Кўпчилик интернетдан фақатгина янгиликлар билан танишиш, ахборот қидириш, электрон почтадан фойдаланиш ёки гап сотиш учун фойдаланиши ҳеч биримизга сир эмас. Интернетнинг имкониятлари кундан - кунга ошиб бормоқда. Бунга мисол қилиб: масофадан ўқитиш, электрон кутубхоналар, телемедитсина, телеметрология, электрон тадбиркорлик, электрон магазинлар ва масофавий таълим усулларини соҳаларни айтишимиз мумкин.
Масофавий таълим услуби ўқитишнинг янгича замонавий шакли бўлиб, у тингловчи (ўқувчи)нинг мустақил фикрлаш, ҳолатни баҳолаш, хулоса қилиш қобилиятларини ривожлантиради. Мустақил билим олишга, изланишга, фикрлашга ўргатади.
Масофавий таълимнинг афзаллиги шундаки, унда ҳар ким ўзига қулай вақтда, қулай жойда, қулай муҳитда билим олиши мумкин. Шу туфайли ушбу тизим бугунги кунда дунёда кенг оммалашмоқда.
Масофавий таълим – ўқув жараёнининг мақсади, мазмуни, услублари, ўқитиш воситалари ва интернет технологиялари ёрдамида тингловчи ҳамда ўқитувчиларнинг масофадан туриб, интерфаол мулоқот қилиш жараёни ҳисобланади.
Бугунги кунда дунёда кўпгина ОТМлар, йирик корхоналар мутахассислар малакасини оширишда ушбу услубдан фойдаланиб, йилига миллионлаб пул маблағларини тежамоқда.
Шунингдек, масофавий таълимнинг ташкилий-иқтисодий афзалликлари ҳам мавжуд бўлиб, масалан, ўқитиш учун синфлар, доскалар, столлар ва бошқа ўқув қуроллари зарур эмас. Молиявий харажатлар асосан ўқув-услубий материаллар тайёрлаш ҳамда интернет трафик учун сарфланади. Табиийки бу тизим самарасида харажатлар камаяди. Ўқув-услубий материаллар қанчалик тушунарли ва батафсил бўлса, шунчалик ўқувчига фойдали бўлади.
Бу ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасидаги онлайн дарс жараёнидир. Бундай дарслар учун аввало коммуникация, масофавий таълим услубий материаллари, электрон ва одатдаги дарсликлар, аудио ва видео дарсликлар, онлайн дарслар (интернет саҳифа) электрон кутубхоналар, тестлар, мультимедиа электрон дарсликлар ва, албатта, интернетга уланган компьютер керак бўлади.
Бундай таълимда ўқувчи ҳар куни таълим муассасасига бориши шарт эмас. Шу билан бирга бу тизим воситасида саломатлиги чекланганлар, узоқ ҳудудларда яшовчи болалар, ҳатто маҳкумлар билан бирга бўлиб турган болалар ҳам таълим олиши мумкин.
Катталарга эса масофавий таълимда ўз меҳнат фаолиятидан ажралмаган ҳолда таълим олиш ва малака оширишларига имконият яратилади.
Бундан ташқари, масофадан туриб ўқиганда бир неча курсларда бир вақтнинг ўзида таълим олиш имконияти мавжуд.
Тадқиқотларда аниқланишича масофавий таълим анъанавий таълимдан асло қолишмайди. Балки самарасига кўра устунлик жиҳатлари ҳам бор. Негаки, ўқув материалининг асосий қисмини ўқувчи ўзи мустақил ўқиб-ўрганади. Бу ўтилган мавзуларни пухта ўзлаштириш ва эслаб қолишга ёрдам беради. Бунинг устига дарсларни янги технологиялар воситасида ўқиш тингловчии учун қизиқарли ва мазмунли бўлади.
Бундай таълим тизимида дарсликлар, қўлланмалар етишмаслиги каби муаммолар бўлмайди. Ўқувчи ўқув материалини электрон почта ёки ижтимоий тармоқ орқали қабул қилиб олади. Шу билан бирга маълум сайтларга обуна бўлиши, маълумотлар базасига кириб, ўзига керакли ахборотларни олиши мумкин.
Масофавий таълимнинг яна бир афзаллиги унинг арзонлигидир. Жумладан ўқишга бориш-келишга, тарнспортга пул сарфланмайди. Чет элда ўқиш учун эса виза ва хорижий паспорт ҳам талаб қилинмайди.
Масофадан ўқитишда ўқувчиларни баҳолаш онлайн-тестлар ёрдамида амалга оширилади. Шу сабабли ўқувчиларда имтиҳон пайтидаги ҳавотир ва ҳаяжон кузатилмайди.
Бундай ўқитиш жараёнининг ўқитувчи учун фойдали жиҳати шуки, масофадан туриб педагогик фаолият олиб бориш воситасида нисбатан кўп ўқувчиларга эътибор қаратиши мумкин. Ўқитувчи дам олиш ёки декрет таътилида бўлганида ҳам бемалол фаолиятини давом эттира олади.
Замонавий ахборот технологияларини
жорий этиш ва масофадан ўқитишни ташкил
этиш бўлими бошлиғи,
адлия аълочиси Ў.Жалолов