+998 71 200 02 35

Методик қўлланмалар


Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги  Юристлар малакасини ошириш маркази

Профессор-ўқитувчилар таркибининг ўқув юкламаси ҳамда ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ва ташкилий-тарғибот  ишларини белгилаш

 ҚОИДАЛАРИ

Профессор-ўқитувчилар таркибининг ўқув юкламаси ҳамда

ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ва ташкилий-тарғибот  

ишларини белгилаш

1-БОБ УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

 1. Мазкур қоидалар Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни ва “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури,”  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 21 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлиги қошида Юристлар малакасини ошириш марказини ташкил этиш тўғрисида”ги 364-сон, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлиги қошида Юристлар малакасини ошириш маркази фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 531-сон қарорлари ва Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлигида 2018 йил 8 октябрда 3076-сон билан рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта-махсус таълим вазирининг 2018 йил 10 сентябрдаги 20-2018-сон буйруғига  асосан ишлаб чиқилган бўлиб, Марказ профессор-ўқитувчилар таркиби ўқув юкламаси ҳамда ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ва ташкилий-тарғибот ишларини белгилаш қоидаларини белгилайди.

2. Марказ профессор-ўқитувчилари таркиби (бундан буён матнда профессор-ўқитувчилар деб юритилади) меҳнатини нормалаштириш ҳар ўқув йили учун профессор-ўқитувчилар ва кафедра мудири томонидан тузиладиган ҳамда Марказнинг соҳага оид бўлимлари бошлиқлари билан келишилган ҳолда Марказ директорининг ўқув-услубий ва илмий ишлар бўйича  биринчи ўринбосари томонидан тасдиқланадиган ўқув йили бўйича шахсий иш режаларига асосланади.

2. Профессор-ўқитувчиларнинг ўқув йили бўйича шахсий иш режаси таркибига ўқув юкламаси ҳамда ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ва ташкилий-тарғибот ишларининг турлари киритилади. Иш турлари профессор-ўқитувчиларнинг ўқув йили бўйича шахсий иш режаларида тўлиқ ва аниқ акс эттирилиши керак. Жорий ўқув йили якунида фақат мазкур ўқув йили давомида амалга оширилган ишлар ҳисобга олинади.

Ўқув йили давомида бажарилган қўшимча иш турлари профессор-ўқитувчиларнинг йиллик шахсий иш режаларига киритиб борилиши мумкин.

3. Профессор-ўқитувчиларнинг шахсий иш режаси таркибига киритиладиган ўқув юкламаси ҳамда ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ва ташкилий-тарғибот ишлари:

тўлиқ штатда фаолият кўрсатаётган профессор-ўқитувчилар учун профессор-ўқитувчиларнинг лавозимларига қўйилган малака талаблари асосида;

тўлиқ штатда бўлмаган ва ўриндош сифатида фаолият кўрсатаётган профессор-ўқитувчилар учун уларнинг ставкаларига мувофиқ тарзда профессор-ўқитувчиларнинг лавозимларига қўйилган малака талаблари асосида;

шунингдек, меҳнатга ҳақ тўлашнинг соатбай шартлари асосида фаолият кўрсатаётган профессор-ўқитувчиларнинг ўқув юкламаси ушбу Қоидаларга мувофиқ шакллантирилади.

4. Профессор-ўқитувчиларнинг ўқув йили бўйича шахсий иш режасининг бажарилиши мунтазам равишда кафедра мудири, ўқув йилининг ҳар ярим йили якунида Ўқув жараёнини ташкил этиш ва назорат қилиш бўлими, Фан, инновация ва таълим дастурларини ишлаб чиқиш бўлими, Таълим жараёни сифатини услубий таъминлаш, мониторинг қилиш ва баҳолаш бўлими ва Марказ директорининг ўқув-услубий ва илмий ишлар бўйича  биринчи ўринбосари томонидан назорат қилиб борилади.

2-БОБ. ПРОФЕССОР-ЎҚИТУВЧИЛАРНИНГ ЎҚУВ ЮКЛАМАСИНИ ҲИСОБЛАШ

5. Профессор-ўқитувчиларнинг ўқув йили бўйича шахсий иш режасига киритилган, унинг асосий қисми бўлган ўқув юкламасининг соатлардаги ҳажми мазкур Қоидаларнинг 1-иловасида назарда тутилган Юристлар малакасини ошириш маркази профессор-ўқитувчиларининг ўқув юкламаси ҳажмини        ҳисоблашнинг вақт меъёрларида белгиланган иш турларидан келиб чиқиб, профессор-ўқитувчиларнинг лавозимларига қўйилган малака талаблари асосида ҳисобланади.

Профессор-ўқитувчиларнинг эгаллаб турган лавозимлари бўйича ўқув юкламаси ҳажми Марказ директорининг ўқув-услубий ва илмий ишлар бўйича  биринчи ўринбосарининг таклифига мувофиқ  Марказ Илмий кенгаши томонидан тасдиқланади.

6. Ўқув юкламаси бўйича ҳисобланган соатлар ҳажми Марказнинг штат бирликлари сонини ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг ойлик маошларини белгилаш учун асос бўлмайди.

Профессор-ўқитувчиларнинг ойлик маоши харажатлар сметаси бўйича тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида белгиланади.

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сон  қарори  билан тасдиқланган Ижодий таътиллар бериш тартиби ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган нормаларга мувофиқ олиб борилаётган илмий-методик ва илмий-тадқиқот ишларини рағбатлантириш мақсадида профессор-ўқитувчиларнинг ўқув ишлари юкламаси  ҳажми кафедранинг таклифига асосан Марказ Илмий кенгашининг  қарори билан ўзгартирилиши мумкин. Бунда профессор-ўқитувчиларнинг тегишли ўқув юкламасининг муайян  қисми кафедранинг бошқа профессор-ўқитувчиларининг ўқув юкламасига қўшимча равишда тақсимланади.

8. Маъруза машғулотлари илмий унвон ва илмий даражага эга бўлган профессор-ўқитувчилар томонидан ўтказилади. Зарур ҳолларда (маъруза машғулотлари ҳажми кўп бўлганда ёки профессор, доцент ва катта ўқитувчилар етарли бўлмаганда) Марказ Илмий кенгашининг қарорига асосан камида             3 йиллик илмий-педагогик иш стажига эга бўлган, бироқ, илмий унвон ва илмий даражаси бўлмаган ўқитувчиларга бир ўқув йилида 200 соатгача ҳажмда маъруза машғулотларини ўтишга рухсат берилади.

Профессор-ўқитувчиларнинг ўқув аудитория (маъруза, семинар, тренинг ва амалий машғулотлар) соатлари ҳажми 300 соатдан кам бўлмаслиги лозим. Шунингдек, бошқа турдаги ўқув ишлари 100 соатгача ҳажмда бажарилиши тавсия этилади.

 

3-БОБ. ПРОФЕССОР-ЎҚИТУВЧИЛАРНИНГ ЎҚУВ-УСЛУБИЙ, ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ ВА ТАШКИЛИЙ-ТАРҒИБОТ

ИШЛАРИНИ БЕЛГИЛАШ

 9. Профессор-ўқитувчилар фаолиятининг ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ва ташкилий-тарғибот ишлари бўйича соатлар ҳажми ҳисобланмайдиган иш турлари мазкур Қоидаларнинг 2-иловасида назарда тутилган Марказ профессор-ўқитувчиларининг ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ва ташкилий-тарғибот ишлари турларидан келиб чиқиб, профессор-ўқитувчиларнинг лавозимларига  қўйилган малака талаблари асосида белгиланади.

10. Профессор-ўқитувчиларнинг ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ва ташкилий-тарғибот ишлари ҳажми мазкур иш турларини бажариш заруриятидан келиб чиқиб, профессор-ўқитувчиларнинг лавозимларига  қўйилган малака талаблари асосида Марказ Илмий кенгаши томонидан тасдиқланади.

11. Профессор-ўқитувчиларнинг илмий-педагогик, ижодий маҳоратини узлуксиз ошириб бориш, тингловчиларда чуқур назарий билим, амалий ва касбий кўникмаларни шакллантириш, илм-фанга бўлган қизиқишни уйғотиш, уларга миллий ва умуминсоний қадриятларни сингдириш, ҳар томонлама етук мутахассис тайёрлашни назарда тутган ҳолда кафедра мудири ўқитишни илғор педагогик ва компьютер технологиялари, янги авлод ўқув адабиётлари асосида ташкил этиш ҳамда ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ва ташкилий-тарғибот ишлар бўйича аниқ топшириқларни белгилайди.

 4-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА

12. Кафедра ишининг ҳажми, профессор-ўқитувчиларнинг умумий юкламаси тўғри белгиланганлигини ва бажарилган ишларнинг сифатини назорат қилиш Марказнинг тегишли кафедра ва тегишли йўналишлар бўйича бўлимлари томонидан амалга оширилади.

13. Профессор-ўқитувчиларнинг шахсий иш режалари бажарилиши натижалари кафедра йиғилишларида ҳар ойда муҳокама этилиб ва тегишлича баҳолаб борилади.

14. Марказ профессор-ўқитувчилари томонидан бажарилиши лозим бўлган ўқув, ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ва ташкилий-тарғибот ишларининг ҳажмини ҳисоблаш ҳамда кафедрадаги педагог кадрлар ўртасида иш хажмини иш турлари бўйича оқилона тақсимлаш ушбу Қоидалар асосида амалга оширилади.

15. Мазкур Қоидалар Марказ Илмий кенгашининг 2019 йил 17 июлдаги мажлиси қарори билан тасдиқланган.