+998 71 200 02 35

Юристлар малакасини ошириш марказининг навбатдаги Илмий кенгаши мажлиси бўлиб ўтди

07.01.2020 4416

Мажлисда бир қатор муҳим масалалар кўриб чиқилди. Хусусан, Марказда 2019-2020 ўқув йилининг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ўқув-услубий ва илмий тадқиқот ишлари ҳамда бошқа масалалар муҳокама қилинди.

Марказ фаолияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 июнда “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисидаги” 531-сон қарори  асосида янгидан ташкил этилгани, ўқув дастурлари ва ўқув режалари такомиллаштирилгани, 2019-2020-ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 1 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги  интеллектуал  мулк  агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4380-сон қарорига мувофиқ, Юристлар малакасини ошириш марказига интеллектуал мулк соҳасидаги кадрларнинг малакасини ошириш ва Ўзбекистон Республикасининг “Медиация тўғрисида”ги қонуни ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2019 йил 31 январдаги буйруғи билан тасдиқланган “Медиаторларни тайёрлаш дастури”га мувофиқ Марказда профессионал медиаторларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш йўлга қўйилгани, шунингдек, янги йўналашларда юридик кадрлар малакасини ошириш тизими жорий этилгани таъкидлаб ўтилди.

Мажлисда, агарда 2017-2018 ҳамда 2018-2019 ўқув йилига 3000 нафарга яқин  тингловчининг малакаси оширилган ва қайта тайёргарликдан ўтказилган бўлса, 2019 йилиннг сентябрь-декабрь ойи давомида бу кўрсатгич  1653 тани ташкил этди. Шундан, Марказда жами 853 нафар адлия тизими ходимлари малака оширди, уларнинг 94 нафари ҳудудий адлия органлари ходимлари, 298 нафари туман (шаҳар) адлия бўлимлари бошлиқлари ва ходимлари, 234 нафари давлат хизматлари агентлиги ходимлари ва 227 нафари нотариуслардир. 378 нафар юридик хизмат ходимлари малака оширган бўлса, шундан Марказда – 215 нафар, сайёр ўқув курсларида – 163 нафар юридик хизмат ходимлари малака оширди. 314 нафар адвокатлар ўқитилган бўлса, шундан сайёр ўқув курсларида – 149 нафар адвокатнинг малакаси оширилди. Шунингдек, 66 нафар Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари ходимлари,  22 нафар медиаторлар,  20 нафар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси ходимлари малака оширди.

Профессор-ўқитувчилар таркибининг ўқув юкламаси ҳамда ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ва ташкилий-тарғибот ишлари «Профессор-ўқитувчилар таркибининг ўқув юкламаси ҳамда ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ва ташкилий-тарғибот ишларини белгилаш қоидалари» асосида амалга оширилади.

 Марказ профессор-ўқитувчилдари томонидан 2019 йилда  14 дан  ортиқ турли мавзуларда 4937 нусхада ўқув адабиётлар яъни қўлланма, монография,  ўқув қўлланма,  илмий-амалий  қўлланмалар нашр этилди, бу 2018 йилга нисбатан 2 баробар кўпдир.

Марказ ходимлари томонидан 2019-2020 ўқув йилида 42 та илмий мақола ва тезислар тайёрланиб нашр этилган, уларнинг 15 таси Олий аттестация комиссияси рўйхатига киритилган илмий журналларда, 18 таси конференция материаллари тўпламларида ва 9 таси хорижий нашрларда чоп этилган мақолалар ҳисобланади.

Марказ кутубхона фондида 9965 дона китоб мавжуд бўлиб, 2019 йил давомида кутубхона фонди 242 дона китобга бойитилди, адабиётларнинг электрон базаси шакллантирилмоқда.

Мажлисда Марказ фаолияти учун тезкор ишлайдиган рақамли ва лазерли принтерларга эга бўлган кичик босмахона ташкил этишга келишиб олинди.

Йиғилишда Марказ профессор-ўқитувчиларининг ҳам малакасини ошириш ва касбий кўникмаларини ривожлантириш ишлари йўлга қўйилганига эътибор қаратилди. Хусусан, 2019 йил 5-7 август кунлари медиаторларни ўқитиш ёзги мактаби, 2019 йил сентябрида “Медиация таянч курси” бўйича медиация қўллашнинг хусусиятлари йўналишида медиаторларни тайёрлаш махсус ўқув курси, 2019 йилнинг 13-17 декабрь кунлари медиаторлар тайёрлашнинг шакл ва усуллари мавзуларида малака ошириш курслари ташкил этилган.

Марказ профессор-ўқитувчилари жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ишларида ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Йил давомида жами  305 та ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилган бўлса, шундан,  103 таси оммавий ахборот воситаларида, 189 таси турли мавзуларда ўтказилган семинар ва давра суҳбатларида оғзаки ҳуқуқий тарғибот тадбирларидир. Айни масала муҳокамасида “Энг яхши сайлов ҳуқуқ тарғиботчиси” танлови ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди, сайлов қонунчилиги ва сайловга оид ҳуқуқий билимлар тарғиботчилари номлари эълон қилинди.

 Ҳуқуқий тарғибот ишларида фаоллик кўрсатгани учун Марказ ходимларидан Ғ.Алимов 2019 йилда “Адлия аълочиси”, Б.Тошев “Йилнинг энг фидойи ҳуқуқ тарғиботчиси” кўрик танлови ғолиблари бўлгани, ўз хизмат вазифаларига сидқидилдан муносабатда бўлиб келгани ва 1 октябрь- “Ўқитувчи ва мураббийлар куни”  муносабати бир қатор ходимлар Адлия вазирлигининг миннатдорлик хати ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланганлиги ҳам эътироф этилди.

Марказ кафедрларида фаолият олиб бораётган 18 нафар профессор-ўқитувчиларнинг барчаси илмий даража ва илмий унвонга эга. Профессор-ўқитувчиларнинг 12 нафари тўлиқ ставкада, 6 нафари 0,5 ставкада фаолият олиб бормоқда, Марказнинг илмий салоҳияти 100 фоизни ташкил этсада,  лекин Марказ кафедраларининг илмий тадқиқот фаолиятида илмий мактаблар фаолиятининг йўлга қўйиш борасидаги ишлар тизимли равишда йўлга қўйилмаганлиги, илмий мактаблар фаолиятини белгилаб берувчи йўналишлар аниқлаб олинмагани танқид қилинди. Шундан келиб чиқиб, Марказда кафедраларнинг илмий тадқиқот фаолиятида асосий йўналишига мос илмий мактаблар фаолиятини йўлга қўйиш ва тегишли натижаларга эришиш чораларини кўриш тавсия этилди.

Ўтган ҳисобот даврида Марказнинг моддий техник-базаси ҳам мустаҳкамланди. Марказ АҚШнинг USAID ташкилоти томонидан  замонавий компьютерлари билан таъминланди. Ўқув хоналари тегишли ахборот коммуникация воситалари билан жиҳозланди. Марказ ҳудудида Wi-Fi зоналари ташкил этилган.

Марказ балансидаги автомобилларга GPS мосламалари ўрнатилди. Марказнинг иситиш тизимида профилактика ишлари амалга оширилиши натижасида  Марказ биносини тўлиқ қувватда иситиш  қўйилди. Мажлисда Марказнинг ҳозирда 2019 йил учун муддати ўтган дебиторлик ва кредиторлик қарзлари мавжуд эмаслиги таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, мажлисда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январь 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги ПФ-5635-сон фармони ижросини таъминлаш ҳақидаги 2019 йил 30 январдаги 27-ум-сон буйруғининг ижроси ҳақидаги ахборот ҳам тингланди.

Марказда “Юридик шахсларнинг коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этганлиги учун жавобгарлигининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш”, “Мамлакатимизда давлат идоралари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш механизмларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш”,  “Давлат ва жамият тизимини ислоҳ қилишда қонун ижодкорлик жараёнини  такомиллаштириш: миллий ва хорижий тажриба”, “Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлашда юридик хизматни ривожлантириш механизмларини такомиллаштириш масалалари” мавзуларида давлат илмий-тадқиқотлар лойиҳаси доирасида амалий  тадқиқотлар амалга оширилаётгани муносабати билан мазкур тадқиқот лойиҳалари илмий раҳбарларининг ҳам ҳисоботлари эшитилди.

Марказда 2019 йилнинг тўртинчи чорагида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг аҳволи тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди. 2019 йилнинг 4-чорагида Марказга 262 та хат-ҳужжат келиб тушган, шундан, 33 таси маълумот учун қабул қилинган, 216 тасининг ижроси бажарилган. Марказга 28 та мурожаат келиб тушган бўлиб, ушбу мурожаатларнинг 19 тасини кадрлар масалалари, 3 таси бухгалтерия ҳисоб-китоб масалалари ва 6 таси ўқув жараёнига оид бўлган масалаларни ташкил этди.

Адлия вазирлигидан Марказга 92 та хат-ҳужжат келиб тушган ва  рўйхатга олинган ҳужжатлар ижроси юзасидан 170 та хат жўнатилган. Адлия вазирлигининг келиб тушган 15 та буйруқлари ижросини таъминлаш юзасидан Марказ директорининг 10 та буйруғи қабул қилинган. Марказда ҳар ойнинг учинчи чоршанба куни «Очиқ эшиклар куни» деб эълон қилинди ва унда фуқароларга раҳбарларга тўғридан-тўғри ва тўсиқсиз мурожаат қилишлари учун шарт-шароитлар яратишга келишиб олинди.

 “Юристлар малакасини ошириш маркази Ўқув ва илмий-услубий кенгаши тўғрисида”ги ва Юристлар малакасини ошириш марказида масофадан ўқитиш таълим усуллари орқали қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низомлар лойиҳалари ҳам муҳокама қилинди ва тасдиқланди.

Марказда илмий даражали кадрларни тайёрлаш сифатини ошириш ҳамда илмий изланувчилик институтини жорий этиш тўғрисидаги таклифлар ҳам кўриб чиқилди. Марказ Илмий кенгаши таркиби ҳам янгиланди, унга ҳамкор ва турдош таълим муассасаларининг вакиллари киритилди.

Илмий кенгашда Марказ фаолиятида йўл қўйилган айрим бошқа камчиликлар ҳам танқид қилинди, уларни бартараф этиш чораларини кўриш ва ишларни янада жадаллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Мажлис якунида тегишли қарорлар қабул қилинди ва уларнинг ижросини ўз вақтида таъминлаш бўйича вазифалар белгилаб олинди.