+998 71 200 02 35

Жамоатчилик назоратини ўрнатишда ОАВ қай даражада иштирок этмоқда?

05.04.2021 326

Андижонда “Ахборот олиш, қайта ишлаш ва тарқатишда журналистларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари” мавзусида ўтказилаётган ўқув семинарида ана шу савол атрофлича таҳлил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази ҳамкорлигида журналистика соҳасидаги кадрларнинг ҳуқуқий соҳадаги билимларини ошириш мақсадида ташкил этилган ўқув семинарида вилоятдаги оммавий ахборот воситалари вакиллари, давлат ва нодавлат ташкилотлари матбуот хизматлари раҳбарлари иштирок этмоқда.  

Семинарда жамиятимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, бу борада фойдаланиладиган усул ва шакллар, мазкур жараёнда оммавий ахборот воситалари ходимларининг роли ва иштироки каби бир қатор масалалар юзасидан фикр алмашилди.  

– Журналистнинг қай даражада фаол, жамият ҳаёти, хусусан, жамоатчилик назоратини ўрнатиш борасидаги фаолияти, позицияси кўп жиҳатдан унинг ҳуқуқий билимлари, ўз ҳуқуқларидан амалда қай даражада фойдалана олишига боғлиқ, – дейди Юристлар малакасини ошириш маркази кафедра мудири, юридик фанлар доктори Бобоқул Тошев. – Шу маънода семинарда оммавий ахборот воситалари ходимларининг фаолиятига оид қонун ҳужжатлари билан янада яқинроқ таништириш, ҳуқуқий билим ва тушунчаларини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.  

Семинарда айни пайтда мамлакатимизда 30 мингга яқин қонун ҳужжатлари мавжудлиги, уларнинг ижросини таъминлаш даражаси эса жуда паст эканлиги, кўп ҳолларда ижро ҳокимияти томонидан қатор конунбузилишларга йўл қўйилаётганлиги, айнан мана шу жиҳат жамоатчилик назоратини кучайтириш, хусусан, журналистларнинг фаоллигини янада оширишни тақозо этиши алоҳида таъкидланди.  

Оммавий ахборот воситалари ходимлари мазкур жараёнда қай даражада иштирок этмоқда? Ислоҳотлар ижроси устидан ўрнатилган жамоатчилик назорати кутилган натижа беряптими? Жамиятда ижро этувчи ҳокимият вакиллари ўз бурч ва масъулиятини етарли даражада адо этяптими? каби қатор долзарб масалалар юзасидан фикр ва мулоҳазалар билдирилди, шунингдек, “Журналист суриштируви ва уни амалга ошириш тартиби”, “Ахборот тарқатишда шахснинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳамда жавобгарлик масалалари”, “Шахснинг шаъни ва қадр қимматига қарши қаратилган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни квалификация қилиш”, “Оммавий ахборот воситаларининг жамоатчилик назоратини ўрнатишдаги иштироки” мавзуларида мутахассисларнинг маърузалари тингланди.  

Иштирокчиларга жамоатчилик назоратини шакллантириш, бу борада эътибор қаратилиши ва ёритилиши зарур бўлган муҳим йўналишлар, давлат бошқарув тизими таъсирчанлигини ошириш, қонун ҳужжатларини ҳуқуқий мониторинг қилиш хусусида кенг тушунча ва билимлар берилди. Шунингдек, мутахассислар томонидан айнан ана шу йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш, журналистларнинг касбий малакасини юксалтириш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.  

– Ўқув-семинар машғулотларида қатнашиб ҳуқуқий йўналишда ҳамда жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича кенг маълумотлар олдик, бу борадаги билимларимиз янада бойиди, – дейди “Ҳақиқат” газетаси муҳаррири Толибжон Шерматов. – Бу албатта, келгуси фаолиятимизни самарали бўлишига ёрдам беради.  

Қизиқарли мулоқот тарзида ўтаётган семинар қатнашчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга эксперт ва мутахассислардан батафсил жавоблар олди.

Семинар машғулотлари давом этмоқда.  

                                                                                                                                                                                                                                 Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ, ЎзА