+998 71 200 02 35

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази ҳақида асосий маълумот


Ўзбекистонда кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш узлуксиз таълим тизимининг мустақил босқичи ҳисобланади. Юрист кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази муҳим ўрин эгаллайди.

Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришгандан сўнг юрист кадрларга бўлган эҳтиёж янада ортиб, замонавий юрист кадрларга қўйиладиган талаб ҳам ўзгарди. Истиқлолнинг дастлабки йилларида бозор иқтисодиётига асосланган демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва эркин фуқаролик жамияти барпо этишдек мураккаб жараёнларнинг ҳуқуқий жиҳатларини таъминлаб беришга қодир бўлган мутахассислар керак эди.

Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 19 январдаги “Ўзбекистон Республикаси адлия оpганлаpи ва судлаpи фаолиятини ташкил этиш масалалаpи тўғpисида”ги 18-сонли қарори билан адлия ходимлари малакасини ошириш республика курслари негизида Суд ва адлия органлари ходимлари малакасини ошириш институти ташкил қилинди.  Давлат ҳокимияти ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжини қондириш, замонавий билимлар асосида ҳуқуқшунос ходимларнинг касбий тайёргарлигини ҳамда уларни қайта тайёрлашни тубдан яхшилаш, шунингдек, ҳуқуқшунослик соҳасидаги илмий тадқиқотлар савиясини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 25 июндаги “Ҳуқуқий тарбияни яхшилаш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти даражасини юксалтириш, ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, жамоатчилик фикрини ўрганиш ишини яхшилаш ҳақида”ги УП-1791-сонли Фармони асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 21 июлдаги 364-сонли қарори билан Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази ташкил этилди.

Марказнинг асосий вазифаси суд, адлия, адвокатура идораларининг вакиллари, мулкчилик шаклидан қатъий назар корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар юридик хизматларининг ходимларини қайта тайёрлашдан иборат этиб белгилан.       Марказда бир йилда ўртача 500-800 юрист ўқитилган бўлса, сўнгги йилларда бу кўрсаткич 3000 дан ортган.  Бугунги кунда Марказ юрист кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасида етакчи таълим муассасаси ҳисобланади. Марказда юридик кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш ишлари тизимли ва юқори савияда олиб борилиши йўлга қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 12 июлдаги 212-сон қарори билан Юристлар малакасини ошириш марказининг янги таҳрирдаги устави тасдиқланган эди. Ушбу ҳужжат Марказнинг ваколатлари ҳамда вазифаларини давлат ва жамият қурилиши соҳасини демократлаштиришнинг замонавий талаблари ва жараёнларини ҳисобга олган ҳолда аниқлаштириб берди.

Кафедраларда юқори малакали ҳуқуқшунослар ҳамда суд, прокуратура ҳамда адлия органларида фаолият юритган, катта амалий иш тажрибасига эга бўлган юқори салоҳиятли профессор-ўқитувчилар фаолият олиб борган.

Марказда ўқув жараёнини янада юқори савияда  ўтказилишида мамлакатимизнинг Адлия вазирлиги, Олий суд, Олий хўжалик суди, Конституциявий суд, Бош прокуратураси, Республика суд экспертизаси маркази, Адвокатлар палатаси ва бошқа давлат органлари билан ҳамкорликда фаолият юритиб келинган. 

 Марказда 1997-2019 йиллар давомида 30 мингдан ортиқ тингловчи қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқитилган: 2000 йилларда ҳар бир ўқув йилида ўртача 600-800 нафаргача тингловчилар малака оширган бўлса, 2017-2018 ҳамда 2018-2019 ўқув йилларига келиб, бу кўрсаткич йилига 3000 нафар тингловчини ташкил этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 июнда “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисидаги” 531-сонли қарори  қабул қилинган. Шу асосда Марказ Устави ҳам қабул қилинган.

Мазкур Устав  Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар алакасини ошириш марказининг (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) мақоми, мақсади, вазифалари ва фаолияти асосий йўналишларини, ҳуқуқ ва мажбуриятларини, ўқув жараёнини ташкил этиш тартибини белгилайди.

Марказ адлия органлари ҳамда адвокатура ходимларини, шунингдек, давлат бошқаруви органлари ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, бошқа ташкилотларнинг юридик хизмати ходимларини (юристконсультлар) қайта тайёрлайдиган ва уларнинг малакасини оширадиган давлат таълим муассасасидир.

Кафедраларда юқори малакали, салоҳиятли катта амалий иш тажрибасига эга бўлган ҳуқуқшунос профессор-ўқитувчилар фаолият олиб боришади.

Марказда Фан, инновация ва таълим дастурларини ишлаб чиқиш, Ўқув жараёнини ташкил этиш ва назорат қилиш бўлими, Таълим сифатини услубий таъминлаш, мониторинг қилиш ва баҳолаш, Буюртмалар портфели ва маркетингни шакллантириш бўлимлари фаолият юритишади.

Бундан ташқари Марказ таркибий тузилмасига Замонавий ахборот технологияларини жорий этиш ва масофадан ўқитишни ташкил этиш, Халқаро ҳамкорлик, Таҳририй-нашриёт, Маъмурий хўжалик, бухгалтерия, Ахборот-ресурс маркази каби бўлимлар киради.

Ўзбекистон Республикасининг “Медиация тўғрисида”ги қонуни ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2019 йил 31 январдаги 54-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган “Медиаторларни тайёрлаш дастури”га мувофиқ 2019-2020-ўқув йилидан бошлаб Марказда профессионал медиаторларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курслари фаолияти йўлга қўйилган.

Медиаторлар гуруҳи тингловчиларига малакали профессор-ўқитувчилар хорижий мамлакатларнинг медиация институтлари мутахассислари тажрибаларидан фойдаланган ҳолда, тингловчилар гуруҳига ўз билимларини етказишади.