+998 71 200 02 35

«Давсувинспекция» ходимларининг малакаси оширилмоқда

21.11.2019 5100

Республика аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлашни тубдан яхшилаш, сув таъминоти ва канализация тизими объектларини самарали эксплуатация қилиш, ичимлик суви ресурсларидан оқилона фойдаланиш, шунингдек, ичимлик сувидан фойдаланишни давлат томонидан назорат қилишнинг ягона тизимини яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси («Давсувинспекция») ташкил этилган.

«Давсувинспекция» ўз зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун, мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча тоифадаги сув таъминоти ва канализация объектлари, шунингдек, сув чиқариш қудуқларини ўз ваколатига тааллуқли масалалар бўйича ўрганиш; юридик ва жисмоний шахсларнинг объектлари, шунингдек, турар жойларда сув таъминоти ва канализация тизимларига уланиш ҳамда улардан фойдаланиш қоидаларига риоя этиш бўйича белгиланган тартибда текширувлар ўтказиш; сув таъминоти ва канализация соҳасидаги қонунчилик талаблари, шунингдек, сув таъминоти ва канализация тизимларига уланиш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жарима солиш ҳуқуқига эгадир.

 

Бу тизимда турли соҳа (ҳуқуқшунос бўлмаган) вакиллари фаолият юритгани боис, мазкур инспекция ходимлари фаолиятида жисмоний ва юридик шахсларда тадбиркорлик субъектларида назорат тадбирларини амалга ошириш ҳамда маъмурий ишларни юритиш ва жарималарни ундириш масалаларида бир қатор муаммолар юзага келмоқда. Мазкур муаммоларни бартараф этиш, инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилмаслигини таъминлаш ҳамда “Давсувинспекция” ходимларининг ҳуқуқий онгини янада юксалтириш мақсадида, ушбу ходимларнинг малакасини ошириш Юристлар малакасини ошириш марказига юклатилди.

Шу муносабат билан, Марказда жорий йилнинг ноябрь ойида “Давсувинспекция” ходимларининг биринчи гуруҳи ўқитилиши бошланди. Бу гуруҳлар учун таълим жараёни “Давсувинспеция” ходимлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларда, жумладан тадбиркорлик субъектларида назорат тадбирларини амалга ошириш тартиби, томонидан маъмурий ишларни юритиш ва жарималарни ундириш қоидалари каби йўналишларни қамраб олган.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Марказ юристлар малакасини ошириш фаолиятида жаҳон андозалари ва замонавий стандартларга тўла мос келадиган таълим муассасасига айланган бўлиб, бу таълим муассасасида юқори салоҳиятга эга бўлган профессор-ўқитувчилар дарс берадилар, машғулотлар илғор замонавий педагогик технологиялар асосида ўтказилади.

 

Анъаналарга содиқ қолиб, жорий йилнинг 13 ноябрь куни Марказ раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари билан ичимлик сувдан фойдаланишни назорат қилиш Давлат инспекцияси ходимларидан иборат тингловчилар гуруҳи билан ана шундай учрашув ташкил қилинди. Учрашувда Марказ профессор-ўқитувчилари ушбу соҳа вакилларини қизиқтирувчи саволларга жавоб беришди. Тингловчилар ўз фаолиятининг асосий йўналишлари, фаолиятда мавжуд бўлиб турган муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари бўйича фикр алмашдилар.

Учрашув сўнггида ушбу соҳа вакиллари ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб, Марказ профессор-ўқитувчиларига миннатдорчилик билдирдилар.