+998 71 200 02 35

Тарихий тараққиёт йўллари, вазифалар ва устувор йўналишлар сари

20.02.2020 3227

 Ўзбекистонда кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш узлуксиз таълим тизимининг мустақил босқичи ҳисобланади. Бинобарин мамлакатимизда жамиятнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш, бозор иқтисодиёти қонуниятларининг ҳуқуқий асосларини яратиш, инвестициявий муҳитни шакллантириш ва хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш ҳамда уни ишончли ҳимоя қилишда, миллий давлатчилик ва ҳуқуқий тизимни мустаҳкамлашда замонавий фикрлайдиган ва мустақил равишда қарорлар қабул қиладиган малакали юридик кадрларнинг ўрни беқиёс ҳисобланади. Шу нуқтаи назарда юрист кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази муҳим ўрин эгаллайди.

Ҳолбуки, Ўзбекистонда юрист кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини шаклланиши тарихига назар ташланса, у 20 асрнинг 40-йилларига бориб тақалади. Ўша пайтларда Республикада ҳуқуқшунос кадрларга бўлган эҳтиёж, бу соҳада кадрлар етишмаслиги каби муаммолар мавжуд эди. Шу сабабли ушбу соҳадаги муаммоларни бартараф қилиш учун 1939 йили Адлия вазирлиги қошида юридик мактаб ташкил қилинди ва унда судъяларни тайёрлашга йўналтирилган 6 ойлик ўқув курслари йўлга қўйилди. Шунга мувофиқ мактабда ўқув режалари ишлаб чиқилиб, суд тизими учун мутахассислар тайёрлана бошланди.

1947 йилга келиб собиқ Иттифоқ Адлия вазирлиги қошида 9 ойлик суд ва прокуратура ходимларини тайёрлаш Ўрта Осиё курси фаолият кўрсата бошлади. Бу курс Иттифоқ миқёсидаги ҳудудий муассаса бўлиб, Ўрта Осиёдаги бошқа республикалар учун ҳам ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаб берди.

Кейинчалик Республикада Ўзбекистон ССР Адлия вазирининг 1971 йил 29 январдаги “Адлия ходимлари малакасини ошириш Республика курсларини ташкил қилиш тўғрисида”ги 20-сонли буйруғига асосан адлия органларининг ходимлари, вилоятлар ва уларга тенглаштирилган судларнинг суд аъзолари, район (шаҳар) халқ судларининг судьялари ва раислари, шунингдек, адвокатлар, нотариуслар, Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари ҳамда халқ хўжалиги юридик хизмати ходимларининг 2 ой муддатли малака ошириш курслари ташкил қилинди. 1973 йилнинг апрель ойидан мазкур муддат халқ судьялари, вилоят судлари аъзолари ва адвокатлар учун 1 ойга камайтирилди.

Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришгандан сўнг ҳуқуқшунос кадрларга бўлган эҳтиёж янада ортди. Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 19 январдаги “Ўзбекистон Республикаси адлия оpганлаpи ва судлаpи фаолиятини ташкил этиш масалалаpи тўғpисида”ги 18-сонли қарори билан адлия ходимлари малакасини ошириш республика курслари негизида “Суд ва адлия органлари ходимлари малакасини ошириш институти” ташкил қилинди.

Мазкур институтда суд ва адлия органлари ходимлари малака оширдилар ва қайта тайёргарликдан ўтдилар. Малака ошириш курслари икки ҳафтадан бир ой муддатгача этиб белгиланди.

Давлат ҳокимияти ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжини қондириш, замонавий билимлар асосида ҳуқуқшунос кадрларнинг касбий тайёргарлигини ҳамда уларни қайта тайёрлашни тубдан яхшилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 25 июндаги “Ҳуқуқий тарбияни яхшилаш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти даражасини юксалтириш, ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, жамоатчилик фикрини ўрганиш ишини яхшилаш ҳақида”ги ПФ-1791-сон Фармони асосида Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 21 июлдаги 364-сон қарори билан “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази” ташкил этилди.

Мазкур қарор билан Марказга давлат ва жамият қурилиши соҳасини демократлаштиришнинг замонавий талаблари ва жараёнларини ҳисобга олган ҳолда адлия, суд, юридик хизмат, адвокатура бўйича ҳуқуқшунос кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, захирада бўлган ва илк бор фуқаролик ишлари бўйича туманлараро (шаҳар) ва жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари раислари ва судьялари, округ ва ҳудудий ҳарбий судлар раислари, раис ўринбосарлари ва судьялари, хўжалик судларининг судьялари лавозимларига тақдим этилаётган шахсларни уч ойлик махсус курсларда ўқитиш ҳамда бошқа соҳа мутахассисларининг ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича шартнома асосида ўқишлар ташкил этиш, юридик олий таълим муассасалари ҳуқуқшунослик фанлари профессор-ўқитувчиларининг малакасини ошириш, шунингдек ҳуқуқшунослик соҳасида илмий тадқиқотларни амалга ошириш вазифалари юклатилди.

Кейинчалик мазкур қарорга Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 19 июндаги 118-сонли, 2012 йил 28 мартдаги 87-сонли ва 2013 йил 30 декабрдаги 347-сонли қарорлари асосида тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, Марказ фаолияти ва тузилмаси янада такомиллаштирилди.

Юқорида қайд этилганидек, Марказда ўқитиладиган тингловчилар сони ва контингенти йилдан йилга ортиб бормоқда. Бугунги кунда Марказда 7 та ихтисослик йўналиши бўйича кадрлар доимий равишда ва 10га яқин турли соҳалардаги ихтисослик йўналишлари бўйича кадрлар талаб ва таклифлар асосида малака ошириш курсларида ўқитилмоқда. Ўз навбатида мазкур ҳолатлар ва мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар Марказ фаолиятини янада такомиллаштириш эҳтиёжини келтириб чиқарди.

Шу боисдан 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 531-сонли қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан Марказнинг янги устави тасдиқланди.

Мазкур Устав билан Марказнинг мақоми, мақсади, вазифалари ва фаолиятининг асосий йўналишлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ўқув жараёнини ташкил этиш тартиби ҳамда Марказ фаолиятининг асосий йўналишлари белгилаб берилди.

Ўтган қисқа муддат давомида Марказнинг ички меъёрий ҳужжатлари такомиллаштирилди, Юрист кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талаблари ишлаб чиқилиб, ўқув дастурлари танқидий кўриб чиқилди, малака оширишнинг замонавий, тезкор ва таъсирчан шакли ҳисобланган қисқа муддатли ва мавзули ўқув курслари жорий этилмоқда, Марказ илмий салоҳияти 100 фоизга етказилди, Марказда масофадан туриб ўқитиш таълим шакли ишга туширилди, амалий машғулотларни интреактив тарзда олиб бориш мақсадида «Суд зали» ўқув хонаси ва замонавий компьютер техникалари ва мебель жиҳозлари билан таъминланган ўқув аудиториялари ташкил этилди, тингловчиларнинг мустақил ишлашлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида WI-FI симсиз тармоғи жорий этилди, Марказнинг “Юрист ахборотномаси” журнали фаолияти ислоҳ қилиниб, электрон шаклга ўтказиш ишларини амалга оширилмоқда.

Шунингдек, Марказда ўқув дастурлари асосида ташкил этилаётган ўқув юкламасининг 60 фоизи амалий машғулотларга, 40 фоизи эса тингловчиларни ўтказилаётган ислоҳотлар билан, янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, амалдаги қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти билан таништиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўқув дастурларига юридик фанлар ва мутахассислик мавзулари билан бирга, тингловчиларнинг раҳбарлик ва вақтни самарали ташкил этиш ва бошқариш кўникмаларини шакллантиришга кўмаклашишга қаратилган (“Вақтни идора этиш ва иш жараёнини самарали ташкил қилиш”, “Низоли вазиятларни ҳал этиш”, “Фуқаролар ва процесс иштирокчилари билан мулоқотда бўлиш кўникмалари”, “Бошқарув кўникмаларини ўстириш”, “Иш жойида стрессни идора эта билиш”, “Нотиқлик маданияти”, “Юридик нутқ маданияти”) мавзулар ўқитилмоқда.

Марказ таълим жараёнига мамлакатимизнинг етакчи олимлари ва мутахассисларини, шунингдек, парламент аъзолари, Адлия вазирлиги, Конституциявий суд, Бош прокуратура, Республика суд экспертизаси маркази, Адвокатлар палатаси ва бошқа давлат органлари ҳамда жамоат бирлашмаларининг тажрибали амалиётчи ходимларини жалб этилмоқда.

Юқоридагилар билан бирга Ўзбекистон Республикасининг “Медиация тўғрисида”ги қонуни ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2019 йил 31 январдаги 54-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган “Медиаторларни тайёрлаш дастури”га мувофиқ 2019 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб бир ой муддатга мўлжалланган 144 соатлик ўқув дастури асосида медиаторларни тайёрлаш тизими йўлга қўйилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 1 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги интеллектуал мулк агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4380-сон қарорига мувофиқ Марказда патент вакилларини малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш курслари йўлга қўйилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, шунингдек, замонавий, етук кадрларга бўлган эҳтиёжни қондириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини кучайтириш, ҳуқуқий тизим ва давлатчилик асосларини мустаҳкамлаш, жамиятнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, норма ижодкорлигини ривожлантириш, амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш мақсадида кадрлар малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, Республикамиз ва хорижий малака ошириш муассасалари фаолиятидаги илғор тажрибаларни ўрганиш, тизимдаги мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш йўлларини ишлаб чиқиш олдимизда турган асосий вазифалардан саналади.

Ушбу вазифалардан келиб чиққан ҳолда олдимизда турган устувор йўналишларни белгилаб олиш ҳамда бу борадаги ишларни самарали ташкил этиш кадрлар сифатини янада оширишга хизмат қилади. Марказ жамоаси олдига қўйилган вазифаларни тўла-тўкис амалга ошириш мақсадида амалга ошириладиган бир қатор устувор йўналишлар белгилаб олинди. Хусусан:

1) жойларда сайёр ўқув йиғинлари ва онлайн масофавий таълим жараёнларини ташкил этиш мақсадида, Марказнинг филиаллари (аудиториялари)ни ташкил этиш ва уларни моддий-техник жиҳатдан таъмирлаш;

2) ўқув жараёнига “Андрагогика” қоидаларига асосланиб, интерфаол методлар ва замонавий инновацион педагогик технологияларни татбиқ этиш;

3) ўқув жараёнида замонавий инновацион педагогик технологияларни қўллаган ҳолда, ўқув йиғинининг биринчи кунидан охирги кунига қадар ягона мақсадга йўналтирилган ҳолда лойиҳалаштириш ҳамда кафолатланган натижаларга эришиш;

4) ўқув машғулотларини интерфаол методлар ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаган ҳолда ўтказиш;

5) тайёрланаётган барча методик материалларда замонавий инновацион педагогик технологиялар ва интерфаол методлар акс этишини таъминлаш;

6) таълимнинг инновацион турларини ўқув жараёнига татбиқ этиш орқали, ўқув жараёнида ноанъанавий таълим усулларидан фойдаланиш, кадрларнинг малака ошириш ва қайта тайёрлаш тизимида қулайлик яратиш, вақт тежамкорлигига эришиш ва сарф-харажатларни қисқартириш;

7) кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш йўналишида турдош ва хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни янада кучайтириш;

8) профессор-ўқитувчилар таркибининг педагогик-методик маҳоратларини ва билимларини доимий равишда ошириб бориш;

9) Марказнинг ўқув моддий-техник базасини сақлаш, асраб-авайлаш ва доимий равишда такомиллаштириб бориш;

10) раҳбар ва педагог кадрларнинг илмий-педагогик салоҳиятидан келиб чиқиб, уларнинг касбий эҳтиёжларини қаноатлантиришга йўналтирилган узлуксиз малака оширишнинг шаклларини мустақил танлаш ва ўзлаштириш имкониятини яратиш;

11) Адлия вазирлигининг асосий фаолияти мақсад ва вазифалари ҳамда Марказ йўналишларидан келиб чиқиб, назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш мақсадида янги ўқув модуллари ва курсларини жорий этиш;

12) илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилишини назарда тутадиган электрон қўлланмалар, ўқув-методик мажмуалар яратиш;

13) Марказ фаолияти ва тузилмасини халқаро тажрибаларни ўрганиш асосида такомиллаштириш ҳамда ўзини-ўзи молиялаштириш тизимига ўтказишга қаратилган чора-тадбирларни белгилаш.

Ўйлаймизки кадрлар тайёрлашнинг миллий тизимини яратиш борасида доимий равишда ҳамкорликдаги ишларни биргаликда ташкил этамиз ва мавжуд муаммоларни ҳал этиб борамиз.

 

Юристлар малакасини ошириш маркази

директорининг биринчи ўринбосари

юридик фанлар доктори, профессор

Отажонов Аброржон Анварович