Жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш ва фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш муҳим устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегиясида аҳоли ва тадбиркорларни ўйлантираётган долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, амалдаги қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш натижасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш ва фуқаролик қонунчилигини тубдан яхшилашга оид вазифалар белгиланди.
Фуқаролик ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишнинг энг муҳим қоидаларини белгиловчи қонун бўлган Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси фуқаролик қонунчилиги ҳужжатлари тизимида марказий ўрин тутади.
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси икки қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисми 1995 йил 21 декабрдаги 163-I-сонли ва иккинчи қисми 1996 йил 29 августдаги 256-I-сонли қонунлар билан тасдиқланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1996 йил 29 августдаги 257-I-сон қарорига мувофиқ 1997 йилнинг 1 мартидан эътиборан амалга киритилган.
Фуқаролик кодекси шу даврдан бошлаб, жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий муносабатларни тартибга солувчи муҳим қонун ҳужжати сифатида амалиётда қўлланилиб келинмоқда.
Қонунчилигини такомиллаштириш зарурияти
Таъкидлаш лозимки, 1995-1996 йилларда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси «ўтиш даври»нинг кенг кўламли ўзгаришларини фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солишда муҳим роль ўйнади ва мамлакатимизда бозор иқтисодиётини ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратишга имкон берди.
Бироқ, Ўзбекистон Республикаси ривожланишининг янги босқичи иқтисодиётни янада либераллаштириш, иқтисодий муносабатларни тартибга солишда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулк кафолатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, тадбиркорликнинг ривожланишини рағбатлантириш ва хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш бўйича устувор вазифаларни белгилаб берди.
Бозор иқтисодиёти ва илғор халқаро стандартлар талабларига жавоб берадиган, тўғридан-тўғри амал қиладиган замонавий фуқаролик қонунчилигини шакллантирмасдан туриб, ушбу вазифаларга эришиб бўлмайди.
Фуқаролик қонунчилигини бозор иқтисодиёти тамойиллари ва халқаро стандартларга мувофиқ модернизация қилиш, мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва бозор иқтисодиётини ривожлантириш учун замонавий фуқаролик-ҳуқуқий асос яратиш, шунингдек 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ф-5464-сонли фармойиши билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш концепцияси» II-бўлимининг 3-бандида фуқаролик ҳуқуқи ва фуқаролик мажбуриятларини виждонан ва муносиб амалга оширишни таъминлашга қаратилган чора ва воситаларни такомиллаштириш вазифаси қўйилди.
Қонунчиликда назарда тутилаётган янгиликлар
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида 291-моддаси мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш умумий асосларига бағишланади. Ушбу моддада таклиф этилаётган қоидаларнинг мазмуни “Мажбуриятнинг бажарилиши лафзсизлик тўлови, гаров, қарздорнинг мол-мулкини ушлаб қолиш, кафиллик, кафолат, закалат, таъминот тўлови ҳамда қонун ҳужжатлари ёки шартномада назарда тутилган бошқача усуллар билан таъминланиши мумкин.
Мажбуриятнинг бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги келишувнинг ҳақиқий эмаслиги ушбу мажбуриятнинг (асосий мажбуриятнинг) ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди.
Асосий мажбуриятнинг бекор бўлиши унинг бажарилишини таъминлайдиган мажбуриятнинг бекор бўлишига олиб келади”.
Таъминот тўлови деганда нима тушунилади?
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 360-моддасида таъминот тўловига оид қоидалар белгиланган бўлиб, унга асосан “Пул мажбурияти, шу жумладан, шартнома бузилган тақдирда лафзсизлик тўловини тўлаш ёки зарарларни қоплаш мажбурияти томонларнинг розилиги билан томонлардан бирини бошқа томон фойдасига муайян миқдордаги пул (таъминот тўлови) тўлаш орқали таъминланиши мумкин. Таъминот тўлови келажакда юзага келадиган мажбуриятни таъминлаши мумкин.
Таъминот тўлови қоидалари, шунингдек мажбуриятни таъминлаш бўйича берилиши лозим бўлган акциялар, облигациялар, бошқа қимматли қоғозлар ёки умумий хусусиятлар билан белгиланадиган ашёлар таъминот ҳисобварағига киритилганда ҳам қўлланилади. Агар мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида ҳисобга қимматли қоғозлар киритилса, таъминот тўлови хусусиятлари қимматли қоғозлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан белгиланиши мумкин”.
Таъминот тўлови билан боғлиқ муносабатлар хорижий мамлакатлар қонунчилигида қандай тартибга солинган?
Таъминот тўлови мажбуриятлар бажарилишини таъминлашнинг қулай ва кўп қўлланиладиган усули ҳисобланиб, у хусусидаги қоидалар хорижий мамлакатлар фуқаролик қонунчилигида белгиланган.
Жумладан, Россия Федерацияси Фуқаролик кодекси 381.1-моддасига кўра, пул мажбурияти, шу жумладан шартнома бузилган тақдирда неустойкани тўлаш ёки зарарни қоплаш мажбурияти ушбу Кодекснинг 1062-моддаси 2-бандида назарда тутилган асослар бўйича вужудга келган мажбурият томонларнинг розилиги билан томонлардан бирини бошқа томон фойдасига муайян миқдордаги пул суммаси (таъминот тўлови) тўлаш орқали таъминланиши мумкин.
Шунингдек, таъминот тўловининг алоҳида қоидалари Франция Фуқаролик кодексининг 1257-моддасида келтирилган.
Қонунчиликка киритилаётган янгилик қандай натижаларга олиб келади?
Таклиф қилинаётган янги модда келажакда юзага келиши мумкин бўлган мажбуриятни таъминлаш соҳасида пул муносабатларини ривожлантиришга қаратилган. Гарчи амалда таъминот тўлови баъзи ҳолатларда (савдо-сотиқ) ишлатилган бўлса ҳам, у ҳеч қандай қонуний асосга эга эмас эди.
Янги модданинг мақсади шундай асосни таъминлашдан иборат. Ушбу моддага кўра, таъминот тўлови, шунингдек, умумий хусусиятларга кўра аниқланган нарсалар, қимматли қоғозларни - акцияларни, облигацияларни ва ҳоказоларга нисбатан ҳам қўлланилади.
Ушбу қоида мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш имкониятини янада оширади.
Фикримизча, таъминот тўловини - мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш усули сифатида киритилиб, унга тегишли тушунча берилиши Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг мажбуриятлар бажарилишини таъминлашга оид қоидаларининг янада такомиллашишига, келажакда юзага келиши мумкин бўлган мажбуриятни таъминлаш соҳасида пул муносабатларини ривожлантиришга катта ҳисса қўшади.
Ушбу таклифнинг қабул қилиниши натижасида фуқаролик ҳуқуқий мажбуриятларни виждонан ва муносиб амалга оширишни таъминлашга қаратилган чоралар такомиллашишига эришилиб, олинган мажбуриятлар лозим даражада бажарилиши таъминланади.
Дониёр Раҳимов,
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги
Юристлар малакасини ошириш марказининг бўлими бошлиғи,
юридик фанлар номзоди