+998 71 200 02 35

Бугун – Умумжаҳон соғлиқни сақлаш куни

07.04.2020 3575

1950 йил 7 апрелдан бери ҳар йили 7 апрелни дунё ҳамжамияти Умумжаҳон Соғлиқни сақлаш куни сифатида нишонлаб келмоқда. Маълумки, 1948 йил 7 апрель Соғлиқни сақлаш масалалари бўйича ассамблеянинг Биринчи йиғилишида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)га асос солинган кун. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг соғлиқни сақлаш соҳасига ихтисослашган нуфузли муассасаси бўлиб, унинг таркибига ҳозирда 194 та аъзо давлатлар киради.

ЖССТ Швейцариянинг Женева шаҳрида жойлашган бош идораси ҳамда 6 та минтақавий ва 150 та мамлакатдаги ваколатхоналарига эга. ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ташкилотнинг Европа минтақасидаги ваколатхонасига қарашли. Ўзбекистон 1992 йилнинг 25 майда ЖССТга аъзо бўлган. ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси 1993 йилда Тошкентда ўз фаолиятини бошлаган. Ваколатхона соғлиқни сақлаш тизимига яхлит ёндашув асосида барқарор соғлиқни сақлаш сиёсатини ишлаб чиқишда ёрдам кўрсатиш, умумий етакчиликни таъминлаш, маҳаллий даражада техник алоқаларни ўрнатиш, стандартларни белгилаш ва шартномалар тузиш, инқироз даврида соғлиқни сақлаш тадбирларини мувофиқлаштириш ва амалга ошириш каби вазифаларни қамраб олади.

Ҳозирги кунга келиб, Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолиятида халқаро ташкилотлар билан ҳар томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиш йўналиши жадал ривожланиб бормоқда ва уни тартибга солишга қаратилган давлат сиёсати ҳам эволюцион ривожланиш йулидан кетмоқда. Хусусан, ЖССТ ва Ўзбекистон соғлиқни сақлашнинг кўплаб муҳим масалаларида яқиндан ҳамкорлик қилиб қилиб келяпти. Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевга БМТнинг юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш бўйича идоралараро ишчи гуруҳи (ЮНИАТФ) мукофоти топширилди. “Yuksalish” умуммиллий ҳаракати хабарига кўра, ЮНИАТФнинг 11-йиғилишида (2018 йил 8-9 ноябрь, Женева) юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилишда ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшаётган шахслар ютуқларини тан олиш ва оммалаштириш мақсадида ҳар йили махсус мукофот таъсис этишга қарор қилинган.

2019 йил 20 май куни Женевада Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеяси (ЖССА)нинг 72-сессиясида ЖССАнинг ЖССТ Европа минтақаси бўйича вице-президенти этиб Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов сайланди. Таъкидланганидек, бу Президентимиз раҳнамолигида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш тизимини сақлаш ва янада яхшилаш, соғлом авлодни тарбиялаш учун шарт-шароитларни шакллантириш ва профилактика тиббиётини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан эътироф этилаётганидан далолатдир. Бу Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги ютуқлари ЖССА тадбири очилиш маросимида ЖССТ бош директори Тедрос Адханом Гебрейесуснинг чиқишида ҳам ўз аксини топди. Ўзбекистон дунёнинг оз сонли мамлакатлари қаторида ўз ҳудудида безгакни тўлиқ йўқ қилишга эришганини эътироф этгани катта ютуқдир.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган 2019 – 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси яратишда ЖССТ экспертларининг улкан ёрдамини алоҳида таъкидлаш лозим. Халқаро экспертларнинг кўмаги туфайли соғлиқни сақлашни молиялаштиришни яхшилаш, мажбурий тиббий суғурта ва электрон соғлиқни сақлаш тизимини жорий этиш, соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланишни тарғиб қилиш, юқумли ва юқумли бўлмаган касалликлар, саломатлик учун зарарли бўлган одатларга карши кураш каби қатор вазифалар бўйича самарали чоралар кўрилмоқда.

БМТ ушбу санани қай тарзда нишонлайди?

Умумжаҳон соғлиқни сақлаш куни – бу инсонларнинг саломатлиги ва фаровонлиги муҳофазаси йўлида биргаликда чора-тадбирлар ўтказиш мақсадида сайёрамизда истиқомат қилувчи ҳар бир аҳолининг эътиборини саломатлик ва соғлиқни сақлаш муаммоларига жалб қилишга қаратилган глобал кампаниядир.

Умумжаҳон Соғлиқни сақлаш кунини нишонлаш билан боғлиқ бўлган тадбирлар ЖССТнинг бошчилигида ташкиллаштирилади. Ушбу кунни нишонлаш муносабати билан ҳар йили соғлиқни сақлаш соҳасида долзарб бўлган масалаларга халқаро жамоатчиликнинг эътиборини қаратиш мақсадида муайян бир мавзу белгилаб олинади. Бундай мавзу ёки шиор остида турли-туман тадбирлар, ташаббус ва танловлар уюштириш орқали, соғлиқни сақлаш билан боғлиқ бўлган масалалар ечимини топишдаги жамоатчилик иштироки рағбатлантирилади.

2018 ва 2019 йиллари ЖССТ Умумжаҳон соғлиқни сақлаш кунини инсонларга қандай ёрдам ва қандай хизматлар олиш имконияти борлиги ва уларни қандай олиш мумкинлиги тўғрисида тўлиқроқ тасаввур ҳосил қилиш мақсадида соғлиқни сақлаш хизматлари билан ёппасига қамраб олиш мавзусига бағишлади. Соғлиқни сақлаш хизматлари билан ёппасига қамраб олиш ғояси барча инсонларни зарур жойда ва зарур вақтда ҳеч қандай молиявий қийинчиликларсиз таъминлашдан иборатдир.

2020 йил “Халқаро ҳамширалик ва акушерлик хизмати ходимлари” йили деб эълон қилинган, шу сабабли ушбу кун тадбирлари ҳамширалар ва акушерлик хизмати ходимларининг бутун дунёда одамларнинг соғлиғини ҳимоя қилишдаги муҳим ўрни ва ҳамширалар ва акушерлик хизматларини кучайтириш зарурлигига бағишланди. Афсуски, дунё илк бор коронавирус инфекцияси пандемиясига дуч келиши ўз таъсирини кўрсатди ҳамда “Умумжаҳон саломатлик куни”ни нишонлаш ўзига хос, яъни ташвишли шароитда ўтмоқда.

Айни кунларда барча куч ва воситалар, маблағ ва ресурслар коронавирус эпидемиясининг кенг тарқалишининг олдини олиш, вирус билан касалланганларни талофатсиз соғайтириш, бутун мамлакатнинг санитария-эпидемиология ҳолатини барқарорлаштиришга йўналтирилган. Вирусга қарши кураш ва инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш масъулияти эса, табиийки, шифокорлар гарданига тушган. Пандемия шифокорлар қанчалик муҳим касб эгалари ва уларнинг жамиятда ўз ўрнига эга эканини кўрсатиб берди. Шундай шарафли вазифани ўз қасамёдига содиқ қолган ҳолда бажариб келаётган тиббиёт ходимларининг ҳар бир куни қаҳрамонликдир.

Биз тиббиёт ходимлари тимсолида халқ саломатлиги йўлида ўз ҳаловатидан кечиб, кунни тунга улаб, фидокорона меҳнат қилаётган шарафли касб эгаларини кўрамиз. Ҳозирги кунда юзага келган вазият юртимизнинг ҳар бир фуқароси зиммасига катта масъулият юкламоқда. Айниқса, тиббиёт ходимларининг елкасидаги юкнинг залвори оғирдир. Коронавирус инфекцияси дунёга таҳдид солиб турган бир пайтда, тиббиёт ходимлари зиммасидаги масъулият янада ошиши билан бирга, улар фаолиятининг ҳар куни, керак бўлса, ҳар дақиқаси қаҳрамонлик эканлиги яққол намоён бўлмоқда. Лекин бу оғир таҳликалар вақтинчалик ҳолатдир ва биз барчамиз ҳамжиҳатликда айтилаётган тавсиялар ва талабларга оғишмай риоя қилиб, ушбу оғир синовдан ўта олишимизга шубҳа йўқ.

Коронавирус инфекциясига чалинган беморларимиз соғайиб кетишлари учун, уларга ЖССТ тавсиялари асосида ва халқаро стандартлар бўйича тезкор ва сифатли тиббий хизмат кўрсатилмоқда.

Бугун Умумжаҳон соғлиқни сақлаш куни санасида сиз, фидойи тиббиёт ходимларига, айниқса, бутун жаҳонни таҳликага солган пандемия шароитида инсон учун энг азиз неъмат бўлган ҳаёт ва саломатликни муҳофаза қилишдек шарафли касб эгаларига юксак ҳурмат ва эҳтиром, чуқур миннатдорлик билдирамиз.

Шухрат РАХМАНОВ,

Юристлар малакасини ошириш маркази доценти, юридик фанлар номзоди