Янги таҳрирдаги Конституцияни қабул қилиш зарурияти нимада?
Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституцияси қабул қилиниши зарурияти иқтисодиёт, инсон ҳуқуқлари, одил судлов, сўз ва эътиқод эркинлиги, ижтимоий ҳимоя соҳаларидаги юзлаб чекловларнинг олиб ташланганлиги, нақд пул, валюта, кредит масалаларидаги муаммолар ҳал қилинганлиги ва бошқа амалга оширилган ижобий ҳаракатлар ортга қайтмаслигининг конституциявий ҳимоясини таъминлашда намоён бўлади.
Конституцияда одил судлов билан боғлиқ қандай нормалар ўз ифодасини топди?
Бошқа жабҳаларда бўлгани каби одил судловни амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи нормаларни ҳам Конституция даражасида янада мукаммал ифодалаб қўйиш зарурияти мавжуд. Бу каби нормаларнинг юқори ҳуқуқий мақомдаги Комусда ўз аксини топиши одил судловнинг судлар томонидан амалга оширилишининг гарови ҳисобланади.
Қайд қилинган жиҳатларни инобатга олган ҳолда Конституциянинг 130-моддасида Ўзбекистон Республикасида одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилиши эътироф этилди.
Шунингдек, “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 2-моддасида суд тизими - Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, ҳарбий судлар ва х.к. судлардан иборат эканлиги белгиланган. Мазкур қонунда ифодаланган нормалар эътиборга олинган ҳолда Конституциянинг 131-моддасида Ўзбекистон Республикасида суд тизими ва судлар фаолиятининг тартиби қонун билан белгиланади деб қайд этилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьялари, раиси ва унинг ўринбосарининг сайланиш тартиби янада мукаммаллаштирилди. Жумладан, Конституциянинг 132-моддасида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг судьялари қайта сайланиш ҳуқуқисиз ўн йиллик муддатга ва Конституциявий суди ўз таркибидан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раиси ва унинг ўринбосари беш йиллик муддатга сайланиши белгиланди.
Шу билан биргаликда, Конституциявий судининг ваколатлари доираси кенгайтирилди, яъни Конституциянинг 133-моддасида референдумга чиқарилаётган масалаларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида хулоса бериши белгиланди.
Мазкур моддада “Фуқаролар ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилишга ҳақли” эканлиги эътироф этилди.
Бундай эътироф, яъни фуқаролар ва юридик шахсларга берилаётган ушбу ҳуқуқ уларнинг қонуний манфаатларини ҳуқуқий таъминлашнинг юксак даражадаги ифодаси ҳисобланади.
Конституцияда одил судловга оид яна қандай масалаларни тартибга солиш белгиланди?
Конституциянинг 134-моддасида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси ва унинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан беш йиллик муддатга сайланиши белгиланди. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, раис ўринбосари этиб сайланиши мумкин эмаслиги қайд қилинди.
Конституциянинг 135-моддасида эса Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси ва унинг ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан беш йиллик муддатга сайланиши белгилаб қўйилди. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг раиси, раис ўринбосари этиб сайланиши мумкин эмаслиги эътироф этилди.
Конституцияда судьялар ҳуқуқий мақоми юксак даражада қандай эътироф этилди?
Конституциянинг 136-моддасида судьялар нафақат қонунга балки, “Конституция ва қонунга бўйсуниши” қайд қилинди.
Мазкур моддага судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмайди. Судьялар дахлсиздир. Давлат судьянинг ва унинг оила аъзоларининг хавфсизлигини таъминлайди. Судьяни муайян ишнинг муҳокамасидан четлаштиришга, унинг ваколатларини бекор қилишга ёки тўхтатиб туришга, бошқа лавозимга ўтказишга фақат қонунда белгиланган тартибда ва асосларга кўра йўл қўйилади. Суднинг қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши судьяни лавозимидан озод этиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас. Судьялар илмий ва педагогик ҳамда ижодий фаолият билан шуғулланиши мумкинлигини ифодаловчи нормалар киритилди.
Конституцияда судлар фаолиятини молиялаштириш масаласининг қайд этилганлиги одил судловни таъминлаш гарови ҳисобланади.
Конституцияда судлар томонидан одил судловни амалга оширишнинг ҳуқуқий кафолатлари янада мустаҳкамланди. Хусусан, фақат Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан амалга оширилади ҳамда у одил судловни тўлиқ ва мустақил амалга ошириш имкониятини таъминлаши кераклигини ифодаловчи 140-модда киритилди.
Хулоса ўрнида: Конституцияда суд ҳокимиятига оид нормаларнинг юксак даражада эътироф этилганлиги судлар томонидан одил судловни тўлиқ ва мустақил амалга ошириш имкониятини таъминлаш гаровидир.
Юристлар малакасини ошириш
Маркази профессори, ю.ф.д. (DSc)
Д.Б.Рахимов