+998 71 200 02 35

Фуқаролик судига рақамли далилларни тақдим этиш мажбурияти

20.03.2025 568

Республикамизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳуқуқий ҳимоя қилинишини таъминлаш, унинг ўз қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун етарли даражада имкониятлар ва шарт-шароитлар яратиш, қонун талабларига сўзсиз риоя этиш борасида тортишувчанлик ва тенг ҳуқуқлилик принципларини қўллашда ҳар томонлама, объектив ва холисона ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлашга оид салмоқли ишлар қилинмоқда.

Жамиятимизнинг барча соҳаларини рақамлаштириш, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш, шунингдек, фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилишини олдини олиш борасида рақамли далиллар билан боғлик ишларни амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда.

Шу муносабат билан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига рақамли далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 2024 йил 21 ноябрдаги 1003-сонли Қонуни қабул қилинди.

Мазкур Қонун билан қатор кодексларга шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик протсессуал кодексига (кейинчалик ФПК деб юритилади) рақамли далиллар тушунчасини, рақамли далилларни тақдим этиш, кўздан кечириш, текширишни тартибга соладиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

ФПКга асосан рақамли далиллар деб иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган электрон маълумотлар, шу жумладан электрон тарздаги файллар, аудио-, видеоёзувлар, интернет жаҳон ахборот тармоғида сақланаётган маълумотлар, шунингдек бошқа электрон маълумотларга айтилади.

Шунингдек, рақамли далилнинг яхлитлиги ва айнан ўхшашлиги сақланиб қолган ҳолларда кўчирма нусха олишга йўл қўйилади. Бунда рақамли далилнинг асли мавжудлиги билан таъминланади. Рақамли далилларнинг кўчирма нусхаларини қоғозда чоп этилган шаклда тақдим этиш мумкин қачонки, унинг қоғоздаги шакли ёзма далил деб ҳисобланмаса, бунга нотариус томонидан тасдиқланган рақамли далил кирмайди.

Айтиш жоизки, суд жараёнида тузилган протсессуал баённомаларга илова қилинган, электрон маълумотлар тарзида шакллантирилган аудио- ва видеоёзувлар ҳам рақамли далиллар бўлиб ҳисобланади ва уларнинг кўчирма нусхаси иш материаллари билан бирга сақланади. Гарчи, бошқа кодексларда рақамли далилларни тақдим этиш мажбурияти баён қилинмаган бўлсада, лекин бу норма ФПКнинг 893-моддасида кўрсатиб ўтилган. Шу муносабат билан рақамли далилларни тақдим этиш мажбуриятига оид масала кўриб чиқилади.

Қайд этилганларга кўра, фуқаролар, шунингдек корхоналарнинг, муассасаларнинг, ташкилотларнинг раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахслари ўз тасарруфида бўлган, суд ҳаракатларини амалга оширишда фойдаланиш учун зарур бўлган электрон маълумотларни суднинг қонуний талабига кўра электрон жисмлар билан бирга тақдим этиши шартлиги таъкидланган.

Шу билан бирга агар суд томонидан рақамли далиллар талаб қилинаётган шахс уни суд белгилаган муддатда тақдим этиш имконига эга бўлмаса, ушбу шахс сабабларни кўрсатган ҳолда бу ҳақда судни хабардор қилиши шарт деб ФПКда белгиланган.

Фуқаролик ишида иштирок этувчи ва ишдан манфаатдор шахслар рақамли далилларни ўз ихтиёри билан судга тақдим этиши мумкин. Бундай ҳолларда  бу далиллар ёрдамида иш учун аҳамиятга эга бўлган қандай ҳолатларни аниқлаш мумкин эканлиги тўғрисида ҳам  хабардор қилинади.

Судлов ишида иштирок этаётган шахс бошқа шахслар тасарруфида бўлган, иш учун муҳим бўлган рақамли далилларни талаб қилиб олиш ҳақидаги илтимоснома билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бунда илтимоснома бераётган шахс рақамли далиллар муайян шахсда қайси асосга кўра турганлигини, шунингдек уларнинг жойлашган ери ҳақида маълум қилиниши қонунда назарда тутилган.

Шунингдек, суд рақамли далилларни талаб қилиб олиш ҳақида илтимоснома бераётган шахсга рақамли далилни судга тақдим этиш учун олиш ҳуқуқига доир сўров бериши мумкинлиги ФПКда кўрсатилган.

Шулар билан бирга ишда иштирок этмаётган, суд томонидан талаб қилинаётган рақамли далилларни тақдим этиш имконига эга бўлмаган фуқаролар, шунингдек корхоналарнинг, муассасаларнинг, ташкилотларнинг раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахслари сабабларни кўрсатган ҳолда бу ҳақда судни хабардор қилиши шартлиги белгиланган.

ФПКда суд томонидан давлат органларидан, ташкилотлардан ёки фуқаролардан талаб қилинадиган рақамли далиллар бевосита судга юборилиш қоидаси ҳам мавжуд.

Суд хабардор қилинмаган тақдирда, шунингдек рақамли далилларни узрли сабабларсиз тақдим этиш рад этилган тақдирда, суд ташкилотларнинг айбдор мансабдор шахсларига, шунингдек фуқароларга белгиланган тартибда базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ошмаган миқдорда жарима солади. Бу ҳақда ажрим чиқарилади ва унинг кўчирма нусхаси жарима солинган шахсга дарҳол юборилади.

Қонун ҳужжатлари талабларига асосан жарима солиниши мансабдор шахсларни ва фуқароларни суд томонидан талаб қилинаётган рақамли далилларни тақдим этиш мажбуриятидан озод этмайди.

 

 Насуллаев Мубин
 Юристлар малакасини ошириш Маркази доценти