+998 71 200 02 35

Судлар ихтисослашувининг янги босқичи: зарурат ва давр талаби

10.08.2020 3333

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июль куни қабул қилинган ПФ-6034-сонли “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони мамлакатимизда суд-хуқуқ соҳасини янада такомиллаштириш ва бу соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ҳамда сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш, суд органларининг амалдаги тузилишини ҳозирги давр талаблари асосида, шунингдек халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойилларига риоя қилган ҳолда қайта кўриб чиқиш, мавжуд муаммоларни ҳал этишга оид  мақсадларни кўзда тутганлиги билан муҳим аҳамият касб этади.

Тўғри сўнги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган туб ўзгаришлар натижасида, яъни судларни ихтисослаштириш, уларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий мақомини янада ошириш, уларнинг фаолиятига замонавий-ахборот технологияларининг жорий этилиши бўйича амалга оширилган қатор амалий чора-тадбирлар натижасида судьяларнинг иш хажми камайиши баробарида ишининг сифати ва тезкорлигини таъминланиши натижасида суд қарорларининг қонунийлиги, суд ишларини кўриш билан боғлиқ процессуал муддатларга риоя этиш имкониятини яратилди бироқ бу билан судьяларнинг тўла мустақиллиги таъминланди ёки уларнинг иш хажми камайишига эришилиб, суд қарорларининг чиқарилиши ва ижро этилишида мавжуд муаммолар бартараф этилди деб айтишдан йироқмиз. Чунки бугунги ахборот тезлиги давлат органлари фаолиятининг очиқлигига доир талаблар ҳар бир соҳадаги мавжуд муаммоларни рўй-рост кўриниб қолиши ва халқ, жамият  муҳокамасига сабаб бўлмоқда. 

Ушбу фармонга мувофиқ эндиликда вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари тузилади.

Илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда республикада самарали маъмурий судлов тизимини яратиш мақсадида,  туман миқёсидаги маъмурий судлар айни туман маҳаллий ҳокимият органларидан мустақил фаолият юритишида қийинчиликларга дуч келаётгани, суд қарорларининг қонуний, адолатли ва асосли бўлишлигига оид талабларни амалга ошириш мақсадида, шунингдек, маъмурий судларнинг иш хажми ортишига асосий сабаб бўлаётган ўз табиатига кўра жиноят ишларига ўхшаган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриш юклатилганлиги натижасида келиб чиқаётган муаммоларни бартараф этиш мақсадида фармонда маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилиши орқали уларнинг иш юкламасини камайтириш ва фаолият самарадорлигини ошириш белгиланди ва туман (шаҳар) маъмурий судлари негизида вилоят марказларида 14 та туманлараро маъмурий судларни ташкил этилиши назарда тутилди.

Ишонч билан айтиш мумкинки, ушбу Фармон бутун мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида ўтказилаётган ислоҳатларни изчил амалга ошириш, фуқароларнинг суд идораларига бўлган ишончини юксалтириш, судда ишларни кўриш сифатини ошириш ҳамда адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмини амалиётга татбиқ қилишга хизмат қилади.

 Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар

малакасини ошириш маркази ўқитувчиси ю.ф.д., (PhD)

 Қучқаров Хамидулло Абдурасулович