+998 71 200 02 35

Одил судловни таъминлашнинг институционал асослари

07.08.2020 3425

Мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири - бу суд ҳокимиятининг амалда мустақиллигини таъминлашга эришиш ва одил судловни самарали таъминлашдан иборат. Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш демократик ислоҳотларни амалга ошириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, ҳуқуқий тизимни изчил демократлаштириш ва қонунчиликни либераллаштиришни кўзда тутади.

Президент Ш.Мирзиёев турли даражадаги анжуманларда судларнинг чинакам мус­тақиллигини таъминлаш энг устувор вазифа эканлиги, айниқса, суд бирон-бир мансабдор шахснинг қўли етадиган идорага айланиб қолишига мутлақо йўл қўймаслик, шу сабабли суд ишларига аралашгани ёки судга босим ўтказгани учун жавобгарликни кучайтириш лозимлигини такрор ва такрор қайд этиб келади.

Айни вақтда суд ҳимоясини таъминлашдаги ортиқча бюрократик тўсиқлар сақланиб қолаётганлиги, суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичлари мавжудлиги ва бошқа қатор камчиликлар суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқ қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.

Амалиёт судларни қатъий ихтисослаштириш ва ортиқча бюрократик ҳаракатларни қисқартириш ҳамда судларни оптималлаштириш орқали ишларни тезкорлик билан кўриб чиқадиган, бир-бирини такрорламайдиган ва барча бўғин судлари бир хилда фаолият юритадиган тизимни шакллантириш зарурати мавжудлигини кўрсатди. Бундан ташқари одил судловга оид қонунчиликни такомиллаштириш, суд ҳокимиятини тўлиқ амалга ошириш механизмларини жорий этиш, одамларни судга ишончини янада ошириш асосий вазифалардан бўлиб қолаётган эди.

Президентимиз томонидан 2020 йил 24 июль куни қабул қилинган «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6034-сон фармони айни тизимли муаммолар ва тўпланиб қолган долзарб масалаларнинг ечимини кўрсатиб бергани билан аҳамиятлидир.

Фармонда кейинги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган ижобий ишлар таъкидланиши билан бирга, одил судловни амалга оширишдаги муаммолар, одил судловни таъминлашнинг институтиционал асослари, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш билан боғлиқ устувор йўналишлар кўрсатиб берилди. Одил судловни амалга оширишнинг институционал асослари қуйидагиларда намоён бўлади.

Биринчидан, барча бўғиндаги судлар, яъни туман (шаҳар), вилоят ва унга тенглаштирилган судлар ҳамда Олий суд фаолияти судларнинг қатъий ихтисослашувига кўра таркибан қайтадан ташкил этиладиган бўлди.

Иккинчидан, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмлари жорий этилади. Бунда жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида иш юзасидан қарорларни тортишув тамойилига риоя этган ҳолда тарафлар иштирокида қабул қилиш тартиби белгиланади, жиноят ишининг умумий тартибда кўриб чиқилишига тўсқинлик қилувчи омилларни тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этиш имконини берувчи дастлабки эшитув босқичи киритилади.

Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий малака ҳайъатининг ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьялари малака ҳайъатларининг қарорлари устидан Судьялар олий кенгашига шикоят қилиш ҳуқуқи берилади.

Тўртинчидан, суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилади. Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқи бекор қилинади.

2021 йилнинг январь ойидан бошлаб вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилади. Бундан кейин вилоятлар ва унга тенглаштирилган судларга бир нафар суд раиси раҳбарлик қилади. Суд раиси ўз ўринбосарларига эга бўлиб,бир вақтнинг ўзида ўринбосарлар фуқаролик ишлари, жиноят ишлари ва иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг раиси ҳам ҳисобланади.

Янги тартибга кўра маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилади. Жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларида раис, унинг ўринбосари бўлиши мумкин ва бир неча судья фаолият олиб боради.

Маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлари ташкил этилиши муносабати билан туман (шаҳар) маъмурий судлари тугатилади, лекин Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолинади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларига раис раҳбарлик қилади. Мазкур судларда раис ўринбосари ва 3 тадан 7 нафаргача судья бўлиши мумкин. Тошкент шаҳридаги туманлараро маъмурий судларига раис раҳбарлик қилади ва унинг ўринбосари бўлади. Бу судларда 2 нафардан 8 нафаргача судья фаолият олиб бориши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди фаолияти ҳам такомиллаштирилмоқда. Хусусан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорлари Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш тартиби белгиланмоқда. Шунингдек, апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорлари Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиладиган бўлаяпти.

Асосий янгиликлардан бири сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорлари Олий суд раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқилиши институти киритилаётганида кўриш мумкин.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, юқоридаги Фармон ва унда кўзда тутилган устувор йўналишлар одил судловни таъминлашга оид қонунчиликни такомиллаштириш, суд ҳокимиятини янада мустақил қилиш, судни соҳалар бўйича институционал тизимлаштириш, уни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари таъсирига туширмаслик, энг асосийси, адолатли қарорлар қабул қилиш орқали одамларнинг судга ишончини янада мустаҳкамлаш йўлларини белгилайди.

Бобоқул ТОШEВ,
Юристлар малакасини ошириш
маркази кафедра мудири,
юридик фанлар доктори