+998 71 200 02 35

Юристлар малакасини ошириш маркази раҳбарларининг Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори билан учрашуви

14.01.2020 4505

2020 йил 14 январь куни Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази директори Қутбидин Бурханов Марказда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, элчи Жон МакГрегор билан учрашди.

Учрашувда томонлар Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ)нинг “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази фаолиятини қўллаб-қувватлаш лойиҳаси доирасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишди. Таъкидланишича, томонлар ўртасидаги ўн йилдан ортиқ вақт мобайнида йўлга қўйилган ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бормоқда. 2009 йил лойиҳанинг биринчи босқичини амалга оширишга киришилган эди ва ушбу даврда бир қатор ишлар бажарилди.

Ўтган йиллардаги ҳамкорлик даврида Юристлар малакасини ошириш маркази профессор-ўқитувчилари ва ходимлари ЕХҲТ минтақасидаги бир қатор  давлатларда бўлиб, хорижий тажрибалар билан танишди, халқаро эксперт ва амалиётчилар томонидан ўтказилган семинар-тренингларда иштирок этишди. ЕХҲТ лойиҳалари кооординатори кўмаги билан Марказ компьютер ускуналари янгиланди, замонавий интерфаол ёзув экранлари сотиб олинди, Ахборот-ресурс маркази янги, хорижий юридик  адабиётлар билан бойитилди. Шунингдек, Марказ профессор-ўқитувчилари томонидан яратилган илмий-амалий адабиётларни нашр этиш алоҳида йўналишга айланди. Чоп этилган адабиётлар тингловчилар ва турдош таълим муассаларига бепул тарқатилди.

Марказ директори Қ.Бурханов биргаликда олиб борилган ишларнинг натижаларини қайд этиш баробарида, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 531-сонли қарорининг қабул қилиниши муҳим қадамлардан бўлгани, Марказ фаолияти ушбу қарор асосида такомиллаштирилгани ва янги вазифалар қўйилаётгани, хусусан, малака ошириш ва қайта тайёрлашнинг янги йўналишлари ташкил этилганини таъкидлади.

Элчи Жон МакГрегор Ўзбекистонда юқори малакали мутахассислар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича ўзининг таклифларини баён қилди. У таъкидлаганидек, Марказ лойиҳалар координатори идорасининг муҳим шерикларидан бўлиб келгани ва келажакда ҳамкорлик фаолияти янада такомиллашишига ишонч билдирди. Шунингдек, у 2020 йилга қадар режалаштирилган ишлар доирасида ўқув жараёнига янги инновацион технологияларни жорий этиш бўйича профессор-ўқитувчилар учун ўқув семинарлари ташкил этиш, юридик кадрларни ўқитишдаги энг яхши тажрибаларни ўрганиш учун ЕХҲТ минтақасидаги мамлакатларга ўқув-амалиёт сафари ташкил этиш, қўшма нашрларни амалга ошириш, Марказ веб-сайтини модернизациялаш ишларини биргаликда олиб борилишини таъкидлаб ўтди.