+998 71 234 56 02

ОАВ Марказ ҳақида


Ўзбекистонни ривожланган мамлакатга айлантириш мақсадига  жадал ислоҳотлар, илм-маърифат ва инновация билан эришиш мумкин. Бунинг учун, авваламбор, ташаббускор ислоҳотчи бўлиб майдонга чиқадиган, стратегик фикр юритадиган, билимли ва малакали янги авлод кадрларини тарбиялаш зарур. Давлатимиз раҳбарининг парламентга йўллаган Мурожаатномасида билдирилган бу фикрлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш марказида ўтказилган давра суҳбатининг асосини ташкил этди.  

“Ўзбекистонда янги авлод кадрлари малакасини ошириш тизимининг назарий ва амалий муаммолари” мавзусидаги тадбирда Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Робахон Махмудова, Сенат Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбидин Бурхонов, Сенат Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Батир Матмуратов иштирок этди. Таъкидланганидек,  бугунги кунда юрист кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишда Юристлар малакасини ошириш маркази алоҳида ўринга эга. Хусусан,  2019 йилнинг ўзида Марказда 4000 нафардан ортиқ тингловчи малака оширди.

 2020 йилдан нотариусларнинг малака ошириш курслари ўқув жараёнига ўқитишнинг замонавий шакл ва технологиялари, жумладан, масофавий таълим шакли ҳам жорий этилди. Бошқа соҳа мутахассисларининг ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича қатор янги курслар ташкил этилди.  Тадбирда сўзга чиққанлар кенг қамровли ва жадал ислоҳотлар амалга оширилаётган шароитда қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимини ривожланган давлатлар даражасига кўтариш муҳим масала эканлигини қайд этишди. Шунингдек, бу жараёнда тегишли муассасаларнинг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш, ўқитишнинг янги услуб ва шаклларини жорий этиш, замонавий адабиётлар ишлаб чиқиш, қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг долзарб муаммоларини аниқлаш ва ечимини топишга қаратилган илмий анжуманларни мунтазам ўтказиб туриш самарали натижалар бериши мумкинлигини алоҳида таъкидладилар.

Давра суҳбати якунида хулоса ва таклифлар муҳокама қилиниб, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

Манбаа  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати

____________________________________________________________________________________________________________________________________________________________

Малака оширишдаги муаммолар таҳлил қилинди

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш марказида “Ўзбекистонда янги авлод кадрлари малакасини ошириш тизимининг назарий ва амалий муаммолари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. 

Унда кадрлар малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, малака ошириш муассасалари фаолиятидаги илғор тажрибаларни ўрганиш, тизимдаги мавжуд муаммолар ечими юзасидан фикр алмашилди. 

Тадбирда Олий Мажлис Сенати қўмиталари аъзолари, таълим муассасалари, тегишли ташкилотлар масъул ходимлари иштирок этди. 

Президентимиз Мурожаатномада кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратган эди. Шунингдек, илм-фан ютуқларининг электрон платформаси, маҳаллий ва хорижий илмий ишланмалар базасини шакллантириш, ҳар бир олий таълим ва илмий-тадқиқот даргоҳи нуфузли чет эл университетлари ва илмий марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиши шартлиги, “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан 700 дан зиёд олим, профессор-ўқитувчи чет элга илмий изланиш ва малака ошириш учун юборилиши кўзда тутилган. 

Юристлар малакасини ошириш марказида 1997-2019 йилларда 30 мингдан ортиқ тингловчи қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқитилган. 2000-2005 йилларда ҳар йили ўртача 600 дан 800 нафаргача тингловчи малака оширган бўлса, 2019 йилда эса бу кўрсаткич 4000 дан ошди. 

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши муҳим аҳамият касб этди. Марказнинг тузилмаси янгиланди, ички меъёрий ҳужжатлари такомиллаштирилди, юрист кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга қўйиладиган давлат талаблари янгидан қабул қилинди, ўқув дастурлари тубдан қайта кўриб чиқилди, қайта тайёргарликдан ўтадиганлар ва малака оширадиганлар тоифаси кенгайтирилди. 

Ўтган 2019 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб медиаторларни қайта тайёрлаш, интеллектуал мулк соҳасидаги кадрларнинг малакасини ошириш, патент вакилларини қайта тайёрлаш курслари ташкил этилди. 2020 йилдан нотариусларнинг малака ошириш курслари ўқув жараёнига ўқитишнинг замонавий шакл ва технологиялари, жумладан, масофавий таълим шакли ҳам жорий этилди. Бошқа соҳа мутахассисларининг ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича қатор янги курслар ташкил этилди. 

Тадбирда сўзга чиққанлар кенг қамровли ва жадал ислоҳотлар амалга оширилаётган шароитда қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимини ривожланган давлатлар даражасига кўтариш муҳим масала эканлигини қайд этди. Шунингдек, бу жараёнда тегишли малака ошириш ва қайта тайёрлаш муассасаларнинг ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, ўқитишнинг янги услуб ва шаклларини жорий этиш, замонавий адабиётлар яратиш, қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг долзарб муаммоларини аниқлаш йўлидаги амалий ишлар хусусида фикрлашилди. 

Тадбирда бир қатор тегишли ташкилотлар ва таълим муассасалари билан ҳамкорлик меморандумлари, "Йўл харитаси" имзоланди.