+998 71 234 56 02

Advanced training


 

 

1-қадам. Марказ томонидан берилган “Логин” ва “Парол” орқали тизимга кириб шахсий маълумотлар тўғрилигини текшириш ва шахсий профилни шакллантириш.

2-қадам. Умумий қоидалар билан танишиб чиқиб тасдиқлаш ва тизимга буюртмачи ташкилот томонидан масофавий ўқув курсига жалб қилинганлиги ҳақидаги буйруқнинг электрон нусхасини (jpeg,jpg) жойлаштириш (буйруқ администратор томонидан 1 кун муддат ичида кўриб чиқилади ва тизимда ўқишни бошлашга рухсат берилади).

3-қадам. Масофавий ўқитиш тизимини бошлаш учун кириш тестини топшириш.

4-қадам. Ўқиш давомида мавзулар юзасидан тайёрланган материаллар ўзлаштириб борилади ва модуллар орасида тест синовлари ўтказилади.

5-қадам. Берилган муддатда барча модуллар ўзлаштирилиб бўлгандан сўнг чиқиш тести топширилади.

6-қадам. Имтиҳон махсус дастурий таъминот ёрдамида масофадан туриб реал вақт режимида компьютер орқали суҳбат асосида қабул қилинади (имтиҳон топшириш тартиби тизимнинг эълонлар бўлимига жойлаштирилади).

 

 

Юристлар малакасини ошириш марказида масофадан ўқитиш таълим

усуллари орқали қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини

ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

 

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 июндаги 531-сон «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази (кейинги ўринларда  Марказ деб юритилади) фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига асосан Марказда таълим олувчи кадрларни масофадан ўқитиш таълим усуллари орқали қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсларини (бундан буён матнда қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари деб юритилади) ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Масофадан ўқитиш таълим усуллари орқали қайта тайёрлаш ва малака ошириш онлайн (видеомаърузалар, маслаҳатлар, назорат турларини масофадан туриб реал вақт режимида ўтказиш) ва оффлайн (масофавий таълим тизимидаги тегишли ўқув-методик ресурсларни мустақил равишда ўзлаштириш) шаклида амалга оширилади.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунлардан фойдаланилади:

масофавий ўқитиш – таълим тизимининг барча таркибий қисмларини (мақсад, мазмун, метод, таълимнинг ташкилий шакллари, таълим воситалари) ўзида акс эттирувчи ва интернет-технологияларнинг ўзига хос воситалари ёки интерфаолликни назарда тутувчи бошқа воситалар билан амалга оширилувчи, ўқитувчи ва таълим олувчининг масофадан амалга оширилувчи хатти-ҳаракати;

ўқув контенти – таълим жараёнида фойдаланиш учун масофавий таълим платформасига жойлаштириладиган ўқув-методик материаллар;

видеоконферецналоқа – масофада жойлашган абонетларнинг реал вақт режимида видео ахборотни ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда алмашиш имкониятини яратувчи видеоалоқа хизмати;

видеоконференция – масофавий ўқув тизимида қўлланиладиган видео-технологиялардан бири бўлиб, бундай таълим жараёнида тингловчи ва профессор-ўқитувчи ўртасидаги муносабатлар (ўзаро алоқа) маҳсус жиҳозлар ёрдамида реал вақт оралиғида амалга оширилади;

вебинар – глобаль Интернет тизимида видеомаъруза, веб-конференция ва онлайн учрашув ўтказиш имконини яратиш, кўргазмали презентацияларни видео-эшиттиришлар билан бир қаторда ихтиёрий сессия қатнашчисига тегишли график кўринишдаги файллардан фойдаланиш ҳамда модуллар бўйича масъул профессор-ўқитувчидан маслаҳат олиш;

буюртмачи ташкилот – кадрларини масофавий таълим тизимида қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга манфаатдор вазирлик, идора ёки ташкилотлар;

тингловчи – Марказ директори буйруғи билан қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсига қабул қилинган шахс;

техник мутахассис – онлайн шаклида масофадан ўқитиш курсларини видеоконференция ва вебинар махсус дастурий таъминотдан фойдаланган ҳолда амалга ошириш тизимини техник қўллаб-қувватлашни амалга оширувчи шахс;

тьютор (педагог ўқитувчи-консультант) – масофавий қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини ташкил этиш жараёнида тегишли ўқув модули бўйича тингловчилар фаолиятини мувофиқлаштирувчи ва йўналтирувчи, методик ёрдам кўрсатувчи, ўқиш ва билиш назоратини амалга оширувчи субъект.

3. Масофавий ўқитиш курслари тингловчиларнинг касбий даражаси ва малакасининг доимий ўсиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш ва ҳар томонлама кўмаклашиш, замонавий талабларга мувофиқ уларни қайта тайёрлаш ва мунтазам равишда малакасини оширишнинг такомиллаштирилган тизимини жорий этиш асосида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш сифатини тубдан оширишга йўналтирилади.

4. Қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг масофавий шакли (кейинги ўринларда масофавий таълим шакли деб аталади) буюртмачи ташкилот билан келишган ҳолда ишлаб чиқилган тегишли ўқув дастурлари асосида Марказ томонидан ташкил этилади.

5. Масофадан туриб амалга ошириладиган таълим ахборот-коммуникация технологияларига асосланади, тегишли соҳа йўналишларнинг ўқув дастурига мос ҳолда ишлаб чиқилган ўқув-методик ресурслар асосида ва асосий ишдан ажрамаган ҳолда ташкил этилади.

6. Масофавий шаклдаги курсларда машғулотларни ўтказганлик учун ўқув юкламасининг ҳажми Марказ профессор-ўқитувчиларининг ўқув юкламаси ҳажмини ҳисоблашнинг вақт меъёрлари асосида аниқланади.

7. Масофавий таълим жараёнига юқори малакали ҳуқуқшунос олимлар, тажрибали амалиётчи ходимлар ва хориждан мутахассисларни шартнома асосида (шу жумладан, соатбай ҳақ тўлаш асосида) жалб қилиниши мумкин.

8. Таълим олувчиларнинг билимини назорат қилиш ва баҳолаш Марказнинг ички норматив ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

9. Масофадан ўқитиш таълим усуллари орқали қайта тайёрлаш ва малака ошириш харажатлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

10. Онлайн шаклида ташкил этиладиган масофадан ўқитиш таълим усуллари орқали қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқиш давомийлиги давлат талабларида белгиланган муддатларда, оффлайн шаклида ташкил этиладиган масофавий малака ошириш курсларида ўқиш давомийлиги кўпи билан уч ойни ва қайта тайёрлаш курсларида ўқиш давомийлиги камида олти ойни ташкил этади.

11. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини тамомлаган тингловчиларнинг билимлари синов имтиҳони ёки суҳбатдан ўтиш асосида баҳоланади. Синов имтиҳони (суҳбат) онлайн ёки оффлайн шаклида қабул қилинади.

12. Масофадан ўқитиш таълим усуллари орқали қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини муваффақиятли тамомлаган ва якуний синов имтиҳонини топширган тингловчиларга белгиланган намунадаги сертификат (диплом) берилади.  

2-боб. Масофавий таълимнинг мақсад ва вазифалари

13. Масофавий ўқитиш тизимининг мақсади – онлайн ва офлайн ўқитиш технологиялари имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда ўқув курсларини ташкил этиш, курс фойдаланувчилари ҳамда ташкилотчиларининг ўзаро виртуаль алоқасини таъминлаш ҳамда курс материалларини ишдан ажралмаган ҳолда интернет тармоғи орқали ўзлаштириш, шунингдек ўзлаштириш натижаларини мониторингини юритишдан иборат.

14. Масофавий таълимнинг асосий вазифалари:

сифатли таълим олиш ва интеллектуал қобилиятларни ривожлантиришда шахснинг эҳтиёжларини қондириш;

мутахассисларнинг касбий даражасини ошириш ва уларнинг мустақил билим олиш эҳтиёжларини қондириш;

мамлакатнинг ҳар қандай ҳудудида ва унинг ташқарисида тенг таълим олиш имкониятларини тақдим этиш;

ўқитишнинг замонавий технологияларини жорий этиш йўли билан таълим олиш сифатини ошириш;

узлуксиз таълим олиш учун шарт-шароитлар яратиш ва интеллектуал салоҳиятни ривожлантириш;

таълим хизматларининг барча турлари ва шаклларини такомиллаштириш ҳамда ривожлантириш;

давлат талабларига мувофиқ модуллар асосида юқори сифатли ўқитишни таъминлаш.

3-боб. Масофавий таълим ташкилотчилари ва уларнинг вазифалари

15. Масофавий таълим ташкилотчилари Марказ ва буюртмачи ташкилотлар ҳисобланади.

16. Марказ:

масофавий ўқитиш фаолиятига ўқув-услубий раҳбарликни амалга оширади;

масофавий таълим усули орқали ўқитиладиган ўқув курслари учун ўқув дастурларини ишлаб чиқади, тасдиқлайди ҳамда унинг мунтазам янгиланиб боришини таъминлайди;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг тегишли ўқув-услубий ресурсларини ишлаб чиқади, курслардаги ўқув машғулотларини онлайн ва оффлайн шаклларида ташкил этишни янада такомиллаштиради;

инновацион илмий ютуқларни, замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини қўллашни, масофадан ўқитишни кенгайтиришни назарда тутувчи техника ва технологияларни таълим тизимига жорий этади;

ўқув курсида таълим олиш ва ўқитиш жараёни мониторингини олиб боради.

17. Буюртмачи ташкилот(лар):

кадрларни масофавий ўқув курсига жалб этиш ҳақида буйруқ чиқаради ва унинг нусхасини Марказга юборилишини ҳамда платформага жойлаштирилишини таъминлайди;

масофавий таълим олувчи кадрлар таркибини шакллантиради ва масофавий ўқув курси бошланиши эълон қилинган кундан эътиборан уч кунлик муддатда Марказ расмий веб-сайти орқали масофавий таълим платформаси дастурига уларни рўйхатдан ўтишини ташкиллаштиради;

тингловчилар сафига қабул қилинган кадрларининг масофавий ўқув курсларида қатнашишларини таъминлайди;

кадрларга масовавий таълим олиш жараёнида зарур шарт-шароитлар яратиб беради;

масофадан ўқитиш таълим усуллари орқали қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг ўқув-методик материалларини ишлаб чиқишга кўмаклашади;

ташкилотнинг юқори малакали мутахассисларини масофавий таълим жараёнига жалб этишда амалий ёрдам кўрсатади.

4-боб. Масофадан ўқитиш таълим усуллари орқали қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини ташкил этиш ҳамда ўтказиш

18. Масофадан ўқитиш интерфаоллик, бошланғич билимлар, индивидуализация, идентификация, ўқитишнинг тартиби, ўқитишнинг очиқлиги ва мосланувчанлигини таъминлаш принципларига асосланади.

19. Масофавий таълим шакли бўйича ўқитиш жараёнида тингловчилар фаолияти, таълим жараёнини мувофиқлаштириш ва йўналтириш, Марказ профессор-ўқитувчилари таркибидан Марказ директорининг буйруғи билан бириктириладиган тьютор (педагог ўқитувчи-консультант) томонидан амалга оширилади.

20. Масофадан ўқитиш усуллари асосидаги курсларда ўқув машғулотлари онлайн ва оффлайн шаклларида ташкил этилади.

1-§. Онлайн шаклида масофадан ўқитиш курсларини ташкил этиш

21 видеоконференция ва вебинар махсус дастурий таъминотдан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Ўқитишнинг мазкур усуллари тингловчи ва профессор-ўқитувчилар ўртасида ўзаро алоқани таъминлаш учун махсус жиҳозлар билан таъминланган махсус хоналарда реал вақт режимида амалга оширилади.

22. Масофадан туриб ўқитиш Марказ ва буюртмачи ташкилоти билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилган ўқув дастури асосида ташкил этилади.

23. Онлайн шаклида масофадан туриб ўқишга қабул қилинган ходимлар касбий йўналиши бўйича гуруҳларга (қоида тариқасида 15 нафардан кам бўлмаган, бироқ 20 нафардан ошмаган) бўлинган ҳолда ўқитилади, уларнинг ўқиш вақти ва муддати Марказ билан келишилган ҳолда тайёрланган ҳамда тегишлилиги бўйича буюртмачи ташкилот томонидан тасдиқланадиган тақсимот-режаларга мувофиқ белгиланади.

Ходимларнинг масофавий таълим олиш учун жойлардан махсус жиҳозланган ўқиш хоналарига етиб келиши тақсимот-режаларга асосан тегишли ташкилотлар томонидан таъминланади.

24. Онлайн шаклида масофадан ўқитиш таълим иштирокчилари профессор-ўқитувчилар, тингловчилар  ва администратордан иборат бўлади.

25. Онлайн масофавий таълим бошланишдан 10 дақиқа олдин масофавий таълим ўқув курси тингловчилари белгиланган жойда бўлишлари лозим.

26. Камера тўғридан-тўғри аудиторияга ўрнатилган бўлиши ва маърузачи камера объектига қараб машғулот ўтказади ва машғулотни бошлашдан аввал ўзини таништиради.

27. Онлайн масофавий таълим тизимининг доимий ишчи ҳолатида бўлиши учун жойлардаги техник мутахассис ва Марказ администратори томонидан тегишли қурилмаларнинг техник ҳолати назорати амалга оширилади.

28. Онлайн масофавий таълим бошланишидан аввал видеоалоқа тизими олдиндан техник мутахассислар ва Марказ админстратори томонидан синовдан ўтказилиб, ишчи ҳолатга келтирилади.

29. Вебинар машғулотларни олиб бориш учун педагогларнинг олдига веб-камера ўрнатилиб, у томонидан ташкил этилган машғулот тармоқ орқали намойиш этилади.

Машғулот иштирокчилари ўртасидаги алоқа веб-илова хизмати орқали таъминланади. Вебинарга уланиши учун тингловчи ўз манзилини сайт манзилидаги браузер қаторига киритиши зарур.

30. Вебинар машғулотлари тўғрисида Марказ расмий веб-сайтида эълон берилади ва унда машғулотнинг номи, вебинар машғулотни олиб борувчи ҳақида маълумот, машғулот санаси, бошланиш вақти ва давомийлиги, машғулот мақсади ва вазифалари ва кутилаётган натижалар кўрсатилади.

2-§. Оффлайн шаклида масофадан ўқитиш курсларини ташкил этиш

31. Масофавий таълим курслари бошланиши тўғрисидаги маълумот машғулотлар бошланишидан 10 кун олдин Марказ веб-сайтига «Масофавий ўқитиш бўлими»га жойлаштирилади.

32. Буюртмачи ташкилот масофавий таълим тизимида қайта тайёрлаш ва малака оширадиган ходимлари тўғрисидаги рўйхатни шакллантириб, ушбу рўйхатни ўқув курси бошланишидан ўн кун олдин Марказга тақдим этади ва шу асосда Марказ директорининг буйруғи билан ходимлар масафавий таълим курси тингловчилари сафига қабул қиланади.

33. Марказ директорининг буйруғи билан масофавий таълим курсига қабул қилинган тингловчиларга администратор томонидан амал қилиш муддати уч ойгача амал қиладиган электрон логин ва парол берилади, қайта тайёрлаш курсларида эса бу муддат камида олти ойни ташкил этади.

34. Буюртмачи ташкилот масофавий ўқув курси бошланган кундан эътиборан беш кунлик муддатда тингловчилар сафига қабул қилинган ходимларини Марказ расмий 
веб-сайти орқали масофавий таълим платформасида шахсий профилини шакллантириш ва уларни рўйхатдан ўтишини ташкиллаштиради.

35. Тингловчи ўзига тегишли логин ва парол ёрдамида Марказ веб-сайтидаги «масофавий таълим бўлими»га кириб, ўзига тегишли малумотларни тасдиқлайди ва тингловчининг ўқув ресурсларидан фойдаланишига рухсат берилади.

36. Тингловчи «масофавий таълим бўлими»да жойлаштирилган ўқув курсига тегишли ўқув модуллари мавзу (маъруза, видеомаъруза, тақдимот слайдлари, глоссарий)си билан танишади ва модуллар бўйича берилган топшириқларни бажаради. Тингловчи томонидан модуллар бўйича топшириқлар белгиланган кетма-кетликда амалга оширилади.

37. Тингловчининг қайта тайёрлаш ва малака ошириш йўналиши бўйича дастлабки билим, кўникма ва малакасининг шаклланганлик даражасини аниқлаш учун синов тести ўтказилиши мумкин. Тест синовларидан олинган натижалар ўқиш жараёнига таъсир кўрсатмайди.

38. Тингловчи қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини ташкил этиш ва ўтказиш жадвалига қатъий амал қилиши ҳамда ўқув жараёнларида шахсан ўзи иштирок этиши ва ўқув курси бошланган кундан эътиборан беш кунлик муддатда масофавий таълим платформаси орқали шахсий маълумотларини тасдиқлаши шарт.

39. Ўқув курси бошланган кундан эътиборан беш кунлик муддатда масофавий таълим платформаси орқали шахсий маълумотларини тасдиқламаган ва белгиланган ўқиш муддати давомида ўқув дастурини якунламаган тингловчи масофавий таълим курсидан ўтмаган деб ҳисобланади ва қайднома варақасида қайд этилади. Бундай ҳолда тингловчи ўқув курсини қайтадан ўқийди.

40. Тингловчи ўқув режадаги ҳар бир модулни ўзлаштиргандан кейин тегишли назорат топшириқларини бажаради. Бунда тингловчига ҳар бир модул бўйича умумлашган тест саволлари берилади. Тест саволлари тегишли ўқув дастури модуллари доирасида тузилади. Тест синовларининг натижалари шу вақтнинг ўзида эълон қилинади.

Мазкур тест синовининг натижалари тингловчининг ўқиш давомидаги ўзлаштириш кўрсатгичлари синов имтиҳони (суҳбат)да қатнашишига тўсқинлик қилмайди.

41. Якуний синов имтиҳони (суҳбат) оффлайн шаклида тест топшириқларини бажариш ёки онлайн шаклида реал вақт режимида ёхуд Марказда ташкил этилиши мумкин. Якуний синов имтиҳони (суҳбат)ни ўтказиш тартиби Марказ директорининг буйруғида кўрсатилади.

42. Тингловчи синов имтихони оффлайн шаклида тест топшириқларини бажариш усулида топширганида унга ўқув курси давомида ўқитилган барча мавзулар бўйича тузилган 100тадан кам бўлмаган миқдорда тест саволлари масафавий таълим платформаси орқали тақдим этилади. Тингловчи ушбу тест саволларини бажаради ва унинг натижаси дарҳол эълон қилинади. Максимал балнинг 55 фоизидан юқори балл тўплаган тингловчи синов имтихонидан ўтган ҳисобланади. Белгиланган бални тўплай олмаган тингловчиларга яна бир бор тест синовини қайта топшириш учун имконият берилади. Қайта топширишдан ҳам ўтаолмаган тингловчи масофавий таълим курсини қайта ўқиши шарт.

43. Тингловчилар томонидан топширилган тест натижалари автомотик равишда масофавий таълим платформаси дастури орқали қайднома варақасида умумлаштирилади ва ушбу қайднома варақаси Ўқув жараёнини ташкил этиш ва назорат қилиш бўлими бошлиғи, тюьтор ва админстатор томонидан имзоланади. Мазкур қайднома варақасида тўпланган натижалар сетификат (диплом) расмийлаштириш учун асос ҳисобланади.

5-боб. Масофавий таълим иштирокчилари ва уларнинг вазифалари

44. Масафавий таълим иштирокчилари таълим олувчилар (тингловчи), профессор-ўқитувчилар, тьютор, администратор ҳисобланади.

45. Тингловчи:

ўқув курси учун белгиланган вақт режимида тегишли ўқув материалларини модуллар кесимида тўлиқ ўзлаштириш;

модулни ўзлаштириш учун берилган топшириқларни ўқув курси режимида белгиланган вақтда ва шахсан бажариш;

ҳар бир модул якуни бўйича синов топшириш;

Марказдан берилган логин ва паролни ҳамда шахсий кабинетидан бошқа шахсларга фойдаланиш учун рухсат бермаслик;

ҳар бир модул натижаси бўйича оралиқ ва якуний тестларни топшириш;

тизимда ташкил этилган семинар, конфренция, давра суҳбати ва бошқа тадбирларда қатнашиш;

курс якуни бўйича белгиланган шаклдаги сўровномада иштирок этиш ва таклифлар билдириш.

46. Профессор-ўқитувчилар тингловчилар учун ўқув-методик қўлланмалар, маъруза, видеомаъруза, тақдимот слайдлари ва глоссарийлар тайёрлайди ва тингловчилар билан онлайн ва оффлайн муносабатлар ўрнатган ҳолда ўқитишни амалга оширади.

47. Тьютор:

ўқув курси натижаси бўйича ҳисоботларни тайёрлайди, қайднома варақасини тасдиқлайди;

тингловчиларни ўқув жараёнларида бўладиган ўзгаришлар билан хабардор қилади;

тингловчилар ва профессор-ўқитувчиларга масофавий таълим тизимини ташкиллаштириш бўйича маслаҳатлар беради;

таълим олувчиларнинг ўзлаштириш натижаларини рўйхатга олади;

тингловчилар фаоллиги мониторингини юритади.

48. Тингловчилар билан доимий алоқа боғлаш, тингловчиларга зарур методик ёрдам бериш, машғулотларни бажариш юзасидан назоратни амалга ошириш ва тингловчилар билимларини баҳолаш тьюторнинг вазифаларига киради. Тьютор топшириқларнинг тингловчи томонидан бажарилишини холисона баҳоланиши учун жавоб беради. Тьютор билан алоқа электрон почта, телефон ва бошқа электрон алоқа воситалари ёрдамида амалга оширилади.

49. Администратор:

расмий веб-сайтнинг узлуксиз ишлашини, ундаги маълумотларни мунтазам янгилаб борилишини ва хавфсизлигини таъминлайди;

тизимга техник хизмат кўрсатади ва тингловчиларга тизимдан фойдаланиш ва технологик масалалар бўйича маслаҳатлар беради;

масофавий ўқув курсларида таълим олувчиларнинг аутентификация (логин ва парол асосида фойдаланувчининг аслини аниқлаш) қилинишини таъминлайди.

6-боб. Масофавий таълим курслари учун ўқув контентларни яратиш

50. Масофавий таълим курслари учун ўқув контентлари профессор-ўқитувчилар ва тегишли мутахассислар томонидан тайёрланади ва Марказнинг Илмий-методик кенгашида муҳокама қилиниб, масофавий таълим жараёнида фойдаланиш учун тавсия этилгандан сўнг масофавий ўқитиш платформасига жойлаштирилади.

51. Марказ профессор-ўқитувчиларидан масофавий таълим платформасида жойлаштирилган материаллар мажмуаси амалдаги қонун ҳужжатларига киритилган  ўзгартириш ва қўшимчаларни эътиборга олган ҳолда ҳар чоракда янгилаб борилади. 

7-боб. Якунловчи қоидалар

52. Марказнинг Ўқув жараёнини ташкил этиш ва назорат қилиш бўлими Марказда малака оширган ва қайта тайёргарликдан ўтган тингловчиларнинг умумий статистикасини юритиб боради, тингловчилар ҳақидаги маълумотларни масофавий таълим тизимига киритади ва масофавий таълим жараёнларини кузатиб боради.

53. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.