+998 71 200 02 35

ДАВЛАТ ТАШКИЛОТИ ФАОЛИЯТИ ОЧИҚЛИГИ ВА ШАФФОФЛИГИНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ

25.03.2025 451

 

Очиқлик ва шаффофлик (“openness” and “transparency”) жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдаланиши учун қонуний ва реал имкониятнинг мавжудлиги, ушбу ахборотни олиш ҳуқуқининг кафолатларини англатади ва қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда асосий принцип сифатида эътироф этилади.

Ушбу принципнинг давлат органлари ва ташкилотлари (кейинги ўринларда – давлат ташкилоти деб юритилади) фаолиятига татбиқ этилиши, уларнинг жумладан, жамият олдидаги ва қабул қилган қарорлари учун масъулиятини кучайтиришга, жамоатчилик назорати самарадорлигини оширишга, давлат бошқаруви сифатини таъминлашга, бюрократик тўсиқларни бартараф этишга, давлатнинг асоссиз харажатларини камайтиришга имкон беради. Чунончи, очиқлик ва шаффофлик мавжуд жойда коррупсияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этиш мураккаблашади.

Адабиётларда таъкидланганидек, очиқлик ва шаффофлик маъмурий-бошқарув жараёнининг бориши, кенг жамоатчиликни ташкилотда қабул қилинган ва амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида фуқаролар ва жамиятнинг бошқа субектларини хабардор қилишда намоён бўлади.

Бугунги кунда давлат ташкилотларининг фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда мансабдор шахсларнинг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини йўлга қўйиш орқали давлат бошқарувида самарали ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун зарур ҳуқуқий асослари яратилди.  Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлар ўз фаолиятини ошкора ва шаффофликка риоя қилган ҳолда амалга ошириш лозимлигини, улар фаолияти тўғрисидаги ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини белгилади.

Давлат ташкилоти фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги Ўзбекистон Республикасининг “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Қонунига асосан электрон ҳукуматнинг асосий принциплари сифатида белгиланган. Электрон ҳукуматнинг мазмун-моҳияти, жумладан, электрон шаклда хизматлар кўрсатиш, жисмоний ва юридик шахсларга давлат ташкилоти фаолияти тўғрисидаги маълумотларни электрон шаклда тақдим этиш, давлат хизматларини кўрсатишга оид маълумотларнинг хизмат кўрсатувчи давлат ташкилотининг расмий веб-сайтларида эълон қилишидан иборатдир.

Очиқлик ва шаффофлик принципининг таъминланиши суд органлари фаолиятини хам четлаб ўтмайди. Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникaция технологияларини янада кенгроқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши судлар фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги ва тезкорлигини таъминлаш, судлов ишларини юритиш сифати ва аҳолининг одил судловдан хабардорлик даражасини ошириш, суд ходимлари томонидан сансалорлик, бюрократизм ва суиистеъмолчилик фактларига барҳам беришда муҳим қадам бўлди.

 Хусусан, давлат ташкилоти фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш коррупсиянинг турли кўринишларига чек қўйишга ҳам замин яратади. Шу боис, очиқлик ва шаффофлик Ўзбекистон Республикасининг “Коррупсияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг асосий принциплари сифатида эътироф этилган. Қонунга асосан, мазкур принципга давлат органлари ва ташкилотлари  фаолиятининг очиқлигини ва уларнинг ҳисобдорлигини таъминлашда, хизмат кўрсатишнинг шаффоф тартибини белгилашда, очиқлик тамойилига асосланган танлов асосида танлаш ва лавозимга кўтариш тизимини жорий этишда (19-модда), маъмурий ва бошқарув жараёнининг очиқлигини, ташқи ва ички назорати учун очиқликни оширишда (22-модда), давлат харидларини амалга ошириш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ахборотнинг очиқлигини таъминлашда (23-модда), шунингдек, судлар фаолиятининг очиқлигини таъминлашда (25-модда) эътиборга олиниши кераклиги белгиланган.

Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг  миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон билан давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида уларнинг сифати, тезкорлиги, шаффофлиги ва фойдаланиш имкониятини тубдан ошириш орқали “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган улуғвор ғояни сўзсиз амалга ошириш вазифаси илгари сурилди.

Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонуни маъмурий органларга қонун устуворлиги, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашда очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни тартиб-таомилларнинг асосий принциплари сифатида келтириб ушбу принципларга риоя қилиш кераклиги таъкидланган.

Давлат-хусусий шерикликни амалга оширишдаги қоидалар ва тартиб-таомиллар манфаатдор шахслар учун очиқ, шаффоф ва тушунарли бўлиши кераклиги ҳақидаги маълумотни Ўзбекистон Республикасининг “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги Қонунида ҳам кўришимиз мумкин. Демак, очиқлик ва шаффофлик давлат-хусусий шерикликнинг асосий принциплари сифатида эътироф этилади.

Давлат бюджети маблағларини талон-торож қилинишининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуни қабул қилиниб, унга мувофиқ, очиқлик ва шаффофлик принципини таъминлаш мақсадида қуйидаги маълумотларнинг веб-сайтда (xarid.uzex.uz) ва махсус электрон платформа ахборот порталида жойлаштирилиши лозимлиги белгиланди: ташкилотнинг давлат харидларини ўтказилиши, давлат харидлари тўғрисидаги эълонлар, давлат харидлари якунлари, харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиларининг таклифлари ҳақидаги ахбороти, шунингдек, электрон давлат харидлари ўтказилиши ва бошқалар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан ижтимоий аҳамиятга эга давлат органлари ва ташкилотлари ўзларининг расмий веб-сайтларида очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши лозим бўлган маълумотлар рўйхати келтирилди. Уларга, хусусан, давлат органлари ва ташкилотлари ўз фаолиятига оид ҳисоботлар, амалга оширилган давлат харидлари тўғрисидаги маълумотлар, мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференсиялар, шу жумладан индивидуал имтиёзлар берилган субектларнинг бенефитсиарлари (якуний манфаатдор жисмоний шахслари), улар томонидан тўланган солиқлар ва молиявий кўрсаткичлари тўғрисида, йиллик харажатлар сметаси ва уларнинг ижроси, шу жумладан обектларни қуриш, реконструксия қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари, автомототранспорт воситаларини сотиб олиш харажатлари ва бошқалар киради. Шу ўринда, жорий этилган очиқ маълумотлар портали (data.gov.uz), юридик шахслар ва хўжалик субектларининг рўйхатга олинган маълумотлар базаси (my.gov.uz) ва бошқа платформалар бюрократик тўсиқларни камайтириш ва бартараф этиш, жамоатчилик назоратини таъминлаш ҳамда коррупсиянинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шунингдек, фармонга мувофиқ, мазкур соҳаларни мувофиқлаштириш ва доимий мониторинг қилиш мақсадида, Коррупсияга қарши курашиш агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик деб юритилади) таркибида Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бошқармаси ташкил этилди. Шу билан бирга, Агентликка Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ва Вазирлар Маҳкамасига қонун ҳужжатлари талабларини мунтазам равишда бузган давлат ташкилотларининг айбдор мансабдор шахсларини жавобгарликка тортиш тўғрисида таклифлар киритиш ҳуқуқи берилган. Чунончи, бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати ҳузуридаги ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмиталари, шунингдек, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги ахборот сиёсати ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида очиқликни таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссиялар иш бошлади. Масалан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати ҳузуридаги ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмиталари Агентлик билан биргаликда давлат ташкилотлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар порталига ва ўз расмий веб-сайтларига белгиланган вақтда жойлаштириб борилишини мониторинг қилиш, очиқликни таъминлашга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат ташкилотлари томонидан ижро этилиши ҳолатини қўмита мажлисида муҳокама қилади.

Очиқлик ва шаффофлик принципининг коррупсияга қарши курашишдаги аҳамияти, унинг давлат ва жамият бошқарувида корруциявий омилларни кескин камайтиришда жамоатчилик иштирокини кенгайтиришни тақозо этди. Шу мақсадда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан тасдиқланган “Корруцияга қарши курашиш бўйича 2021-2022-йилларга мўлжалланган давлат дастури”га асосан, давлат фуқаролик хизматига очиқ танлов асосида ишга қабул қилиш ҳамда ходимларнинг касбга оид сифатлари ва алоҳида хизматлари (меритократия тамойили) асосида хизмат поғоналарида кўтарилиши, давлат хизматчиларини ижтимоий ҳимоя қилишнинг шаффоф механизмларини жорий этиш ҳамда уларнинг аниқ вазифаларини белгилаш, йўл қурилиши ва эксплуатацияси соҳасига шаффофлик стандартларини жорий қилиш, давлат харидлари соҳасида очиқликни таъминлаш, давлат органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш, коррупсияга оид жиноятлар бўйича кўрилган суд ишлари тўғрисидаги статистик маълумотларнинг очиқлигини таъминлаш коррупцияга қарши курашиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланди.

Давлат ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш борасидаги ишларнинг самарадорлигини оширишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражасини ошириш ва баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони муҳим аҳамият касб этди. Давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасини мувофиқлаштириш ва доимий мониторинг қилиш ҳамда баҳолаш Агентлик зиммасига юклатилди. Фармонга асосан давлат ташкилотлари очиқлигини баҳолаш мақсадида жорий этилган очиқлик индексига мувофиқ, давлат ташкилотлари Агентлик ҳузурида тузиладиган комиссия томонидан тегишлича индикатор кўрсаткичлари бўйича баҳоланадиган бўлди. Очиқликни таъминлашда салбий баҳоланган давлат ташкилоти раҳбарларига нисбатан тегишли чоралар кўрилиши, яхши деб баҳоланган давлат ташкилотларининг масъул бўлган ходимларини эса Агентлик тавсияларига мувофиқ рағбатлантириш назарда тутилган. Хусусан, 2023-йил якунлари бўйича Агентлик томонидан шакллантирилган Очиқлик индекси кўрсаткичларига кўра, жами 103 та давлат идоралари ва ташкилотлари фаолияти қамраб олиниб, 84 та баҳолаш мезонидан таркиб топган 8 та индикатор асосида 31 та давлат органи “яшил” (71-100 балл), 43 таси “сариқ” (55-71 балл) ва 29 таси “қизил” (55 баллдан паст) самарадорлик кўрсаткичлари қайд этилган.

Ушбу баҳолаш чора-тадбирлари давлат ташкилотлари очиқлигини кенгайтириш йўлидаги муҳим ва самарали қадам бўлди десак, муболаға бўлмайди.

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонунида ҳам очиқлик ва шаффофлик давлат фуқаролик хизматининг асосий принциплари қаторида келтирилган. Демак, давлат ташкилотининг ҳар бир хизматчиси фуқаролар, жамият ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш фаолиятида ана шу тамойилга амал қилиши шарт.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор қарорларни қабул қилишда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш вазифаси, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган “Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари”да давлат хизматчиларининг касбий маданиятига оид умумий одоб-ахлоқ қоидаларидан бири сифатида эътироф этилган. Очиқлик ва шаффофлик ахлоқий қоида сифатида давлат хизматчисининг қўл остидагилари ва аҳоли учун очиқ бўлиши, улар билан мулоқотга доимо тайёр бўлиши, уларнинг саволлари, таклифлари, тилакларини эшитишга тайёр эканлигини англатади.

Очиқлик ва шаффофлик манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишнинг асосий принциплари манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш механизми сифатида ҳам белгиланган.

Давлат ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси (кейинги ўринларда – МЖтК деб юритилади)  билан ҳам таъминланади. Жумладан, қонунга мувофиқ, бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартибини бузиш (МЖтК 1757-моддаси), давлат харидларини амалга ошириш чоғида махсус ахборот порталига давлат харидлари бўйича эълонлар жойлаштириш тартибини бузиш (МЖтК 1758-моддаси), давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузиш (МЖтК 2157-моддаси), бўш иш ўринларини яшириш (МЖтК 229-моддаси) маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.

Қайд этилганларни қисқача сарҳисоб қилсак, санаб ўтилган ва бошқа норматив-ҳуқуқий база давлат ташкилотларининг фаолиятида очиқлик ва ошкоралик принципини таъминлашга хизмат қилади ва шунга мос равишда коррупциянинг самарали олдини олиш имконини беради ҳамда сўзсиз Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг омили бўла оладию

Рафик Шакуров
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги
Юристлар малакасини ошириш маркази доценти,
юридик фанлар номзоди