган яна бир янгилик, бу рўйхатга қўйиш жараёнини идоралараро электрон дастури орқали амалга ошириш имкониятларини яратилаётганлигидадир. Яъни, бугунги кунда ҳарбий хизматга мажбур бўлган 16 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркаклар ва тиббий маълумотга эга бўлган аёллар доимий рўйхатни расмийлаштириш учун аввалги яшаган манзилдаги мудофаа ишлари бўлимига бориб, ҳарбий ҳисобдан чиқиши ва янги манзилда доимий рўйхатга туришдан олдин яна қайта мудофаа ишлари бўлимига бориб, ҳарбий ҳисобга туриши лозим бўлади.

Эндиликда лойиҳага кўра мазкур жараён бекор қилиниб, ушбу жараённи идоралараро электрон маълумот алмашинуви дастури орқали амалга ошириш йўлга қўйилмоқда. Мазкур ҳолатда ички ишлар органларининг идоралараро маълумотлар базаси орқали текширувни амалга ошириши асосида фуқаронинг ортиқча овора бўлишига йўл қўйилмайди. Бу эса фуқароларимизда ўз вақтиларини тежашларига имкон беради ва қўшимча қулайликлар яратади.

Юқоридагилар билан бирга, лойиҳада доимий рўйхатга қўйиш учун эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ҳамда бир йил ичида никоҳ бекор қилинган тақдирда доимий пропискани йўқотиши тўғрисидаги қоида олиб ташланмоқда. Никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкни сотиб олишдаги тўсиқлар сабабли “сохта” никоҳларнинг олдини олиш мақсадида киритилган. Мазкур тўсиқларнинг олиб ташланиши “сохта” никоҳ тузиш эҳтиёжини йўқотади.

Лойиҳада кўзда тутилаётган яна бир масала бу амалиётда мутахассислар пропискасини йўқотиб қўйиш қўрқуви сабабли Тошкент шаҳридан бошқа вилоятларга доимий меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун боришни рад этиб келаётганлиги билан боғлиқ ҳолатларга ҳам аҳамият берилганлигида ҳисобланади. Амалдаги тартибга кўра, фуқаро қайта доимий рўйхатга эга бўлиш учун ҳақиқатда бошқа жойда ўқиганлиги ёки давлат йўлланмаси билан ишлаганлигини исботловчи ҳужжатларни тақдим этиши лозим.

Шу сабабли лойиҳада бу каби муаммоларни инобатга олиб, илгари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий рўйхатга эга бўлган фуқаролар доимий яшаш учун тегишинча қайтиб келганида, улар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига ҳеч қандай тўсиқларсиз қайта доимий рўйхатга олиниши белгиланмоқда. Бунда, фуқаронинг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан бошқа жойга рўйхатдан чиқиб кетиш сабаблари инобатга олинмайди.

Маълумки, ҳозирги кунда фуқаролар доимий рўйхатни расмийлаштириш учун аввалги манзилдан рўйхатдан чиқиб келиш ва рўйхатдан чиққанлик ҳақида манзил варақасини тақдим этиш талаб қилинади. Бунинг оқибатида, фуқаро Ички ишлар вазирлиги тизимидаги бир туман ички ишлар органидан ҳужжат олиб, иккинчисига бориб вақт йўқотади. Шу боисдан лойиҳада фуқароларнинг бу каби ортиқча оворагарчиликларини олдини олиш учун доимий рўйхатга олишни расмийлаштиришда аввалги яшаш жойидан мустақил рўйхатдан чиқиш тартиби бекор қилинмоқда.

Бундан ташқари лойиҳада Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг муайян ҳудудида доимий рўйхатда бўлган фуқаро тегишинча ушбу ҳудуднинг бошқа манзилида истиқомат қилса, бу ҳолат паспорт тизими қоидаларини бузиш деб ҳисобланмаслиги ҳақидаги қоида киритилмоқда. Амалиётда мазкур ҳаракатни тартибга солувчи қоида мавжуд бўлмаганлиги сабабли вилоятининг муайян ҳудудида доимий рўйхатда бўлган фуқаро ушбу вилоятнинг бошқа манзилида истиқомат қилса, уларни маъмурий жавобгарликка тортиш ёки тортмаслик масаласи турлича талқин қилиб келинмоқда.

Шу билан бирга, лойиҳада туғилган бола Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан унга туғилганлик тўғрисида гувоҳномани расмийлаштириш чоғида отаси ёки онасининг доимий рўйхатдан ўтган манзилига идоралараро автоматлаштирилган тизим орқали маълумотларни киритиш йўли билан доимий рўйхатга олиниши тартиби киритилмоқда.

Бинобарин, ҳозирда 6 ёшга тўлмаган шахсларни доимий рўйхатга олиш ёки турган жойи бўйича ҳисобга олишни расмийлаштириш учун ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар шахсан ички ишлар органига боргандан сўнг доимий прописка қилинади. Бундан ташқари, фуқароларнинг тегишли идораларга бормаслик ҳолатлари кузатилган бўлиб, таклиф этилаётган механизм бунинг олдини олади ва фуқароларнинг вақтини тежайди.

Умуман олганда, жорий этилиши кутилаётган прописка тизимидаги янги норматив база ва механизмлар шахснинг эркин ҳаракатланиш ҳамда турар жой танлашга доир конституцивий ҳуқуқларини кафолатлаш даражасини оширишга хизмат қилади.

 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги

қошидаги Юристлар малакасини ошириш

маркази директорининг биринчи ўринбосари,

юридик фанлар доктори, профессор

Отажонов Аброржон Анварович