+998 71 200 02 35

Ученый совет


 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги

 Юристлар малакасини ошириш марказининг

 Илмий кенгаши тўғрисида

НИЗОМ

 

     Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида” 531-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази (бундан буён матнда Марказ деб юритилади)нинг Уставига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш марказининг  Илмий кенгаши (бундан буён матнда - Илмий кенгаш деб юритилади) фаолиятини тартибга солади.

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

   1. Илмий кенгаш Марказ фаолиятига тааллуқли муҳим масалаларни ҳал қилиш учун тузиладиган, Марказнинг коллегиал бошқарув органи ҳисобланади.

   2. Илмий кенгаш ўз фаолиятида тегишли қонун ҳужжатлари талабларига, Марказнинг Уставига ҳамда мазкур Низомга амал қилади.

 

2-боб. Илмий кенгашнинг мақсади, вазифалари ва Ваколатлари

 

   3. Илмий кенгашнинг мақсади Марказнинг фаолияти ва имкониятларини Ўзбекистон Республикасининг кадрлар тайёрлаш ва таълим тўғрисидаги қонунлари ва бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган вазифаларни бажаришга, ҳуқуқшунос кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талаблари даражасида мукаммал билим, малака ва касбий кўникмага эга бўлган профессионал мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга йўналтиришдан иборат.

4. Илмий кенгаш:

мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар ва суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни чуқурлаштириш ҳамда ҳуқуқшунос мутахассисларни замонавий технологиялар асосида қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масалаларини ҳал қилади;

илмий-тадқиқот ишларини муҳокама қилади ва Марказ номидан хулоса беради;

Марказ илмий тадқиқотчиларининг мавзуларини тасдиқлайди, уларни кафедраларга бириктиради;

кафедра мудирлари ва профессор-ўқитувчилар лавозимларини эгаллаш учун танловлар ўтказади;

профессор-ўқитувчиларни илмий унвонларга тавсия қилади;

белгиланган тартибда Марказнинг фахрий доктори даражасини беради;

намунавий ўқув дастурларини кўриб чиқади;

Марказ, унинг тузилмалари раҳбарларининг ҳисоботларини кўриб чиқади.

Илмий кенгаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз ваколати доирасида бошқа вазифаларни ҳам бажаради.

   5. Илмий кенгаш ўз зиммасига юклатилган вазифаларга мувофиқ қуйидаги ваколатларга эга:

Марказда ўқув жараёнлари Юрист кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талаблари асосида ташкил этилишини кўриб чиқиш;

профессор-ўқитувчилар ва кафедра мудирлари лавозимларини эгаллаш учун танловларни ташкил этиш;

профессор, доцент илмий унвонига талабгорларнинг ҳужжатларини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун тақдим   этиш;

илмий-тадқиқот ишларини муҳокама қилиш ва натижалари бўйича хулоса бериш;

республика ва хорижий давлатларда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларда ва юридик фаннинг ривожланишида алоҳида ўрнак кўрсатган, замонавий ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, ҳуқуқшунослик соҳасидаги илмий-тадқиқот ва халқаро ҳамкорлик ишларига катта ҳисса қўшган шахсларга Марказнинг фахрий доктори даражасини бериш;

профессор-ўқитувчилар ва тингловчиларни хорижий давлатларнинг етакчи таълим муассасалари ва ташкилотларида малакасини ошириш ҳамда стажировкага юбориш учун тавсия қилиш;

докторлик диссертациялари мавзуларини тасдиқлаш;

илмий тадқиқотчиларни кафедраларга бириктириш ва уларга илмий маслаҳатчилар тайинлаш;

илмий-тадқиқот мавзулари ва лойиҳаларини кўриб чиқиш;

Марказ фаолиятини ривожлантиришнинг жорий (йиллик) ва истиқбол режаларини тасдиқлаш, молия-иқтисод фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқиш;

ҳуқуқшунос кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш;

ҳуқуқшунос кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув-услубий ишларни ташкил қилиш ва уларни такомиллаштиришга оид таклифлар ишлаб чиқиш;

ҳуқуқшунос кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг янги йўналишларини киритиш ҳақида таклифлар тайёрлаш;

суд-ҳуқуқ тизимининг долзарб муаммолари бўйича даврий, илмий-назарий ва амалий нашрлар чоп этиш бўйича таклифлар бериш;

ҳуқуқшунос кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масалалари юзасидан халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий давлатларнинг турдош таълим муассасалари билан белгиланган тартибда ўзаро ҳамкорлик қилиш.

Илмий кенгаш қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин.

 

3-боб. Илмий кенгаш фаолиятини ташкил этиш

 

   6. Илмий кенгаш Марказ директори, унинг ўринбосарлари, кафедра мудирлари, касаба уюшма қўмитаси раиси, етакчи олимлар ва мутахассислардан иборат таркибда тузилади. Унинг таркиби Марказ директорининг буйруғи билан тасдиқланади.

     7. Илмий кенгашга Марказ директори раислик қилади. Марказ директори йўқлигида Илмий кенгашга унинг ўқув-услубий ва илмий ишлар бўйича биринчи ўринбосари раислик қилади.

     8.  Илмий кенгаш тақдимига мувофиқ Марказ директорининг буйруғи билан Илмий кенгашга котиб тайинланади.

Илмий кенгаш котиби  Илмий кенгаш фаолиятига доир ҳужжатларни юритади.

     9. Илмий кенгаш ўз фаолиятини йиллик иш режасига мувофиқ ташкил қилади.

    10. Илмий кенгашнинг иш режаси ва қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши устидан умумий назорат Илмий кенгаш раиси томонидан амалга оширилади.

 

4-боб. Илмий кенгаш мажлисларини ўтказиш ва қарор қабул қилиш тартиби

 

    11. Илмий кенгаш мажлислари заруратга қараб, лекин ҳар уч ойда камида бир марта чақирилади. Илмий кенгашнинг мажлислари унинг раиси томонидан ёки Илмий кенгаш аъзоларининг камида учдан бир қисми ташаббуси билан чақирилади.

    12. Илмий кенгаш мажлиси ўтказиладиган сана, жой ва кун тартибига оид масалалар тўғрисида Илмий кенгаш котиби Илмий кенгаш аъзоларини мажлисдан камида уч кун олдин хабардор қилади.

    13. Илмий кенгаш мажлиси унда Илмий кенгаш аъзоларининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлган тақдирда ваколатли ҳисобланади.

    14. Илмий кенгаш мажлиси мажлис кун тартибини муҳокама қилиш билан бошланади. Кун тартиби Илмий кенгаш раиси томонидан овозга қўйилади ва тасдиқланади. Илмий кенгаш аъзолари муайян масалани кун тартибига киритиш ҳақида таклиф киритишга ҳақли.

    15. Илмий кенгаш мажлисида Илмий кенгаш котиби томонидан баённома юритилади. Баённома Илмий кенгаш раиси ва Илмий кенгаш котиби томонидан имзоланади.

    16. Илмий кенгаш қарорлари кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолган ҳолларда раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

    17. Илмий кенгаш қарорлари Марказ директорининг буйруқлари билан амалга киритилади.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази Илмий кенгашининг 2019 йил 18 октябрдаги                2-сонли баённомаси билан тасдиқланган

 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги

Юристлар малакасини ошириш маркази Илмий кенгаши

Т А Р К И Б И

 

т/р

Ф.И.Ш.

Лавозими ва илмий унвони

1

Бурханов Кутбидин Нукритдинович

Марказ директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, Кенгаш раиси,

2

Отажонов Аброржон Анварович

Марказ директорининг ўқув ва илмий ишлар бўйича биринчи ўринбосари, ю.ф.д., профессор, Кенгаш раиси ўринбосари

3

Исламов Кенжа Рахматович

Марказ директорининг молия иқтисод ва хўжалик ишлари бўйича ўринбосари

5

Тошев Бобоқул Норқобилович

Марказнинг Қонунчилик техникаси ва коррупцияга қарши экспертиза кафедраси мудири, ю.ф.д., Кенгаш котиби

6

Алимов Ғайбулла Алимович

Марказнинг жиноят-ҳуқуқий фанлар кафедраси мудири, Марказ касаба уюшмаси қўмитаси раиси, ю.ф.н., доцент

7

Адилкориев Хожимурод Тухтамуродович

Марказнинг Давлат-ҳуқуқий фанлар кафедраси мудири, ю.ф.д., профессор

8

Саидова Лола Абдувохидовна

Марказнинг Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари кафедраси мудири, ю.ф.д.

9

Исроилов Боходир Ибрагимович

Марказнинг Ижтимоий фанлар ва психология, юридик этика кафедраси мудири, и.ф.д., профессор

10

Марипова Севархон Арипжановна

Марказнинг Фуқаролик-ҳуқуқий фанлар кафедраси мудири, доцент

11

Окюлов Омонбой

Марказнинг Фуқаролик-ҳуқуқий фанлар кафедраси профессори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, ю.ф.д.

12

Хасанов Шавкатбек Ҳайбатуллаевич

 

Ўқув жараёнини ташкил этиш ва назорат қилиш бўлими бошлиғи

13

Горохов Артем Андреевич

Марказ Ёшлар етакчиси