+998 71 200 02 35

Халқаро ҳамкорлик давом этмоқда

12.02.2020 3909

Юристлар малакасини ошириш маркази томонидан халқаро алоқаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунга кўра Марказ юрист кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасида бир қатор халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Хусусан, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ва Марказ ўртасида биргаликда ўқув машғулотлари ташкил этиш бўйича манфаатли ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган.

2020 йилнинг 12 февраль куни Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ва Марказ ўзаро ҳамкорлик келишувига кўра адвокат ва медиаторлардан иборат   Марказ тингловчилари учун ўқув машғулоти ташкил этилди. Унда фуқаролик ҳуқуқи соҳасида Германиялик халқаро эксперт жаноб Хайнрих Шнитгер томонидан маҳорат дарси ўтказилди.

Марказ директорининг ўқув-услубий ва илмий ишлар бўйича биринчи ўринбосари А.Отажонов ўзининг кириш сўзида GIZ ташкилоти билан Марказнинг келгусидаги режалари ва  биргаликда амалга ошириладиган ишлар тўғрисида гапириб, халқаро экспертни қутлади ҳамда унинг “Суд қарори қабул қилинишида судья ва адвокат ўртасидаги ҳамкорликнинг хусусиятлари” мавзусидаги маърузаси айнан соҳа мутахассислари учун мўлжаллангани ва унинг аҳамияти тўғрисида ўзининг фикрларини билдирди.

Тадбирда таъкидланишича, юрист кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш давр талабига мувофиқ ва вазиятга мослашувчан бўлиши, турли юридик касб эгаларининг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб белгиланиши талаб этилмоқда. Айни шу йўлда GIZ ўз хусусиятига эга алоҳида мавзуларда маърузалар қилиш учун таниқли немис  мутахассисларини Марказга таклиф этиш орқали ҳамкорликни қўллаб-қувватлаб келаяпти.

Тадбир интерфаол шаклда ўтди. Тадбир иштирокчилари хорижий экспертга саволлар билан мурожаат қилишди ҳамда Германия адвокатлари фаолиятини таққослаш имконига эга бўлдилар.