+998 71 200 02 35

Бизни ким ёки қандай куч қутқаради?

11.04.2020 3396

Бугун одам боласи йигирма биринчи аср имкониятларини чуқур англайди, унинг тафаккур юритишида замонавий илм ва техонологиялар ёрдам беради. Олимларнинг таъкидлашича, Одамзоднинг онгли тараққиётида унинг 801 авлоди яшамоқда. Агар авлодлар ҳар 75-80 йилда алмашинишини инобатга олсак, инсониятнинг сўнгги 3 авлоди (210-240 йил оралиғи) яратган илм, техника ва тафаккур, яъни билим салмоғи инсоннинг 798 авлоди яратган билимдан кўпдир. Катта илмий ва бадиий тафаккурга эга бўлган инсоният бугун, яъни, йигирма биринчи асрнинг шу кунида нега саросимага тушиб қолди? Борлиқ, коинот, чексиз тадқиқотлар эгаси бўлган инсоннинг имкониятлари чегараси қаергача?

Нега коронавирус пандемияси инсон билан курашга чоғланди?

Ҳа, инсон табиатнинг жонли мавжудоти сифатида бугун имконияти чекланганини билиб қолди. Нега бу чексиз имкон билим ёки бойликка таяниб, ўз қудратини намоён қилолмайди? Сабаби, биз дунёга ўз-ўзимиздан келмаганмиз, бизнинг яратувчимиз, дунёга келтирувчиларимиз бор. Бизнинг имкониятларимиз шунга кўра чегараланади. Шундан экан, нега биз дунёни ўзгартиришга ҳаракат қилаяпмиз.
Ўтган юз йиллар давомида табиатга бўлган бизнинг муносабатимиз, олам қонуниятларидан юз ўгирганимиз, инсоннинг инсон устидан ҳукмронлигини ўрнатишга бўлган ҳаракатлари балки инсониятни шу ҳолга олиб келгандир.
Қарийб тўрт ойдан буён инсоният устидан “Коронавирус” деган кўринмас куч ўз ҳукмронлигини ўрнатиб турибди. У чегара билмайди, у инсон тафаккури, билими, илмий хулосалари, қолаверса, табиат қонуниятларидан ташқарида. У инсонни ўз-ўзи билан гаплашиш, ўз-ўзи билан курашишга мажбур қилди. У қандай кучки, ҳар биримизга қўзғалмас қилиб михлаб қўйди?
Ҳа, у жуда кучли, кучли бўлмаганда бойлигимиз, билимимиз, техника, куч ва воситаларимизни тан олган, бизга бўйсунган, қўлимизда жиловланган бўларди, ҳар ҳолда ҳозирча ундай эмас. Она-Замин бўйлаб бугун инсоният унинг ҳукмида. Унга қарши қандай тура олиш йўлларини излаяпмиз, хатоларимизни тўхатишга ҳаракат қилаяпмиз.

Бизни ким ёки қандай куч қутқаради?

Бизни ўзимиз, ичимиздаги ўзлигимиз қутқариши мумкин. Турли жамиятлар ва турли ғояларга асосланган давлат бошқарувлари ҳам бу куч олдида турли имкониятларни қидираяпти. Тиббиёт, одамлар ҳаракатланишининг чекланиши, табиат ресурсларидан фойдаланмай туриш, атроф-муҳитни соғломлаштириш тадбирлари пандемия таъсирини камайтириши, унинг кенг тарқалиши олдини олиши турган гап. Лекин ўзимиз ўзргармас эканмиз, катта ижобий натижаларга эриша олмаймиз.
Биз олам ва табиат қонуниятлари асосида яратилган эканмиз, унинг қонуниятларига ҳам бўйсунишимиз лозим. Ҳар қандай кўринмас куч ёки тафаккуримиздан ташқаридаги ҳодиса биздан кучли бўлиб тураверади. Бугун коронавирус пандемияси “тож” тақиб олиб бизни китоб ўқишга, тафаккуримизни ўзгартиришга, нафсимизни синдиришга, кибрларимизни ҳайдашга, “Инсон” деган нозик хилқатнинг моҳиятини, ўзлигимизни англашга мажбур қилди.

Бугунги аҳвол қандай?

 Мавлоно Жалолиддин Румий ҳазратлари айтганидек, “Ичингдаги ичингдадур”.  Ҳақиқатан ҳам, ҳамма нарса ўзимизда, ҳамма нарса ўзимиздан эканлигига яна бир бор иймон келтирасан, киши.
Бугун оталар ўғиллари билан, оналар қизлари билан дилдан гаплашиш имконига эга бўлди, оила деган муқаддас маконда меҳрлар тарқала бошлади, иш ёки рўзғор ташвиши билан кўчага отилиш, турли баҳоналар билан мақсадсиз юришлар барҳам топмоқда. Автоуловлар зарарли тутун чиқармай қўйди, маъносиз тадбирлар тўхтади, одам ўз-ўзи билан гаплаша бошлади. Оила бошлиғи ёки унинг боқувчисисиз келажагимизни тасаввур қилолмаслигимизни тушундик. Рўзғордаги майда-чуйда тортишувлар, келишмовчиликлар, сабабсиз инжиқликлар биздан узоққа кета бошлади. Қабул қилган қонунларимизнинг саёз жойлари кузга ташланиб қолди. Давлатсиз, раҳбарлар ва бошқарувчиларсиз ҳеч ким эмаслигимизни сезиб қолдик.

Нима қилмоқ керак?

Ҳар биримизнинг бу дунёда қиладиган амалларимиз, амалга оширадиган ишларимиз, ўз ўрнимиз, “яъни миссиямиз” бор. Дунё ақллиларга муҳтож, бошқарувда тафаккури кенг одамлар бўлиши талаб этилмоқда. Дунёни фидойи ва ақлли одамлар қўтқаради. Илмда ғирромлик, ижоддаги ёлғонлар бизни узоққа олиб бормайди. Яратган ва Борлиқ биз қандай бўлсак, бизни шундайлигимизча имкониятларимизни намойиш қилишимизни хоҳлайди, бу диалектик қонуният. Келажак билим, тоза қалб, ҳалоллик, самимият, меҳр-оқибат, мурувват, мискинлик, камтарлик каби унсурлар ҳисобига қурилиши керак.
Афсус, айримлар бошимизда қандай куч раҳна солиб турганини ҳалигача тўлиқ англагани йўқ. Кимдир қимматбаҳо автомобилини кўз-кўз қилиш учун кўчаларда юрибди. Кимдир тўплаган бойлиги ҳисобини юритмоқда, уни янада кўпайтириш режасини тузаётгандир, яна кимдир чала сабоқлари билан ақл ўргатмоқда. Қўшниси имконияти чегаралари, ўзгалар ёрдамига муҳтож эканлигини билса-да, вирус билан курашиш ўрнига, омборларини тўлдириш пайида.
Кейинги пайтларда устозим, атоқли шоиримиз Абдулла Ориповнинг 1980 йилда ёзилган “Оломонга” шеъридаги:
Нимасан? Қандайин сеҳрли кучсан?
Нечун томошага бунчалар ўчсан?
Қаршингда ҳасратли ўйга толаман,
Қачон халқ бўласан эй, сен- оломон?!, – деган сўзларини такрор ва такрор эслаяпман.
Ўз-ўзимиз билан кураш давом этмоқда. Мен эса “эй одамзод жонингни қутқар, эртага кеч бўлади, ота-онанг, фарзандларинг бағрида, ҳеч бўлмаса қўрғонинг, паноҳинг-уйингда ўтир”, деб ҳайқиргим келади.
Наҳот жонимиз шунчалар арзон, ҳаёт қадрсиз, қорин ғами ғурурдан баланд, кибр ҳалимликдан устун бўлса, наҳот ичимиздаги ичимизда қолиб кетса. Эй инсон, бошингда паноҳ бўлиб турган Она-Ватанингга сенинг ёрдаминг, насл-насабинг давомчилари олдидаги бурчинг тирик юриш эканлигини билмасанг.

Бобоқул Тошев
юридик фанлар доктори

Манбаа hudud24