Прописка тизимини ислоҳ қилишга доир қонун лойиҳаси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси муҳокама қўйилди
Ушбу ҳужжатларга асосан прописка билан боғлиқ 10 дан ортиқ йўналишларда қонунчилигимиз ўзгаришга юз тутади. Бу эса, фуқароларимизнинг Конституцияда белгиланган эркинлик ва тенглик билан боғлиқ узвий ҳуқуқларни янада кафолатлаш имконини беради.
Прописка қочондан бери амалда? Чор Россияси даврида ҳокимиятнинг, яъни феодалнинг рухсатисиз деҳқонларни ер участкасини тарк этишини тақиқлаш, агарда шундай ҳуқуқбузарлик вужудга келса уларни қайси ерга ва кимга тегишли эканлигини аниқлаш мақсадида ўзига хос пропискалик паспортлар бериш тартиби амалга оширилган. Кейинчалик собиқ иттифоқ даврида бу тартиб ижтимоийлашув ҳолатидаги антидемократик ҳолат дея бекор қилинган бўлсада, 1933-1935 йилларга келиб, турли ҳуқуқбузарликларни олдини олиш мақсадида яна шунга ўхшаш тизим йўлга қўйилди. Эндилика Совет давлатида паспорт ва пропискаси бор шахслар қатор имтиёзлларга эга бўла бошлади, айниқса, агар фуқаро марказ ва аҳоли зич бўлган пунктларда яшаган бўлса, унда қишлоқ ёки чекка ҳудудларда яшовчиларга нисбатан ҳуқуқлар кўпроқ бўлиши белгиланди. Паспорт ва прописка бериш биринчи навбатда Москва ва Питербург шаҳар аҳолиси учун қўлланилиб, Чор Россияси давридан қолган зодагон ва қулоқ бўлганлар ҳамда уларнинг оилаларига нисбатан умуман тадбиқ этилмасди ва уларни иложи борича чеккароқ ҳудудларга жойлаштиришга ҳаракат қилинарди. Паспортсиз ёки рўйхатдан ўтмаган шахс эса Совет давлати берган кўплаб ҳуқуқлардан маҳрум бўлар эди.
Кейинчалик мазкур ҳолат жиноий жавобгарлик масаласигача олиб чиқилиб, ўз ҳудудидан бошқа ҳудудга кўчиб ўтиш учун селсоветнинг алоҳида рухсатномаси, иш жойидан тасдиқловчи ҳужжат ёки ўша кўчиб ўтаётган жойида ўз ер мулкига эгалиги ҳақидаги ҳужжат ва ҳ.к.лар, қисқа қилиб айтганда бюрократик сарсонгарчиликлар керак бўлар эди.
Кўриб турганингиздек, мазкур масала собиқ иттифоқ давридан “мерос” бўлиб қолган яна бир қонунларга мустаҳкамланган “удум” ёки эскилик сарқити эди.
Ушбу лойиҳанинг қабул қилиниши билан фуқароларга қандай енгиллик берилади?
Энг асосий янгилик, Тошкентдан уй сотиб олаётганда пропискасиз шахсларга давлат божининг ўта қиммат ставкасини тўлаш ҳақидаги талаблар бекор қилади.
Бу жараёнда яна бир муҳим норманинг бекор қиланаётганлиги сохта никоҳларни олдини олишга хизмат қилади. Жумладан, эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ва бир йил ичида никоҳ бекор қилинганда прописка йўқотилиши ҳақидаги қоидалар чиқарилмоқда.
Вақтинча турган жойи бўйича рўйҳатга олиш муддати уй-жой эгасининг розилиги асосида 1 йилдан 5 йилгача узайтирилаётгани ва Тошкент шаҳри, Тошкент вилоятида доимий ва вақтинча рўйхатдан ўтмасдан яшаш муддати 10 кундан 15 кунга ўзгартирилаётгани эса, шубҳасиз фуқароларимиз учун енгиллик яратади.
Ривожланган хорижий мамлакатларда амалда бўлган давлат хизматлари кўрсатиш қоидалари асосида доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтиш фуқаронинг хоҳишига кўра алтернатив равишда ички ишлар органлари, давлат хизматлари марказлари ёки Ягона портал орқали амалга оширилиши белгиланмоқда.
Шунингдек, айрим бюракратик жараёнлар қисқартирилиб фуқароларнинг вақти ва ресурслари тежалишига имкон яратилмоқда. Жумладан, доимий рўйхатни расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига штамп босиш амалиётидан воз кечиб, бу жарёнларни рақамлаштириш кўзда тутилмоқ.
Ўйлаймизки, олиб борилаётган таркибий ислоҳотлар доирасида мазкур қонун ҳужжатлар лойиҳаси тегишли муҳокамалардан ўтган ҳолда қабул қилиниши ҳамда тўлақонли ижросини таъминлаши аҳолининг фаровонлигининг ўсишига, прописка масаласи бўйича муммоларни ўз ўзидан тез орада ижобий ҳал этилишига ҳамда мамлакатимизни барқарор ривожланишига етакловчи омил сифатида хизмат қилади.
Анвар Исломович Рахматов
Юристлар малакасини ошириш маркази директори,
Тошкент давлат юридик университетининг ўқитувчиси