+998 71 200 02 35

Бефарқликнинг бадали борми?

02.04.2020 4114

2018 йил июнь ойида UZREPORT телеканали одамларни ўзига хос тарзда синовдан ўтказди. Актёрлардан иборат икки-уч нафар йигит бир ўсмирга дўқ-пўписа қилди ва гўёки уни калтаклади. Яширин камерада суратга олинган мазкур “саҳна”лар гавжум жойларда, бекатдан сал нарида, пиёдалар йўлакчасида уюштирилди. Ўтган-кетган уларнинг ажримига аралашмади, кўриб кўрмаганга олди. Бепарво ўтиб кетаверди. Айрим эркакларни эса хотини судрагудек қилиб ўз ортидан эргаштирди. Хуллас, ўткинчилар оч қорним – тинч қулоғим қабилида иш тутишди. Аслида эса бу шунчаки бефарқлик, лоқайдлик, қўрқоқлик бўлиб, жамиятни емирадиган иллатлардир.

 Атрофимизда юз бераётган воқеларга бефарқ бўлмасдан хушёрликни таъминлашда кичик, майда-чуйда нарсаларнинг ўзи бўлмайди. “Бир гугурт бир қишлоқни ёндиради”, “Бир таёқ бошни ёради” каби халқ донишмандлиги намуналарида бундай бефарқлик, эътиборсизликнинг инсон ва жамият ҳаётида қандай окибатларни келтириб чиқариши мумкинлиги ўзининг яққол ифодасини  топган.

Шундай бўлса-да, афсуски, ҳаётимизда ҳали-ҳануз бефарқлик, лоқайдлик, содир бўлаётган ҳодисаларни кўриб кўрмасликка олиш каби иллатлар мавжудлигини, орамизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашни фақат давлатнинг иши, “бунинг менга дахли йўқ” деб ўйлайдиганлар ҳам борлигини афсус ила қайд этиш лозим.  Машҳур  адиблардан бири  “Лоқайдлик дунёдаги энг кучли зилзила ва бўронлардан ҳам ёмон душмандир!”, — деб ёзган эди.

2019  йил кузида Хитойда пандора  қутиси оғзи очилиб, ундан коронавирус деб номланмиш инсониятни емирувчи унинг хавфсизлигига таҳдид қилувчи иблис чиқиб келди. Бу коронавирус қисқа муддатда ер юзининг 180 яқин мамлакатлари ҳудудини қамраб олиб юзлаб, минглаб инсонларни ёстиғини қуритиб келмоқда, унинг қаршисида дунёнинг энг қудратли давлатлари ҳам ожиз қолмоқда.

Хўш, нима учун бу коронавирус деб номланмиш хавф олдида дунёнинг барча мамлакатлари  чорасиз қолмоқда, нима учун бу хавфни бартараф этиш учун мамлакатлар ажратаётган  миллиардлаб доллар пуллар натижа бермаяпди, кўрилган чора тадбирлар  самарасиз кетмоқда, чунки ҳамма гап бу ерда инсонларнинг бефарқлиги, лоқайдлиги ва бепорвалигидадир.  Шу ўринда бир ўхшатиш ёдимга тушди. Африкада  туяқуш деган  жонзот яшайди. Туяқушнинг ғалати одати бор: бирон хавфни сезса, бошини қумга тиқиб тураверади. Баъзи одамларда ҳам шундай одат мавжуд: келаётган хавфдан қўрқиб, бошларини гўё қум орасига тиқиб яшайдилар, атрофга қарамайдилар. Келажакни тасаввур қила олмайдилар. Энг ёмони яқинлашаётган хатарни сезмайдилар ва оқибатларини ҳис этмайдилар.

   Бугунги кунда кўзга кўринмайдиган инсон учун ниҳоятда хатарли бўлган таҳдидлардан яна бири бепарволик ва лоқайдликдир. Жамиятда бепарво, лоқайд кимсалар борлигининг ўзиёқ тараққиётга жиддий хавф солади. Биргина мисол, юртимизда коронавирус сабаб ўрнатилган  карантин қоидаларини айрим кимсалар томонидан атайлаб бузилиши ва бу қоидаларни менсимаслик шу бефарқлик,  лоқайдлик ва  бепарволик оқибати эканлиги эмасми? Луқмони Ҳакимдан сўрадилар: “Одамларнинг энг ярамаси, энг ёмони ким?”. У киши айтдилар: “Одамларнинг ёмонликни кўра туриб, кўрмасликка олгани, бефарқ,  бепарво, лоқайд бўлганидир”.

Дарҳақиқат, бепарволик ва беғамлик барча даврларда юзага келган кулфат ва мусибатларнинг асосий сабаби бўлган. Донишмандлардан бирининг “Душманлардан қўрқма – нари борса, улар сени ўлдириши мумкин. Дўстлардан қўрқма – нари борса, улар сенга хиёнат қилиши мумкин. Бироқ бефарқ одамлардан қўрқ – улар сени ўлдирмайди ҳам, сотмайди ҳам, фақат уларнинг жим ва бепарво қараб туриши туфайли ер юзида хиёнат ва қотилликлар содир бўлаверади”, — деган фикрлари ҳам лоқайдлик ва бефарқлик келтириб чиқарадиган оқибатларнинг даҳшатини тасаввур қилиш имконини беради.

Баъзи одамлар мамлакат хавфсизлигини, тинчлик-осойишталигини асраш  деганда қўлда курол билан мамлакат сарҳадларини қўриқлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлашни тушунишади. Аслида шундайми? Йўқ, албатта! Тинчликни асраш фақат мудофаа дегани эмас. Осуда ҳаётни ҳимоя қилиш фақат ҳарбийлар, ҳуқуқ-тартибот идораларининг зиммасидаги вазифа эмас! Тинчлик фаровон, осойишта ҳаётимиз, жами эзгу ниятлар ва тилакларимиз амалга ошишининг асоси ва манбаи экан, уни асраб-авайлаш ҳамманинг ва ҳар бир кишининг муқаддас бурчидир. Шунинг учун ҳам, бугунги кунда ҳар бир инсон “юртим тинч – мен тинч”, деган ҳақиқат билан яшаши, ўз уйи, маҳалласи, Ватанининг хавфсизлигини таъминлаш учун аввало ўзи қайғуриши, бу ишни муқаддас бурчи деб билиши зарур.

Беғамлик, бефарқлик эса лоқайдликнинг онасидир. Ҳар қандай фазилат ҳаддан ошса, иллатга: андиша – кўрқоқлик, ибо — мутелик, уялиш — журъатсизликка айланади. Ер бузилса — деҳқон, бола бузилса — ота-она уялади, агар одамлар бефарқ ва бепарво бўлса унда ким уялиши керак? Яхши фазилат экиб, парвариш қилинмаса, ёмон сифатлар унади. Фарзанд кўриб, қаровсиз қолдирилса у фидойи, ватанпарвар бўлмайди, гиёҳванд, жиноятчи ёки мутаассиб  бўлади, бефарқ ва бепарво одамлар кўп бўлса бу мамлакатни келажаги ҳам ўлади.

Ҳозирги оғир дамларда мамлакат Президенти, ҳукумати коронавирус оқибатларига қарши кескин чоралар кўриб бир қатор Фармонлар ва қарорлар қабул қилинди,  фуқароларимиз хавфсизлигини таъминлаш учун мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилмоқда, коронавирусга қарши республика комиссияси фаолият юритмоқда, умумий миқдори 10 триллион сўмлик махсус фонд ташкил этилди, рекорд, қисқа муддатларда шифохоналар барпо этилмоқда, хорижий мамлакатлар ҳудудида қолиб кетган фуқароларимизни олиб келиш учун чартер рейслари ташкил этилмоқда, барча давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти бу балони бартараф этиш учун сафарбар этилмоқда,  юзлаб, минглаб тиббиёт ходимлари, ички ишлар, мудофаа, миллий гвардия хизматчилари куну тун тиним билмай хизмат жойларида қолиб фаолият юритмоқда. Шундай шароитда биздан фақат бир нарса талаб этилмоқда:  карантин талабларига оғишмай амал қилиш, уйимизда қолиб, мулоқат доирамизни кескин чеклаш, бефарқ ва бепарво бўлмасдан бошқалардан ҳам шуни қатъий талаб қилиш. Бу коронавирусдан халқимизни асрашнинг ягона тўғри йўли ва бу йўлни қанчалик тўғри эканлигини Хитойни вирус тарқаган Ухань шаҳри исботлади ва у ерда вирус, ўрнатилган карантин ва темир интизом олдида чекинишга мажбур бўлди.

Дунё миқёсида бефарқлик ва бепарволикни баҳоси қандай?

АҚШдаги Жон Хопкинс университети томонидан 02 апрель 2020 йилгача бўлган коронавирус пандемияси маълумотлари:

1) дунё мамлакатларида коронавирус  билан касалланганлар сони — 857 927 нафар;

2) ушбу касалликдан вафот этганлар сони — 42 115нафар;

3) коронавирусдан тузалганлар сони — 178 103 нафар.

Ўзбекистондаги ҳолат: 187 нафар.

Ўзбекистонда карантин қоидаларини бузган шахслар сони — 17 668 нафар; шундан – 314 нафари карантин ҳудудини тарк этган,  23 нафари тўй, марака ўтказиш тартибини бузган, 4 нафар фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилган, қолганлари ниқоб тақмаган.

Хулоса ўзингиздан……….

Ғайбулла Алимов,

Адлия вазирлиги қошидаги

Юристлар малакасини ошириш маркази кафедраси мудири