+998 71 200 02 35

Малайзиялик ҳамкорлар билан учрашув

24.12.2019 3767

2019 йилнинг 24 декабрь куни Юристлар малакасини ошириш маркази директори Қ.Бурханов Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг ўринбосари Х.Мелиевнинг ҳузурида Малайзия Бош вазири маъмурияти қошидаги Суд-ҳуқуқ институти бош директори Анита Харун хоним билан бўлиб ўтган учрашувида иштирок этди.       

Харун хоним Ўзбекистога Малайзия делегацияси таркибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайловда халқаро кузатувчи сифатида ташриф буюрди. У ташриф давомида юристлар ва турли тоифадаги давлат хизматчиларини тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган қатор учрашувларни ўтказди.

Х.Мелиев ташриф учун меҳмонга ўз миннатдорчилигини билдирди ва мамлакатда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида гапириб, Малайзияда суд тизими фаолиятининг ривожланиши, шунингдек, юристларни тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасидаги тажриба ҳам катта аҳамиятга эганлигини таъкидлади.

Учрашув давомида Харун хоним Адлия вазирлиги билан юристлар ва бошқа давлат хизматчиларининг малакасини ошириш соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканлигини билдирди. У Юристлар малакасини ошириш маркази билан келгусида ҳамкорлик учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қиладиган Меморандумни имзолашга тайёр эканлигини айтди.

Қ.Бурҳанов ўз навбатида, Малайзия Бош вазири маъмурияти қошидаги Суд-ҳуқуқ институти билан ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканлигини маълум қилди.

Учрашув якунида  томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш учун доимий равишда алоқаларни давом эттиришга келишиб олдилар.