+998 71 200 02 35

Буюк бобомиз Амир Темур салтанатида мансабдор шахсларнинг ҳуқуқий мақоми.

09.04.2020 5149

Амир Темур ва темурийлар даври давлатчилиги, маънавияти ўзининг салоҳияти, ҳуқуқий бошқаруви, тарбиявий кучи ва таъсири билан халқимиз тарихида алоҳида ўрин тутади.

Ўзбекистон ўзининг давлат мустақиллигига эришгач, унинг бир неча минг йиллик ижтимоий-сиёсий тарихини ҳар тарафлама ўрганиш учун кенг имкониятлар яратилди. Айниқса, марказлашган Амир Темур салтанати, унинг ўзбек давлатчилиги ва маданиятини ривожлантиришдаги ўрни масалаларига ойдинлик киритилиб, тарихчи, шарқшунос, ҳуқуқшунос олимларимиз кўплаб биринчи манба аҳамиятидаги асарларни ўзбек тилига таржима қилиб, нашр эттирдилар.

Шарқда "Одил Подшо" тушунчаси қадим-қадимдан мавжуд ва халқ ана шундай подшони ҳамиша орзу қилиб келган. Соҳибқирон Амир Темур ана шундай подшо бўлишга интилди-деб ёзади Ўзбекистон халқ ёзувчиси Мухаммад Али. "Куч – адолатда" сўзлари буюк бобомизнинг қўлидаги узугига ва темурийлар давлати муҳрида ҳам акс эттирилган эди. Бугунги кунда Тошкентнинг марказий хиёбонида буюк бобомиз шарафига қўйилган ҳайкал пайида ҳам шу сўзларнинг битилганлиги, унинг қанчалик ҳаётийлигидан далолат беради. "Мамлакат зулм­га чидаши мумкин, аммо адолатсизликка чидай олмайди", – деб ёзганди Амир Темур ўз "Тузук­лар"ида. Бу – салтанат шиори. Соҳибқирон бу шиорга бутун умри давомида қатъий амал қилиб келди.

Темур салтанатни бошқаришда вазирларни, амирларни, девонбегини, вилоятлардаги девон ходимлари ва бекларни танлаш, уларни жой-жойига қуйишда номзодларнинг насл-насабига, ақл-фаросатига, халқпарварлигига, адолатпарварлигига, шу даврдаги ҳуқуқий нормаларни билиш ва қўллашига, зийраклиги-ю, одамлар билан муомаласига катта эътибор берган. Унинг фикрича, давлат ҳокимияти зўрованлик билан эмас, балки ўз ҳукмининг таъсирчанлиги ва адолат билан бошқарилишига таянмоғи керак. У вазирлардан қўйидаги ҳислатларга эга бўлишни талаб этган

биринчиси, асллик, тоза насллик, иккинчиси, ақл-фаросатлилик,

учинчиси, ҳуқуқ нормаларини билиши, тўртинчиси, сипоҳу раият аҳволидан хабардорлик, хушмуомалалик, бешинчиси, сабр-тоқатлилик. Шундай ҳислатларга эга бўлган вазирга тўртта имтиёз: ишонч, эътибор, ихтиёр ва ҳокимият берган.

Амир Темурнинг ҳуқуқий қарашлари унинг тузукларида яққол кўзга ташланади ва унинг сиёсий ва ҳуқуқий қарашлари тўғрисида юридик фанлари доктори Феруза Мухитдинованинг бир қатор рисолаларида ҳам ўз ифодасини топган.

«Темур Тузукларида» ёзилишича, Амир Темур давлатни бошқаришда кенгаш ва маслаҳатга катта эътибор берган. «Давлат ишларининг тўққиз улуши кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улуши эса қиличдир.» Демак, соҳибқирон ўз салтанатини кенгаш, қурултой, машварат ва тадбиркорлик билан бошқарган. «Тузуклар»да, юз минг отлиқ аскар қила олмаган ишни бир тўғри кенгаш билан амалга оширдим, деб ёзади.

Амир Темур давлатда адолат ўрнатиш тарафдори бўлиб, ҳар бир шаҳар ва вилоятда қози – судьялар ва муфтийлар аризачиларни қабул қилиб, суд ва судлов ишларини олиб борган. «Тузуклар»да, «Ҳар қандай одам менинг девонимдан паноҳ топган экан, гуноҳи бўлса ҳам, уни кечирсинлар, иккинчи, учинчи марта яна гуноҳ йўлига кирса, у ҳолда гуноҳига яраша жазолансин».- деб ёзилади.

Бизнинг замондошимиз Англиялик ёзувчи аёл Хильда Хукхэм ўзининг “Етти иқлим ҳукмдори” деган асарида бобомизнинг саройида, вилоятларида қонунларни бажарилишини назорат қилиб борувчи  ҳуқуқшунослар, жиноят ва маъмурий ишларни кўрувчи судъялар фаолият кўрсатишганлигини, Темур бобомизнинг чиқараётган Фармонларини саройдаги ҳуқуқшунослар ва амалдорлар кўриб, уларни кўпайтириб жойларга юборишларини қайд этиб ўтган.   

Француз адиби Люсьен Карен ўзининг ўтган асрнинг 80 йилларида ёзган ва 2018 йилда ўзбек тилига таржима қилинган “Амур Темур салтанати” номли китобида ҳам, буюк бобомиз беш йиллик юришдан қайтиб келгач, қозихоналар ишини қаттиқ назоратга олганлиги, улуғ амир йўқлигидан фойдаланиб, ўз шахсий манфаатларини ўйлаб иш тутган иймонсиз амалдорларни ва инсофсиз савдогарларни жазолашини эълон қилди. Олий судлов ҳайъати ишини, Амир Темурнинг ўзи бошқарди. Айбдорлар мансаби, молу дунёси ва сарой аҳли билан қариндош уруғлигидан қатъий назар, сўроқ қилиниб, ҳибсга олиндилар  ва шафқатсиз жазоландилар- деб эътироф этиб кетган.

Мансабни суиистеъмол қилиш, ўз вазифасига лоқайд бўлиш салтанатни издан чиқаришини билган соҳибқирон кучли ҳуқуқий давлат ўрнатишга ҳаракат қилган. Тарихий манбаларга кўра, Соҳибқироннинг ўғли Мироншоҳ, набиралари Пирмуҳаммад ва Халил Султонлар ўз мансабини суиистеъмол қилиб, маишатга берилгани учун халқ олдида жазога тортилишган, яъни маълум вақтга қадар ҳокимиятдан четлатилган.

«Тузуклар»да ёзилишича, Амир Темур нафақат ўз авлодларига нисбатан, ёки давлат ишларини бошқаришдаги адолатсизликка нисбатан курашган, балки молия вазирларини ҳам назорат қилган. Унга кўра, молия вазири молия ишларида хиёнат қилиб, хазинанинг бир қисмини ўзлаштириб олган бўлса, аввало, бу ҳолат синчковлик билан текшириб кўриш кераклиги уқтирилади.

Агар олинган маблағи ўзига тегишли улуфа миқдорига тенг бўлса, унда уни жазоламай унга совға тариқасида бериш. Агар ўзлаштирган маблағи маошидан икки баробар ортиқ бўлса, ортиғини унинг маошидан ушлаб қолиш, Агар маошидан уч баробар кўп бўлса, салтанат хазинасига мусодара қилиш билан жазоланган.

Архиепископ Джон ўша даврда тадбиркорларга яратилган имтиёзлар ҳақида ўз хотираларида тўхталиб шундай деган эди “У (А.Темур) хорижий тадбиркор савдогарлар учун жуда қулай ва хавфсиз шарт-шароитлар яратган эди, агарда қайсидир савдогар салтанат ҳудудида талончиликка дуч келиб, таланса, шу ернинг ҳокими ва халқи унинг таланган мулкини икки ҳисса миқдорида савдогарга тўлаб бериши ва талончиликка йўл қўйгани учун Темур саройига беш баравар миқдорида тавон тўлаши лозим эди”-деган.

 Руи Гонзалес Клавихо Амир Темур империяси пайтахти Самарқандда бўлганда, буюк бобомиздан боқиб кўпайтириш учун олган уч мингта отни ўзлаштириб юборганликда айбланган бир ҳарбий саркарда, уларни олти минг қилиб қайтариб беришга ваъда қилишига қарамасдан бобомиз ишончини суистеъмол қилганлиги учун осилганлигини эслаб ўтган.

Ҳар қандай содир этилган жиноят учун жазо муқаррарлиги Амир Темур давлатининг тамойилларидан бири бўлган. Умуман, Амир Темур сиёсий ҳуқуқий қарашларини ўрганиш Ўзбекистонда ҳуқуқий давлат қуришда катта аҳамиятга эгадир. Амир Темурнинг «қаерда қонун ҳукмрон бўлса, у ерда адолат бўлади», деган сўзларида қонунийлик ва қонун олдида барча тенглиги назарда тутилган.

Россиянинг Покистондаги собиқ элчиси А.Ю.Алексеевнинг буюк бобомиз ҳақидаги қуйидаги сўзлари ҳам диққатга сазовордир: «Амир Темур Тўхтамишхон устидан қозонилган ғалаба ҳақида Олтин Ўрдани емириш билан Рус мамлакатини қарийб 200 йил давом этган мўғул-татар зулмидан фақат озод қилибгина қолмай, балки Россиянинг мустақил давлат сифатида ривожланишига йўл очиб берди. Бу тарихий ҳақиқат»-деган эди

Мустақиллик туфайли халқимиз ўзлигини таниди, буюк боболаримизнинг тарихдаги ўчмас жасорати ва юксак даҳоси ҳақидаги асл ҳақиқат рўёбга чиқди. Бу улуғвор ишларнинг дебочаси сифатида мамлакатимизда Соҳибқирон Амир Темур ҳақидаги адолат қарор топиб келмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати раҳбарияти ва халқи томонидан топталиб келинган миллий ғурурини юксалтириш, соҳибқирон бобомизнинг муборак номи, тарихий сиймоси, бой мероси ва хотирасини тиклаш йўлида мамлакатимизда кўплаб ишларни амалга ошириб келмоқда. Тошкент, Самарқанд, Шаҳрисабз ва бошқа шаҳарларнинг марказий майдонларида Амир Темурга ҳайкал ўрнатилди, Тошкентдаги Амир Темур хиёбонида Темурийлар даври музейи барпо этилди (1996), «Амир Темур» ордени таъсис этилди (1996) ва Халқаро Амир Темур жамғармаси ташкил қилинди (1995), 1996 йил Ўзбекистонда "Амир Темур йили" деб аталди. Тошкент, Самарқанд ва хорижий мамлакатларда ЮНЕСКО раҳбарлигида ҳазрат Соҳибқирон таваллудининг 660 йиллиги кенг нишонланди (1996). Амир Темур ҳақида икки қисмдан иборат бадиий фильм, спектакллар ва шеърий ҳамда насрий асарлар яратилди.