Мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотларни амалга оширилишининг ҳуқуқий асосларидан бири Ўзбекистон Республикасининг “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонуни 2022 йил 12 апрелда қабул қилинди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг “Банкротлик тўғрисида”ги Қонуни ўз кучини йўқотди.
“Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонуни билан юридик ва жисмоний шахсларнинг, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорларнинг тўловга қобилиятсизлиги соҳасидаги муносабатлар тартибга солинади.
Қонуннинг амал қилиши давлат муассасаларига ва бошқа нотижорат ташкилотларига нисбатан татбиқ этилмайди, бундан матлубот кооперативи ёки ижтимоий фонд шаклидаги фаолиятни амалга ошираётган юридик шахслар мустаснодир.
Тўловга қобилиятсизлик деганда, суд томонидан эътироф этилган, қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини тўла ҳажмда қаноатлантиришга ва солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятларини тўла ҳажмда бажаришга қарздорнинг қодир эмаслигига тушунилади.
Тўловга қобилиятсизлик қачонки, унинг аломатлари бўлган тақдирда тан олиши мумкин. Тўловга қобилиятсизлик вақтинчалик ва доимий аломатлардан иборат бўлади.
Вақтинча тўловга қобилиятсизлик — агар тегишли мажбуриятлар юзага келган санадан эътиборан уч ой ичида қарздор томонидан бажарилмаган бўлса, шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхоналар томонидан эса олти ой ичида бажарилмаса, судга мурожаат этиш санасида қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қаноатлантиришга ва солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга қодир эмаслигига олиб келадиган ушбу аломатларда кўринади.
Доимий тўловга қобилиятсизлик — агар судга ариза бериш санасидаги ва ариза берилган йилнинг бошидаги ҳисобот даврида, агарда ариза йилнинг биринчи чорагида берилган бўлса, ўтган йилнинг бошидаги ҳисобот даврида қарздорнинг мажбуриятлари унинг активлари қийматидан ошиб кетган аломатларидир.
Қайд этилган қоидалар жисмоний шахслар, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилаётганда қўлланилмайди.
Бунда, қарздор жисмоний шахснинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қаноатлантиришга ва солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятини тўлиқ ҳажмда бажаришга қодир эмаслиги, агар тегишли мажбуриятлар ва тўлов мажбуриятлари юзага келган кундан эътиборан уч ой ичида қарздор жисмоний шахс томонидан бажарилмаган ҳамда қарздор жисмоний шахсга нисбатан талаблар базавий ҳисоблаш миқдорининг камида икки юз баробарини ташкил этса, қарздор жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги аломатлари ҳисобланади.
Агарда, тегишли мажбуриятлар ва тўлов мажбуриятлари юзага келган кундан эътиборан уч ой ичида қарздор якка тартибдаги тадбиркор томонидан бажарилмаса ҳамда қарздор якка тартибдаги тадбиркорга нисбатан талаблар базавий ҳисоблаш миқдорининг камида икки юз бараварини ташкил этса, қарздор якка тартибдаги тадбиркорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қаноатлантириш ва солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятларини бажариш имконияти йўқлиги қарздор якка тартибдаги тадбиркорнинг тўловга қобилиятсиз эканлигининг аломатлари бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (ЎзР ИПК) нинг 3-моддасида “Ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун иқтисодий судга шу кодексда белгиланган тартибда мурожаат қилишга ҳақли” деб кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонунига кўра қарздор пул мажбуриятларини бажармаганлиги муносабати билан унга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат этиш ҳуқуқига қарздорнинг ўзи ва кредитор эга.
Бундан келиб чиқадики, қонунчиликка кўра тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш фақат иқтисодий судларга тааллуқли бўлганлиги туфайли, суд бундай ишларни кўриб чиқиб ҳал қилишда иқтисодий процессуал кодекси билан параллел равишда тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги қонунини ҳам биргаликда қўллайди.
Бу эса, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишларнинг ўзига хос жиҳатлари бўлиб кўринади.
Ариза билан судга мурожаат қилган ишда иштирок этувчи шахслар қарздор ва кредитор тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризада қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклашга ёхуд тугатишга доир иш юритиш тартиб-таомилларини қўллаш зарурлигини кўрсатиши мумкин.
Бу ҳолатда ишда иштирок этувчилар “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонунига асосан кредитор ва қарздор мақомига эга бўлса, ЎзР ИПКга кўра аризачи ва манфаатдор шахс бўлиб ҳисобланади.
Шунда ўринли савол туғилиши мумкин, суд бундай ишларни кўриб чиқишда иштирок этувчиларни қайси мақомда кўрсатиши мумкин. Агарда, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш суд мажлисида кўрилаётган жараёнида аризачи ва манфаатдор шахс бўлиб ишда иштирок этишса, суд ҳужжатларига асосан тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомиллари жорий этилганда, кредитор ва қарздор мақомида тўловга қобилиятсизлик (банкротлик) ишининг иштирокчилари бўлиб ҳисобланадилар.
Қарздор солиқлар ва йиғимлар бўйича мажбуриятларини бажармаганлиги муносабати билан унга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат этиш ҳуқуқига қарздорнинг ўзи, давлат солиқ хизмати органлари, шунингдек устав фондида (устав капиталида) давлат улуши бўлган ва пул мажбуриятлари бўйича Ўзбекистон Республикаси олдида қарзи бўлган юридик шахсларга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишлар бўйича ваколатли давлат органи ва унинг ҳудудий бошқармалари эга бўлади.
Қайд этилганидек, “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган аломатлар мавжуд бўлганда қарздор тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат этишга ҳақли.
Шунингдек, қарздор юридик шахс ўз муассисларининг (иштирокчиларининг) ёки мол-мулки эгасининг қарори ёхуд мол-мулкининг эгаси томонидан вакил қилинган органнинг қарори асосида қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат этади.
“Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонунида шундай ҳолатларда, яъни қарздор юридик шахснинг раҳбари, қарздор жисмоний шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида ариза билан судга мурожаат этиши шартлиги белгиланган.
Булар қуйидаги ҳолатлардан иборат:
бир ёки бир нечта кредиторларнинг талабларини қаноатлантириш қарздорнинг бошқа кредиторлар олдидаги пул мажбуриятларини ва солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятларини тўлиқ ҳажмда бажаришини имконсиз қилиб қўйишга олиб келадиган бўлса;
қарздорнинг таъсис ҳужжатларига мувофиқ қарздорни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилишга ваколатли бўлган орган томонидан қарздорни тугатиш тўғрисида ариза билан судга мурожаат этиш ҳақида қарор қабул қилинган бўлса;
қарздор унитар корхона мол-мулкининг эгаси ваколат берган орган томонидан қарздорнинг аризаси билан судга мурожаат этиш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса;
қарздорнинг мол-мулкига қаратилган ундирув қарздорнинг хўжалик фаолиятини имконсиз қилиб қўйиши ёки бошқа кредиторлар талаблари қаноатлантирилмаслигига олиб келиши мумкин бўлса.
Агар юридик шахс тугатилаётганда кредиторларнинг талабларини тўлиқ ҳажмда қаноатлантириш имконсизлиги аниқланган бўлса, тугатиш комиссияси ёки тугатувчи судга қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида ариза билан мурожаат этиши шарт.
Қарздорнинг, тугатиш комиссиясининг ёки тугатувчининг аризаси бир ёки бир нечта кредиторларнинг талабларини қаноатлантириш қарздорнинг бошқа кредиторлар олдидаги пул мажбуриятларини ва солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятларини тўлиқ ҳажмда бажаришини имконсиз қилиб қўйишга олиб келадиган ва қарздорнинг таъсис ҳужжатларига мувофиқ қарздорни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилишга ваколатли бўлган орган томонидан қарздорни тугатиш тўғрисида ариза билан судга мурожаат этиш ҳақида қарор қабул қилинган ҳолатлар юзага келган пайтдан эътиборан бир ойдан кечиктирмай судга юборилиши керак.
Бундан ташқари тўловга қобилиятсизлик аломатлари аниқланган тақдирда давлат солиқ хизмати органлари, давлат статистика органлари ваколатли давлат органига устав фондида (устав капиталида) давлат улуши бўлган корхоналар ҳақидаги маълумотларни тақдим этиши, шунингдек ваколатли давлат органининг сўровига кўра корхоналарнинг иқтисодий қодирлиги тўғрисидаги бошқа маълумотларни тақдим этиши шарт.
Шунингдек, қарздорнинг раҳбари, тугатиш комиссияси аъзолари ёки тугатувчи томонидан судга қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида ариза тақдим этилмаганлиги туфайли қарздорнинг юзага келган пул мажбуриятлари ва солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича мажбуриятлари қарздор раҳбарининг, тугатиш комиссияси аъзоларининг ёки тугатувчининг субсидиар жавобгарлигига сабаб бўлади.
Умуман олганда, “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонунида кўрсатиб ўтилган тўловга қобилиятсизлик аломатлари мавжуд бўлганда, бундай ариза билан иқтисодий судларга мурожаат қилинади ва иш юзасидан ҳеч қандай низолашишга асослар мавжуд бўлмайди. Агарда, бундай аломатлар бўлмаган тақдирда тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатилса, бундай ҳолларда низо вужудга келиши мумкин. Шу сабабли, бундай ишларнинг яна бир жиҳати уларнинг низосиз ва низоли кўринишда бўлишидир.
Насуллаев Мубин
Юристлар малакасини ошириш
Маркази доценти