Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 11 ноябрдаги Ўзбекистон касаба уюшмалари ходимлари ва аъзоларига қилинган мурожаатида “Самарали меҳнат қилиш ва унинг роҳатини кўриш – ҳар бир инсон ҳаётининг маъно-мазмунидир.” деб таъкидлаган эдилар. Зеро меҳнат инсонни улуғлайди, камолотга етаклайди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда меҳнат муносабатларини тартибга солишда миллий ҳуқуқ нормаларимизни такомиллаштириш, мавжуд етишмовчиликларни тўлдириш чоралари кўрилди. Ҳозирги Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар, тубдан бўлаётган ўзгаришлар қаторида Меҳнат Кодексига ҳам тегишли янгиликлар киритиш эҳтиёжи туғилди. 2022 йил 28 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси 798-сонли Қонуни билан меҳнат муносабатларига таалуқли бандларга қўшимчалар киритилди, янги мехнат институтлари жорий этилди. Ўзбекистонда бандлик ва ишсизлик даражасини эътиборга оладиган бўлсак, бу ислоҳотлар айни муддатдир ва бунинг устида анча тер тўкилди. Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотларига асосан, 2022 йил учун Ўзбекистонда бандлик даражаси 61,2 фоизни[1], ишсизлик даражаси эса 9,00 фоизни ташкил қилар экан[2]. Бандлик индекси дунё мамлакатлари ва минтақаларидаги меҳнат бозори ҳолатининг асосий кўрсаткичи бўлиб, у меҳнатга лаёқатли ёшдаги меҳнатга лаёқатли аҳолининг умумий аҳолидаги улуши сифатида аниқланади (фоиз сифатида ифодаланади). Ушбу маълумотдан келиб чиқиб Ўзбекистоннинг ярмидан кўп аҳолиси иш билан банд эканлигини кўришимиз мумкин.
Масофавий ишлаш тартиби тан олиб айтиш керакки, дунёда пандемиядан сўнг ривожланиш кўчайди. Жумладан мамлакатимизда ҳам. Унгача масофавий ишлаш тартиби қонун билан тартибга солинмаганлиги сабабли, карантинга оид чоралар амал қилиши даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва Меҳнат муносабатлари вазирининг 2020 йил 28 март куни 3228-сонли буйруғи қабул қилинган эди. Бу буйруқ коронавирус пандемияси билан боғлиқ карантинга оид чоралар бекор қилингунга қадар амал қилиниши белгиланган эди.[3] Бироқ чет эл тажрибасини кузатадиган бўлсак, иш унумдорлигини ошиши, вақтни тежаш мақсадида масофавий иш тартибини анча илгари йўлга қўйилганлигини сезишимиз мумкин. Мисол учун Россия компаниялари: хизматлар кўрсатиш (IааS ва SааS), видеоконференциялар, маълумотлар марказлари, таълим, IT хизматлари ва албатта ахборот хавфсизлиги йўналишида уйдан ишлайдиган ходимлар сони 2005 йилдан бери 159 фоизга ўсганлигини (бу бошқа иш кучига қараганда 11 баравар тезроқ) кўришимиз мумкин. Дунё бўйлаб компанияларнинг 16% масофадан ишлар экан. Офис ишчиларининг 76% Cовид-19дан кейин уйдан туриб масофадан ишлашни давом эттиришни хоҳлашади ва ходимларнинг 80% дан ортиғи иш берувчи уларни масофадан ишлашда қолдиришига умид қилишмоқда экан. Масофавий иш ҳақида умумий маълумотларга эътиборимизни қаратсак: Масофавий иш тартибида ишлайдиган одамларни аксарияти олий маълумотлидир. Ҳар иккинчи одамдан биттаси, агар унга масофадан бошқариш пультида қолишни таклиф қилинмаса, ишига қайтмайди. Одамларнинг 75% уйдан туриб самаралироқ ишлайди. Одамлар масофадан ишлашни афзал кўришининг асосий сабаби бу иш ва шахсий ҳаёт ўртасидаги мувозанатдир. Ҳар бешинчи ходим офисга қараганда масофадан кўпроқ иш самарадорлигини оширишар экан, 23% ходимлар камида бир муддат уйдан ишлаш учун иш ҳақини 10% га камайтиришга тайёр эканлар, молиявий компаниялар директорларининг 74 фоизи пандемиядан кейин ходимларнинг камида 5 фоизини масофадан ишлашга ўтказмоқчи. Дунёдаги компанияларнинг 44% ходимларга масофадан ишлашга рухсат беришмас экан, 62 ёшдан 22 ёшгача бўлган ходимларнинг тахминан 65% камида баъзан масофадан ишлашар экан. Масофадан ишлайдиган ходимларнинг 83% офисда ишлаганларига қараганда ўзларини бахтлироқ ҳис қилишар экан. [4].
Юқоридаги маълумотларни эътиборга олган ҳолда, Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг 3-боб 452-моддасида масофадан туриб ишловчи ходимларнинг меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятларига бағишланган бўлиб, унга кўра масофадан туриб ишлаш меҳнат шартномасида белгиланган меҳнат вазифасини иш берувчи жойлашган ердан, ташкилотнинг алоҳида тузилмасидан (шу жумладан бошқа ерда жойлашганларидан) иш берувчининг бевосита ёки билвосита назоратида бўлган стационар иш жойидан, ҳудуддан ёки объектдан ташқарида бажаришдан иборат бўлиб, бунда мазкур меҳнат вазифасини бажариш ҳамда уни бажариш билан боғлиқ масалалар бўйича иш берувчи билан ходим ўртасида ҳамкорликни амалга ошириш учун ахборот – телекоммуникация тармоқларидан, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш шарт бўлади. Масофадан туриб ишловчи ходимларга нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларнинг амал қилиши ушбу параграфда белгиланган ўзига хос хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда татбиқ этилади. Масофадан туриб ишлаш режими қуйидаги ҳолларда белгиланиши мумкин: ходимни ишга қабул қилишда; ходим одатдаги иш режимидан масофадан туриб ишлаш режимига ўтказилган тақдирда иш жараёнида.
Муайян иш берувчида ишлаётган шахснинг аввалги меҳнат вазифасини давом эттирган ҳолда одатдаги иш режимидан масофадан туриб ишлаш режимига ўтказилиши меҳнат шартларининг ўзгаришидир. Ходимнинг одатдаги иш режимидан масофадан туриб ишлаш режимига ўтказилиши, агар бунда ходимнинг меҳнат вазифаси ўзгарса, бошқа ишга ўтказиш ҳисобланади.
Аммо, Ўзбекистондаги ишчи ва иш қидираётган фуқароларга ёрдам берадиган https://t.me/Ishboruz сайтини кўриб чиқадиган бўлсак, биронта ҳам масофавий иш таклиф қилаётган иш берувчини кўрмаймиз. Ваҳоланки, масофавий иш тартибида ишлаш мумкин бўлган жуда кўп соҳалар мавжуд. Европада иш топиб берадиган сайтлардан бири бу https://layboard.com/ бўлиб, ушбу сайтни кузатадиган бўлсак, масофавий ишлаш борасида 459 вакансияни кўриш мумкин. Бунда асосан кадрлар менеджери, интернетдан фойдаланган ҳолда консультациялар бериш, компьютер технологияларини яхши билган ҳолда ишлай олиш, савдо компанияларида маслаҳатлар бериш каби асосан аёллар учун уйда ўтириб ишлаш имкониятини берувчи ишлар бор. Янги таҳрирдаги Мехнат Кодексининг 453-моддасида доимий ва вақтинча масофадан туриб ишлашнинг тартиби белгиланган бўлиб, бунда ходим иш берувчи билан: меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган ишни бажаришнинг бутун вақти давомида масофадан туриб ишлаш тўғрисида номуайян муддатга ёки муддатли меҳнат шартномасида белгилаб ўтиши шартлиги назарда тутилган.
Албатта, ходим ва иш берувчи ишни масофавий тарзда олиб бориш тўғрисида келишган кундан бошлаб раҳбар уни уйдан ишлаши учун тегишли шароитлар билан таьминлаш учун ғамхўрлик қилиши керак. Бунга "homeoffice" нинг тўлиқ ташкил этилиши киради: керакли мебел, жиҳозлар, офис ва бошқалар билан таьминлаш. Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг 459-моддасида масофадан туриб ишловчи ходимларнинг меҳнатини ташкил этишдаги масалалар назарда тутилган бўлиб унда масофадан туриб ишлаш тўғрисидаги меҳнат шартномаси бўйича ўз мажбуриятларини бажариши учун масофадан туриб ишловчи ходимларни зарур ускуналар, дастурий-техник воситалар, ахборотни ҳимоя қилиш воситалари ва бошқа воситалар билан таъминлаш тартиби ҳамда муддатлари, масофадан туриб ишловчи ходимлар томонидан бажарилган ишлар ҳақидаги ҳисоботларни топшириш тартиби ва муддатлари, масофадан туриб ишловчи ходимлар томонидан уларга тегишли бўлган ёки ижарага олинган ускуналар, ташкилий техника, дастурий-техник воситалар, алоқа воситалари, ахборотни ҳимоя қилиш воситаларидан ҳамда бошқа воситалардан фойдаланганлик учун компенсациянинг миқдори, уни тўлаш тартиби ва муддатлари, масофадан туриб ишлаш билан боғлиқ бошқа харажатларнинг ўрнини қоплаш тартиби жамоа шартномасида, ички ҳужжатларда, меҳнат шартномаси тарафларининг келишувида белгиланади. Масофадан туриб ишловчи ходимнинг иш берувчининг буйруғига мувофиқ иш берувчи жойлашган ерга қилган сафари, агар ходим яшаш жойига ҳар куни қайтиш имкониятига эга бўлмаса, хизмат сафари ҳисобланади.[5]
Вақтинча масофадан туриб ишлашга ўтишга ёки масофадан ишлашга ўтказишга доир устувор ҳуқуққа эга бўлган ходимларнинг тоифалари тўғрисида хам янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида белгилаб қўйилган, унга кўра, ҳомиладор аёллар; ўн тўрт ёшгача бўлган болаларнинг ота-оналари, васийлари; ногиронлиги бўлган шахслар; ёшга доир пенсионерлар; ногиронлиги бўлган шахсларни ёки оиланинг ўзгалар парваришига муҳтож бўлган бемор аъзоларини парваришлаётган ходимлар. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, меҳнат шартномасида назарда тутилган ходимларнинг бошқа тоифалари ҳам вақтинча масофадан туриб ишлашга ўтиш ёки ўтказиш учун устувор ҳуқуққа эга бўлиши мумкин. Бу энди иш берувчининг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлади.
Масофадан туриб ишловчи ходимларнинг меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятларидан яна бир нарса эътиборимни тортдики, бу 460-моддада белгиланган “масофадан туриб ишловчи ходимнинг ва иш берувчининг ҳамкорлик қилиш тартибида белгиланган вақтдан ташқари иш берувчининг телефон қўнғироқларига, электрон хатларига ва ҳар қандай шаклда амалга оширилган сўровларига ходимнинг жавоб бериши шарт эмас” деган жумлани турли хил талқин қилишимиз мумкин, бироқ ушбу моддада ҳаммаси аниқлаштирилиб қуйидагича шарҳ берилган, яъни “Агар ҳамкорлик қилиш тартиби масофадан туриб ишлаш тўғрисидаги меҳнат шартномаси тарафлари томонидан келишилмаган бўлса ёхуд ходим ушбу бобда назарда тутилган тартибда тегишли ички ҳужжат билан таништирилмаган бўлса, ходим ўз вақтида жавоб бермаганлиги ёки меҳнат вазифасини бажариши билан боғлиқ масалалар бўйича иш берувчининг сўровларига жавоб бермаганлиги учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.” деб белгилаб берилган. Бу эса масофавий ишлаш тартибида ўз фаолиятларини олиб бораётган ходимларни ўз меҳнатларини мухофаза этишда келиб чиқадиган кўплаб тушунмовчиликларни ва низоларни олдини олишга ёрдам беради.
Энди яна бир масала масофавий иш тартибида иш вақти қандай тартибга солинади? Ҳаммамизга яхши таниш бўлган ўша машҳур Google компанияси масофавий иш тартибида ишлайдиган ходимларига шундай тавсиялар беришган экан, яъни “Масофавий ишда аниқ жадвал ва шахсий ва иш билан бўлишиш қобилияти муҳимдир. Агар сиз веб-ишлаб чиқиш учун жуда муҳим ва шошилинч маҳсулотларни ишлаб чиқарсангиз ҳам, бу қатъий интизомни бекор қилмайди. Албатта, офис жадвалини сақлаб қолиш тавсия этилади (айниқса, карантиндан кейин сиз офисга қайтишни режалаштирмоқчи бўлсангиз ёки ҳозир сизнинг ҳаракатларингиз бошқа жамоа аъзоларига боғлиқ бўлса).[6] Бундан келиб чиқадики, масофавий иш режимида ишлайдиган ходимнинг иш вақти аниқ белгиланган ва бу иш ҳажмининг қанчалик кўп ёки камлигига қарамасдан берилган вақтда бажарилган бўлишини тақозо этади. Жумладан бу тўғрисида янги таҳрирдаги Меҳнат Кодексида шундай дейилган “Масофадан туриб ишловчи ходимнинг иш вақти қуйидагиларни ўз ичига олади:
масофадан туриб ишловчи ходим иш берувчи билан алоқада бўлиши (бевосита ҳамкорлик қилиши) керак бўлган, қайд этилган иш вақтини..
Масофадан туриб ишлашнинг аралаш тартибида қайд этилган иш вақти меҳнат шартномаси тарафларининг келишувида назарда тутилган стационар иш жойидаги иш вақтини;
фойдаланиш тартиби масофадан туриб ишловчи ходим томонидан ишлаб чиқариш вазифасининг ҳажмидан ва меҳнат шартномасида белгиланган бошқа шароитлардан келиб чиққан ҳолда мустақил равишда белгиланадиган иш вақтини.
Фойдаланиш тартиби масофадан туриб ишловчи ходим томонидан мустақил равишда белгиланадиган иш вақтига бир ҳисса миқдорида ҳақ тўланади ҳамда унга нисбатан ишдан ташқари иш, дам олиш кунларидаги ва ишланмайдиган байрам кунларидаги иш, шунингдек тунги вақтдаги иш учун меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилмайди, бундан ушбу модданинг тўртинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.”
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, янги таҳрирдаги меҳнат кодекси эскиси билан солиштирганда тубдан фарқ қилади. Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексини ишлаб чиқишда хорижий тажриба чуқур ўрганилганлиги, қонунларни тадбиқ этишдаги келишмовчилик ва тушунмовчиликларни олди олинганлиги, янги меҳнат институтларини қўшилганлигини алоҳида эътироф этишимиз зарур. Меҳнаткаш халқимизнинг мехнат муносабатларидаги баъзи бир тугунлари мазкур кодекс орқали ўз ечимини топди.
Примкулова Феруза
Юристлар малакасини ошириш
маркази масъул ходими
[1] https://gtmarket.ru/ratings/employment-ranking
[2] https://gilsocmin.ru/ru/node/1545
[3] https://lex.uz/docs/4776265
[4] https://inclient.ru/remote-work-stats/
[5] Янги таҳрирдаги Меҳнат Кодекси.3-параграф 459-модда.
[6] https://medium.com/inc.?source=post_page-----167f53c738a6--------------------------------
Google’s Remote Work Policy Has 9 Great Tips You Should Definitely Steal Today