+998 71 200 02 35

Амур Темурнинг солиқ сиёсатининг дунё солиқ назариясидаги ўрни

09.04.2020 5111

Тарихий шахсларга бағо берилган кўпинча уларнинг давлат раҳбари сифатида олиб борган ишлари ва давлатчиликни ривожлантиришдаги ишларига баҳо берилади. Менимча бугун тарихий шахсларга баҳо беришда уларнингдавлатчиликнинг барча соҳаларидаги қарашларига баҳо бериш зарур.

Шу ўринда соҳибқирон бобомиз Амур Темурнинг бугунги таваллуд кунида у кишининг солиқ сиёсати тўғрисидаги қарашларимиз билан ўқувчилар билан ўртоқлашмоқчимиз.

Мамлакатимиз ҳозирги марказий Осиё ҳудудида эрамиздан аввалги биринчи минг йилликда қабилаларнинг дастлабки сиёсий бирлашувлари туфайли пайдо бўлган. Солиқнинг дастлабки тури пул ва натура тарзида жон бошига ва ер майдонига солинадиган солиқ сифатида пайдо бўлиб, фуқаролардан олинган. Бу давлат молиясининг дастлабки манбалари бўлиб, ҳисобланган.

Ўзбекистон олимлари дунёда математика, астрономия, фиқҳ, география каби фанлар ривожланиши билан бирга солиқ маъмурчилигини шаклланиши ҳамда бугун биз ривожланган мамлакатлар, деб атайдиган давлатларда солиқ муносабатларини тартибга солиш тизимини ҳам яратишишига катта ҳисса қўшган давлат ҳисобланади.

Соҳибқирон Амир Темур мамлакат тепасига келгач солиқлар ва солиқ тизимида кенг ислоҳотлар ўтказади. Ушбу даврда аҳолидан ер солиғи (хирож, мол), жон солиғи (жузъя), миниладиган ҳайвонлар етказиб бериш (улоқ), бегор мажбуриятлари ҳамда фавқулоддаги солиқлар (авариозот) каби солиқлар ундирилган. Тарихий манбалар гувоҳлик беришича Амир Темур ўзининг молия ва солиқ қонунларини ишлаб чиқишда ўзидан олдинги ҳукумдорлар, замондошлари тажрибаси ҳамда ўзи истило қилган мамлакатлар солиқ тизимининг ижобий жиҳатларидан кенг фойдаланган.

Соҳибқирон солиққа тортиш ва солиқ маъмуриятчилиги амалиётини, балки уларнинг назариясини ҳам ривожлантиришга хизмат қилган давлат арбоби ҳисобланади. Таҳлилларимиз натижалари Амир Темур солиққа тортишда ҳукумдорлар амал қилиши зарур бўлган тамойилларни ўз тузукларида қуйидаги тарзда баён этган ва унга ўзи ҳам қатъий амал қилганлигидан далолат бермоқда.

«Амр этдимки, раиятдан мол-хирож йиғишда уларни оғир аҳволга солишдан ёки мамлакатни қашшоқликка тушиб қолишидан сақлансинлар. Негаки, раиятни хонавайрон қилиш (давлат) хазинасининг камбағаллашувига олиб келади. Хазинанинг камайиб қолиши эса сипоҳнинг тарқалиб кетишига сабаб бўлади. Сипоҳнинг тарқоқлиги, ўз навбатида, салтанатнинг кучсизланишига олиб боради».

Ушбу назарий қарашларда Амир Темур солиқ сиёсатини тўғри белгилаш давлат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлайди. Шу билан бир қаторда Амир Темур давлат солиқ сиёсатини ишлаб чиқишда аввало халқнинг манфаатини ҳисобга олиш ва ҳар бир алоҳида хўжаликда бой - бадавлатликнинг эришилган даражасини инобатга олиш керак, деган тамойилга амал қилиш зарурлигини ҳам назарий жиҳатдан асослаб берган. Ушбу назарий қарашлар асосида ташкил этилган Амир Темур давлати солиқ тизими унинг буюк империяси харажатларини узлуксиз маблағ билан таъминлаш билан бирга, хазинадан илм, фан, маданият ва ободонлаштириш ишлари учун ҳам зарур маблағлар ажратилишига хизмат қилган.

Соҳибқирон давлатида бошқа даврдан фарқли равишда солиқларни ҳисоблаб чиқиш қоидалари ҳам жорий этилган. Масалан, агар деҳқон доимий ариқлар, сув қувурлари ёки оқимлар билан суғориладиган ерларга эга бўлса ва ана шу сув узлуксиз оқиб турсагина мазкур ерлардан олинадиган даромад уч кисмга тақсимланган, бунда учдан икки қисми ер эгасига, учдан бир қисми солиқ сифатида олинган. Ерлар фақат ёмғир суви билан суғорилса, улар икки қисмга тақсимланган, улардан ҳосилнинг учдан бир қисми ёки чораги солиқ сифатида олинган. Демак бу, ҳозирда солиқ қонунчилигида қўлланилаётган ер солиғи балл бонитетлари айнан Амир Темур ҳукумронлиги давридан бошлангани ва солиқлар ставкасини ернинг унумдорлик даражасига қараб табақалаштириш сиёсати жорий этилганидан далолатдир.

Худди шунингдек ушбу даврда янги ер ўзлаштириш ҳам давлат томонидан рағбатлантирилган. Бўз ерга ишлов берган ва уни суғорган, унга кўчат эккан ёки қаровсиз ерларни ўзлаштирган деҳқон биринчи йили солиқлардан озод қилинган, иккинчи йили ўзи қанча ҳоҳласа, шунча солиқ тўлаш ҳуқуқи берилган. Ушбу масала “Темур тузуклари” асарида солиқларни ҳисоблаш ва  ундириш тўғрисидаги тартибда «Кимки бирон саҳрони обод қилса, ёки кориз қурса, ё бирон боғ кўкартирса, ёхуд бирон хароб бўлиб ётган ерни обод қилса, биринчи йили ундан ҳеч нарса олмасинлар, иккинчи йили раият розилиги билан берганини олсинлар, учинчи йили эса (олиқ-солиқ) қонун қоидасига мувофиқ хирож йиғсинлар, деган ҳуқуқий меъёр белгилаб қўйилган.

Амур Темур солиқ сиёсатидаги ушбу тартиблар бугунгиЎзбекисто солиқ қонунчилигида ҳам ўз аксини топган. Хусусан, янги таҳрирдаги  Солиқ Кодексининг 428-моддаси талабига кўра:

· қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун янги ўзлаштирилаётган ерлар - ваколатли орган томонидан тасдиқланган лойиҳага мувофиқ, уларни ўзлаштириш ишлари бажариладиган даврда ва улар ўзлаштирилган вақтдан эътиборан беш йил мобайнида;

· мелиорация ишлари амалга оширилаётган мавжуд суғориладиган ерлар - ваколатли орган томонидан тасдиқланган лойиҳага мувофиқ, ишлар бошланганидан эътиборан беш йил муддатга;

· янги барпо этилаётган боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ерлар, дарахтларнинг қатор ораларидан қишлоқ хўжалиги экинларини экиш учун фойдаланилишидан қатъи назар, уч йил муддатга ер солиғидан озод этилади.

Кузда ўтқазилган янги кўчатлар учун бериладиган солиқ имтиёзи муддатини ҳисоблаб чиқариш кейинги йилнинг 1 январидан эътиборан бошланади, баҳорда ўтқазилган кўчатлар учун эса жорий солиқ даврининг 1 январидан эътиборан бошланади;

Соҳибқирон солиқ сиёсатида фуқароларга солиқларни тўлаш тартибни танлаш ҳуқуқи ҳам берилган. Бунда аҳолидан олинадиган натура солиғининг бир қисми жорий нархлар бўйича баҳоланиб, пул билан олинган. Амир Темур давлатига қарам барча мамлакатларда унинг солиқ тизими амал қилган.

Лекин соҳибқирон солиқ сиёсати солиққа тортишнинг тарихан шаклланган тизимларига эга бўлган мамлакатлар ўзларида амал қилган солиқ тизимини қўллаши ҳам мумкинлигини ҳам назарда тутган.

Амир Темур солиқ тизими билан бир қаторда солиқ маъмуриятчилигини амалга ошириш механизми сифатида давлат солиқ аппаратини ҳам ташкил этишга катта эътибор берган. Ўша даврда округлар, вилоятлар ва мамлакатларнинг бир қисми уларнинг илгариги сохиблари, унинг амирлари, ўғил ва невараларига суюрғол қилиб берилган. Суюрғол ҳуқуқи ҳукумдорга унинг эгасига мазкур ҳудуд аҳолисидан давлат томонидан белгиланган солиқлар ва ўлпонларни ундириш ҳуқуқини берган. Ушбу солиқ ва ўлпонларнинг бир қисми ёки барчаси суюрғол эгасига қолдирилган.

Бошқа вилоятлар тул ёки тархон бошқарув институти воситасида бошқарилган. Бунда фуқаролар алоҳида хизматлари учун хоким этиб тайинланган ва уларга солиқларни йиғиш, ҳамда харажатлар ҳисобини юритиш ҳуқуқи берилган. Тархон бошқарув усулида суюрғолдан фарқли равишда ерлар тўлиқ мулк қилиб берилмаган. Мазкур ҳудудларда даромадларни йиғиш топширилган ҳар бир сипохий уч йил фаолият юритган. Уч йилдан сўнг вилоятда тафтиш ўтказилиб, тафтиш натижасида вилоятнинг ривожланиши ва аҳолиси сипоҳидан норози бўлмаса, амалдаги тартиблар ўзгаришсиз қолдирилган, акс ҳолда даромадлар хокимдан олиб қўйилган.

Ушбу тартиб бугун дунёнинг кўплаб мамлакатларида, жумладан Ўзбекистонда ҳам давлат солиқ органлари раҳбарларини ротация қилиш механизми сифатида ҳозирда ҳамқўлланилиб келинмоқда.

Тархон бошқаруви юритилаётган вилоятларга аҳолини хокимларнинг зўравонлиги ва талон-тарожидан ҳимоя қилиш учун мудир ҳам тайинланган.

Турли адолатсизлик ва зўравонликларни олдини олиш мақсадида давлат бошқарув тизимида солиқларни йиғиш бўйича муддатларни ҳам белгилаб қўйиш зарурлигини инобатга олинган. Масалан ғалла ҳосилини йиғишдан олдин ўлпон йиғиш тақиқланган. Ўлпонларни уч муддатда тўлаш белгиланган.

Соҳибқироннинг солиқларни  маҳсулот етиштирилиб сотилгандан кейин солиқларни тўлаш муддатларини белгилаш тартиби бугун дунёнинг қарийиб барча давлатларда қўлланилади. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Янги таҳрирдагит Солиқ Кодексига асосан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун йиллик солиқ суммасининг 30 фоизи ҳисобот йилининг 1 сентябрига қадар - ва ҳисобот йилининг 1 декабрига қадар - солиқнинг қолган суммасини тўлаш тартиби белгиланган.

Амур Темур томонидан солиқ йиғувчи агар эҳтиёж туғилса ўлпонни йиғишда сўз ва обрўсидан фойдаланиб ҳаракат қилиши белгиланган бўлиб, ўлпон йиғишда таёқ арқон, қамчи ва занжирдан фойдаланиши тақиқланган.

Мазкур солиқ тизимининг яна аҳамиятли ва муҳим томони шундаки, хирож йиғишда ҳам кўр-кўроналикка, палапартишликка йўл қўйилмаган, балки шахсан Амир Темур фармони билан хирожни экиндан олинган ҳосилга, ернинг унумдорлигига ва бошқа шарт-шароитларга қараб олганлар.

Мазкур мисоллар ўзбек давлатчилиги тарихида, Амир Темур даврида, қонунлар халқ манфаатига нақадар мос бўлганлигини кўрсатади. Бундай адолатли солиқ сиёсати, фуқаролар манфаатига тўла мос тушганлиги кўпгина манба ва адабиётларда ўз ифодасини топган. Хусусан, Д.Н.Логофетнинг «Бухоро тоғликлари ва текисликларида» асарида Амур Темурнинг солиқ сиёсати тўғрисида қуйидагиларни қайд этади. «Унинг ҳокимиятида фуқароларга адолат билан муносабатда бўлишади... Биз ҳозир зўр бериб интилаётган даромад солиғи деган нарса унинг ҳокимиятида ўшандаёқ мавжуд эди».

Шу ўринда “Темур тузуклари”нинг тархий-ҳуқуқий масалалари бўйича  тадқиқот олиб борган профессор З.Муқимов давлат бошқарувининг барча жиҳатларида адолатни таъминлаш муҳимлигини таъкидлайди ва Амир Темурнинг давлат бошқаруви назарий-ҳуқуқий асосларига баҳо бериб, “Эҳтимол, унинг ҳар бир воқеага, ҳар бир фуқарога, олиму фузалога, сипоҳга адолат билан қарагани бир умрлик муваффақиятини таъминлаган бўлса керак”, деган хулоса қилади.

Амур Темур давлати солиқ тизими ва солиқ маъмуриятчилиги таққослама таҳлил қилинганда, Амур Темур томонидан ишлаб чиқилган назарий хулосалар бугунги кўплаб ривожланган мамлакатлар амалиётда ҳам қўлланилаётганини кўриш мумкин.

Бундан ташқари тадқиқотларимиз бугун дунё ҳамжамияти томонидан солиққа тортиш тамойиллари ва солиқ маъмуриятчилиги асосчиси Адам Смит, деган фикрни инокор этиб, мамлакатимиз ҳудудида солиқ тизими ва маъмуриятчилигининг назарий-ҳуқуқий асослари Амир Темур томонидан ХIV асарда ишлаб чиқилганлигини исботлайди.

Европа олимлари Амир Темурдан 4 аср кейин ушбу масалалар бўйича ўз қарашларини билдиради. Хусусан, А. Смитнинг солиқ маъмуриятчилиги тўғрисидаги ғоялари Амур Темур тузукларида баён этилган.

Америкалик иқтисодчи Артур Лаффернинг солиқ ставкаси ва солиқ тушумлари ўртасидаги Лаффер эгри чизиғи назарияси ғояси Амур Темурнинг “... раиятдан мол-хирож йиғишда уларни оғир аҳволга солишдан ёки мамлакатни қашшоқликка тушиб қолишидан сақлансинлар. Негаки, раиятни хонавайрон қилиш (давлат) хазинасининг камбағаллашувига олиб келади”, деган қоидасига асосаланади. Лаффер ўз асарларида негадир ушбу ғоя “Темур тузуклари”да эмас Ибн Холдун асарларида ҳам мавжуд деб айтган.

Хулоса қиладиган бўлсак, Амур Темур давлатчилик, ҳарбий стратегия бўйича дунё тарихда ўз ўрнига эга. Соҳибқироннинг солиқ сиёсати бугунги дунё солиқ назариясини шаклланишида ҳам ўз ўрнига эга ҳисобланади.

Исроилов Боҳодир Ибрагимович – Юристлар малакасини ошириш маркази

“Ижтимоий фанлар ва психология, юридик этика” кафедраси мудири, и.ф.д, профессор