+998 71 200 02 35

ЎЗБЕКИСТОНИДА ЯНГИ АВЛОД КАДРЛАРИ МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ ТИЗИМИНИНГ НАЗАРИЙ ВА АМАЛИЙ МУАММОЛАРИ

19.02.2020 4259

 

2020 йил 19 февраль куни Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш марказида “Ўзбекистонда янги авлод кадрлари малакасини ошириш тизимининг назарий ва амалий муаммолари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирнинг мақсади – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 24 январь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадидан келиб чиқиб, кадрлар малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, республикамиз малака ошириш муассасалари фаолиятидаги илғор тажрибаларни ўрганиш, тизимдаги мавжуд муаммоларни ечими юзасидан фикрлар алмашишдан иборат.


Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари, Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш ҳамда Мудофаа ва хавфсизлик масалалари Қўмиталари аъзолари, кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга бевосита масъул бўлган – Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби, Халқ таълими вазирлиги А.Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Малака ошириш маркази, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти, Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ҳузуридаги Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институти, Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш маркази, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети Малака ошириш ва қайта тайёрлаш маркази, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси, Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти, Ўзбекистон Савдо саноат палатаси, Ўзбекистон Ҳакамлик судлари Ассоциацияси ва бошқа бир қатор малака ошириш ва қайта тайёрлаш муассасаларининг раҳбарлари ва масъуллари қатнашди. Шунингдек, буюртмачи ҳисобланган ташкилот масъул ходимлари ҳам иштирок этдилар.


Мурожаатномада кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, унда илм-фан ютуқларининг электрон платформаси, маҳаллий ва хорижий илмий ишланмалар базасини шакллантириш, ҳар бир олий таълим ва илмий-тадқиқот даргоҳи нуфузли чет эл университетлари ва илмий марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиши шартлиги, “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан 700дан зиёд олимлар, профессор-ўқитувчилар чет элга илмий изланиш ва малака ошириш учун юборилиши кўзда тутилган.

2020 йилда ҳам амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини таъминлаш, давлат ҳокимияти органлари ваколатларини янада аниқлаштириш, кадрларни танлаш ва вазифага қўйишнинг шаффоф тизимини яратиш, коррупцияга қарши муросасиз жамиятни барпо этиш, кадрлар малакасини ошириш тизимини мустаҳкамлаш асосий вазифалардан бўлиб қолади.

Шунга кўра, бугунги кунда юрист кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишда Юристлар малакасини ошириш маркази алоҳида ўринга эга. Хусусан, 1997–2019 йилларда Марказда 30 мингдан ортиқ тингловчи қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқитилган. 2000–2005 йилларда йилига ўртача 600дан 800 нафаргача тингловчи малака оширган бўлса, ўтган 2019 йилда эса бу кўрсаткич 4000 нафардан ортиқ тингловчини ташкил этди.


Мамлакатимизда юрист кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш, ўқув жараёнини замон талабларига мутаносиб равишда ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу соҳада Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 531-сонли қарорининг қабул қилиниши муҳим аҳамият касб этди. Марказнинг тузилмаси янгиланди, ички меъёрий ҳужжатлари такомиллаштирилди, Юрист кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга қўйиладиган давлат талаблари янгидан қабул қилинди, ўқув дастурлари тубдан қайта кўриб чиқилди, қайта тайёргарликдан ўтадиганлар ва малака оширадиганлар тоифаси кенгайтирилди. Хусусан, 2019 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб медиаторларни қайта тайёрлаш, интеллектуал мулк соҳасидаги кадрларининг малакасини ошириш, патент вакилларини қайта тайёрлаш курслари ташкил этилди.

2020 йилдан нотариусларнинг малака ошириш курслари ўқув жараёнига ўқитишнинг замонавий шакл ва технологиялари, жумладан, масофавий таълим шакли ҳам жорий этилди. Бошқа соҳа мутахассисларининг ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича қатор янги курслар ташкил этилди.


Тадбирда сўзга чиққанлар кенг қамровли ва жадал ислоҳотлар амалга оширилаётган шароитда қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимини ривожланган давлатлар даражасига кўтариш муҳим масала эканлигини қайд этишди. Шунингдек, бу жараёнда тегишли малака ошириш ва қайта тайёраш муассасаларнинг ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, ўқитишнинг янги услуб ва шаклларини жорий этиш, замонавий адабиётлар яратиш, қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг долзарб муаммоларини аниқлаш ва ечимини топишга қаратилган илмий анжуманларни мунтазам ўтказиб туриш самарали натижалар бериши мумкинлигини алоҳида таъкидладилар.

Давра суҳбати якунида хулоса ва таклифлар муҳокама қилиниб, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.