+998 71 200 02 35

“Интеллектуал мулк қонунчилигини қўллаш муаммолари ва соҳа ҳуқуқини ўқитиш” мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.

12.11.2021 2813

2021 йил 12 ноябрь куни Юристлар малакасини ошириш марказида “Интеллектуал мулк қонунчилигини қўллаш муаммолари ва соҳа ҳуқуқини ўқитиш” мавзусида анъанавий ва онлайн шаклларда илмий-амалий семинар бўлиб ўтди. 

Анжуманда Республикамизнинг 50 га яқин вазирлик, идора ва ташкилотлари, турдош олий таълим муассасалари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек Юристлар малакасини ошириш маркази профессор-ўқитувчилари ва ходимлари иштирок этди.

Тадбирдан кўзланган мақсад мамлакатимизда интеллектуал мулкнинг ишончли ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш борасида амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар, интеллектуал мулк ҳуқуқига оид давлат ҳуқуқий сиёсати асослари, интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг институционал асосларини такомиллаштириш, интеллектуал мулк ҳуқуқига оид қонунчиликни ривожлантириш, соҳага оид ҳуқуқбузарликларга қарши кураш ва жавобгарлик, низоларни судда кўриш амалиёти, ҳуқуқ эгаларининг мулкий ҳуқуқларини бошқариш, интеллектуал мулк ҳуқуқига оид республикамиз зиммасига олган халқаро мажбуриятларини бажариш йўллари, интеллектуал мулк ҳуқуқи соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини кучайтириш масалалари бўйича тажриба алмашишдан иборат.

 

Илмий-амалий семинар ишини Юристлар малакасини ошириш маркази директори Шерзод Рабиев кириш сўзи билан очиб, нутқ сўзлади. Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги директори ўринбосари Баходир Сагдуллаев, Интеллектуал мулк ҳимояси Марказларни мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Дилшод Худжанов, Тошкент давлат юридик универститети профессори, юридик фанлар доктори Омонбой Оқюлов ҳамда Марказ Касбий кўникмаларни ривожлантириш кафедраси мудири, юридик фанлар доктори, профессор Бобоқул Тошевлар анжуман мавзуси доирасида маърузалар билан чиқиш қилди.

Анжуман якунида соҳага оид қонунчиликни янада такомиллаштириш, интеллектуал мулк объектлари яратувчиларининг ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш,  ҳуқуқни қўллаш амалиётини кучайтириш, соҳага оид ҳуқуқий таълим ва тадқиқотни ривожлантириш бўйича керакли тавсиялар ишлаб чиқилди