+998 71 200 02 35

КОРРУПЦИЯНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ МУМКИНМИ?

06.08.2021 5491

Коррупция иқтисодиётнинг хавф-хатари манбаи бўлиб, айниқса мамлакатда пул оқимини издан чиқаради. Маълумки, иқтисодий ва молиявий хавфсизлик давлат бюджетининг дефицитсиз бўлишини тақозо этади. Коррупция йўли билан топилган даромад очиқ ишлатилмайди. Коррупционерлар ҳаром йўл билан топилган ноқонуний даромадларини жавоҳиротга айлантиради ёки бўлмаса ўз соҳиби ишлаб топган даромаднинг порага айланган қисми яширин равишда жамғарилади. Бугунги кунда коррупция муаммосининг долзарблигини англаш мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди. Коррупция билан ҳеч қачон мақсадимизга эриша олмаслигимизни идрок этиш масаласи кун тартибига қўйилди.

Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни, шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5729-сон Фармони, 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш бўйича тасдиқланган Давлат дастури ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил
3 мартдаги «2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлан­тиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида» фармонида, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январдаги «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунининг 5-моддасига биноан коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан келиб чиқиб, ҳар бир давлат бошқаруви ва маҳалий ижро этувчи ҳокимият органлари ўзининг бошқарув тизимида қонуннинг 3-боби «Коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш», 4-боби «Коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар» ҳамда 5-боби «Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга чек қўйиш, жавобгарликнинг муқаррарлиги»ни таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар олиб бориши белгиланган.

Юқоридагиларга қарамасдан ҳозирги кунда айрим давлат органларида мавзуси юзасидан қуйидагича муаммолар мавжуд: айрим ходимларнинг ойлик иш ҳақининг етарли эмаслиги; коррупция муаммоси билан шуғулланувчи мутахасисларни билим ва кўникмаларини етарли эмаслиги; давлат органларида коррупциоген вазиятни баҳоловчи ягона мукаммал таҳлилни мавжуд эмаслиги; давлат органларида соҳавий хизматларида коррупцияга ундовчи омиллар етарли тадқиқ этилмаганлиги; давлат органлари ходимларида корруп­циянинг олдини олиш масалалари бўйича билимларни кенгайтириш ва тарқатишда тизимли ишлар чоралари самарадорлигининг пастлиги; бюрократик ҳолатларнинг сақланиб қолаётганлиги; давлат органлари ходимларида коррупцияга қарши хулқ-атворни шакллантириш борасида тизимли ишларнинг етарли эмаслиги;  давлат органларида шаффофликнинг етарли эмаслиги; фуқароларнинг муаммоларига давлат органлари масъул ходимларнинг эътибор­сизлик билан муносабатда бўлиши, ортиқча сарсон-саргордонлик; давлат органлари айрим ходимларида юридик маълумотниниг йўқлиги.

Кўриниб турибдики, коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларни кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш. Коррупция бозор қоидаларига биноан хизматларни ихтиёрий равишда олди-сотди қилиш эмас, балки уларни кўрсатиш учун ғайриқонуний ҳақ олишдир. Демак, коррупция ғайриижтимоий, ғайриқонуний хизмат кўрсатишдир.

Юқоридаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида давлат органлари  тизимида коррупцияга қарши кураш олиб бориш мақсадида қуйидаги ишларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз:

– кадрлар танлаш ва жой-жойига қўйиш ишини самарали йўлга қўйиш; – раҳбарият томонидан кадрлар устидан назоратни кучайтириш;  – ходимга мунтазам давлат хизматининг ўзига хос хусусиятларини ўргатиб бориш; – авалло, шараф деган номни тиклаш мақсадида ватанпарварлик ва хизмат бурчига ўта содиқ кадрларни эринмасдан излаб топиш. Ходимларни ишга қабул қилишда батафсил текшириш тизимини жорий этиш, етарли ва асосли синов муддати белгилаш; – давлат органларига янги қабул қилинаётган бўлғуси ходимларнинг коррупцияга ёки оддий қилиб айтганда, пулга мойиллигини аниқлаш мақсадида мутахассислар томонидан мукаммал тарзда махсус психологик тестларни ишлаб чиқиш ва номзодлардан мазкур тест синовларини қабул қилишни амалга ошириш; – хизмат вазифалари тақозосига кўра тўғридан тўғри аҳоли билан мулоқотга киришувчи ходимлар билан алоҳида амалий мисоллар келтирилган видеофрагментлар асосида ўқув машғулотларини ташкил этиш; – давлат органлари тизимидаги хизматлардан энг кўп порахўрлик ёки таъмагирлик каби қилмишлар содир этиб, жиноий жавобгарликка тортилган ходимларнинг статистик таҳлилини юритиб, ушбу хизмат йўналишида ишловчи ходимлар ўртасида белгиланган тартибда мунтазам ижтимоий сўровлар ўтказиш ва унинг натижаларига асосан тегишли чоралар кўриш; – коррупция ҳодисаси билан боғлиқ, коррупция жинояти содир этган ходимларнинг сайёр суд мажлисларини реал ҳолатини ёритган, таъсирчан фильм, видеофрагментларни ишлаб чиқиш ҳажмини ошириш ҳамда уларни ходимлар билан таъсирчан тарбиявий ишларни амалга оширишда фойдаланиш ва коррупция жинояти учун жазонинг муқаррарлиги каби ачинарли вазиятларни ифодалаб бериш; – коррупция фактларини фош этувчи маълумотлар берган ходимларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш ва ҳимоя тизимини яратиш; – ҳалол хизматни мунтазам рағбатлантириш;  –ходимларнинг ижтимоий ҳимояси ҳамда ойлик маошларини босқичма-босқич рейтингига қараб ошириш; – коррупция жинояти бўйича суднинг ҳукми кучга кирган шахсларнинг фотосуратларини веб-сайтларда ва оммавий ахборот воситаларида доимий равишда кўрсатиб бориш амалиётини йўлга қўйиш; – барча таркибий тузилмалардаги коррупцияга чалинишга мойил соҳа ва йўналишларни аниқлаш ва олдини олиш чоралари самарадорлигини ошириш; – ходимларнинг малакасини оширишга эътиборни кучайтириш; – ходимларнинг яшаш жойларидаги юриш-туриши ҳақида мунтазам хабардор бўлиб туриш.

Қайд этиш жоизки, коррупциявий йўналишдаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш умуммиллий вазифа. Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, жумладан давлат органлари коррупцияга қарши курашнинг асосий субъектлари ҳисобланадилар. Бу борада амалга оширилиши керак бўлган асосий вазифалар фикримизча қуйидагилардан иборат:

– ҳуқуққа зид мақсадларни кўзлайдиган шахсларнинг давлат органларига кириб қолишларининг олдини олиш;

– давлат органлари ходимлари ва уларнинг яқинларини хизмат вазифаларини бажаришлари билан боғлиқ ҳолда ҳаётига, соғлиғига, мулкига қарши ноқонуний тажовузлардан давлат ҳимоясини ташкил этиш;

– давлат органлари ходимлари томонидан жиноятлар содир этилишига ёрдам берадиган сабаблар ва шароитларни аниқлаш;

– давлат органлари коррупциянинг келиб чиқиш шарт- шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича чора тадбирларни режалаштириш;

– давлат органларида номзодларни ишга ва ўқишга қабул қилишда уларнинг шахсий фазилатлари ва мақсадларини тўлиқ ўрганиш;

– коррупциянинг олдини олиш бўйича давлат органлари ходимлари билан умумий профилактикани амалга ошириш;

– давлат органлари органларида таъмагирликка, молпарастлик ва пулга мойил бўлган шахсларни аниқлаш ва улар билан якка тартибдаги профилактик ишларни амалга ошириш;

– давлат органларида коррупциянинг олдини олишда раҳбарларнинг ролини ошириш ва ҳуқуқий таълим-тарбиянинг таъсир чораларини ошириш.

 

Шахноза Салихова,

Юристлар малакасини ошириш маркази Фан, инновация ва таълим дастурларини ишлаб чиқиш бўлими бош мутахассиси