+998 71 234 56 02
Сайт тест режимида ишламоқда

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш марказининг УСТАВИ


1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Устав Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш марказининг (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) мақоми, мақсади, вазифалари ва фаолияти асосий йўналишларини, ҳуқуқ ва мажбуриятларини, фаолиятини ташкил этиш ва молиялаштириш тартибини, шунингдек, ўқув жараёнини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Марказ адлия органлари ҳамда адвокатура ходимларини, шунингдек, давлат бошқаруви органлари ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, бошқа ташкилотларнинг юридик хизмати ходимларини (юрисконсультларини) қайта тайёрлайдиган ва уларнинг малакасини оширадиган давлат таълим муассасасидир.

3. Марказ ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, бошқа қонун ҳужжатлари, шунингдек, ушбу Уставга асосан амалга оширади.

4. Марказ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик шахс мақомига эга бўлган мустақил тузилмаси бўлиб, ўз балансига, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида очилган ҳисоб рақамларига, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга ҳамда ўз фаолияти учун зарур бошқа белгилар ва реквизитларга эга бўлади.

5. Марказ бевосита Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига бўйсунади. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Марказ фаолиятига раҳбарлик қилади.

6. Марказнинг расмий номи:

давлат тилида — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази;

инглиз тилида — Lawyers’ Training Center under the Ministry of Justice of the Republic of Uzbekistan;

рус тилида — Центр повышения квалификации юристов при Министерстве юстиции Республики Узбекистан.

7. Марказ жойлашган жой (почта манзили): Тошкент шаҳри, Катта дархон кўчаси, 6-уй.

2-боб. Марказнинг мақсади, вазифалари ва фаолиятининг асосий йўналишлари

8. Адлия органлари ҳамда адвокатура ходимларини, шунингдек, давлат бошқаруви органлари ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, бошқа ташкилотларнинг юридик хизмати ходимларини (юрисконсультларини) қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш Марказ фаолиятининг асосий мақсади ҳисобланади.

9. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

тингловчиларни қабул қилинаётган янги қонунлар ва амалдаги қонун ҳужжатларига киритилган охирги ўзгартириш ва қўшимчалар мазмун-моҳияти, давлат ва жамият қурилиши соҳасини янада демократлаштириш жараёнлари, шунингдек давлат ҳокимияти ва бошқаруви, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятида ҳуқуқни қўллашнинг замонавий талаблари ҳамда ушбу соҳадаги хорижий давлатлар тажрибаси билан яқиндан таништириш;

ўқув, илмий-методик ишларни ташкил этиш ва амалга ошириш учун республиканинг етакчи таълим, илмий-тадқиқот муассасалари, давлат органлари ва жамоат ташкилотлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим ва илмий муассасаларининг тажрибали олимлари, бошқа ходимлари ва экспертларини жалб этиш, шу жумладан шартнома асосида жалб этиш.

10. Қуйидагилар Марказ фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:

давлат ва жамият қурилиши соҳасини демократлаштириш, суд-ҳуқуқ тизими, ижтимоий ва иқтисодий соҳалардаги ислоҳотларнинг йўналишлари ва замонавий талаблари асосида адлия, юридик хизмат, адвокатура бўйича ҳуқуқшунос ва бошқа кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

бошқа соҳа мутахассисларининг ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича шартнома асосида ўқишлар ташкил этиш;

ҳуқуқшунослик соҳасида илмий тадқиқотларни амалга ошириш;

ҳуқуқшунос кадрларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш борасида тавсиялар ишлаб чиқиш ва тақдим этиш;

ҳуқуқшунос кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масалалари юзасидан халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий давлатлар таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш.

 

3-боб. Марказнинг ҳуқуқлари

11. Марказ қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Марказ профессор-ўқитувчилари ўқув-услубий ва илмий фаолияти бўйича вақт меъёрларини, шунингдек, улар учун чекланган ўқув юкламасини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишган ҳолда мустақил белгилаш;

Марказга шартнома асосида (шу жумладан, соатбай ҳақ тўлаш асосида) ўқитувчи ва амалиёт ходимлари (экспертлар)ни жалб этиш;

тегишли вазирлик, идоралар ва бошқа ташкилотлардан статистикага оид маълумотлар ҳамда зарур материалларни олиш учун мурожаат қилиш;

юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув-услубий ишларни белгиланган тартибда ташкил қилиш ва уларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

ўқув-услубий, илмий-амалий ва маданий алоқаларни ривожлантириш, тажриба алмашиш юзасидан ҳамкорлик қилиш мақсадида олий таълим муассасалари ҳамда хорижий давлатлар муассасалари билан шартномалар тузиш;

ажратилган бюджет маблағлари ҳамда ўз маблағлари ҳисобидан белгиланган тартибда зарур жиҳоз ва анжомларни сотиб олиш;

ноширлик фаолиятини белгиланган тартибда амалга ошириш, давлат ва жамият қурилиши соҳасини демократлаштириш, суд-ҳуқуқ тизими, ижтимоий ва иқтисодий соҳалардаги ислоҳотларнинг долзарб муаммолари бўйича даврий, илмий-назарий ва амалий нашрлар чиқариш;

ўқув жараёни ҳамда ўқув-услубий ишларга юқори малакали ҳуқуқшунос олимларни, тажрибали амалиётчи ходимлар ва хориждан мутахассисларни шартнома асосида (шу жумладан, соатбай ҳақ тўлаш асосида) жалб қилиш;

ўқув дастурлари, дарсликлар, ўқув ва ўқув-услубий қўлланмалар, илмий мақолалар тўпламларини нашр қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда бошка манфаатдор ташкилотлар билан келишилган ҳолда ўқув дастурларини мустақил ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, профессор-ўқитувчилар таркибини белгилаш;

ўз фаолиятини ривожлантириш учун модернизация ва янги технологиялар жамғармасини, ижтимоий ривожлантириш жамғармасини, моддий рағбатлантириш жамғармасини, валюта ажратмалари жамғармасини ташкил қилиш. Мазкур маблағлар олиб қўйилиши мумкин эмас, улар келгусида фойдаланиш учун йиғилади;

халқаро конференция, симпозиум, семинар ва анжуманларни ташкил қилиш ҳамда уларда иштирок этиш.

Марказ қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

 

4-боб. Марказ тузилмаси ва бошқарув органлари

12. Марказ тузилмасига қуйидагилар киради:

Кафедралар;

Бўлимлар;

Бухгалтерия;

Ахборот ресурс маркази;

Кадрлар бўйича катта инспектор.

Марказ директори, зарурат бўлганда, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида Марказ тузилмасига ўзгартиришлар киритиши ҳамда Марказнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қўшимча штатлар жорий этиши мумкин.

13. Марказ фаолиятига директор раҳбарлик қилади.

Марказ директори икки ўринбосарга, жумладан ўқув-услубий ва илмий ишлар бўйича биринчи ўринбосар ҳамда молия-иқтисод ва хўжалик ишлари бўйича ўринбосар эга.

14. Марказ директори ва унинг ўринбосарлари белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

15. Марказ директори ўз ваколати доирасида қонун ҳужжатларига мувофиқ буйруқлар чиқаради ва уларнинг бажарилишини таъминлайди.

Директор қонун ҳужжатлари ва мазкур Уставга мувофиқ:

Марказ номидан иш олиб боради, барча ташкилотларда унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади;

директор ўринбосарлари ўртасида Марказ тузилмасига мувофиқ вазифаларни тақсимлайди;

Бюджет маблағлари ва бюджетдан ташқари адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан ажратиладиган маблағлар (ривожлантириш жамғармасига тингловчиларни ўқитишдан тушадиган пуллик хизматлар асосидаги маблағлар бундан мустасно) учун харажатлар сметаси ва штатлар жадвалини ўрнатилган тартибда Адлия вазирлигига рўйҳатдан ўтказиш учун киритади;

ходимларни ишга қабул қилади ва ишдан бўшатади;

Марказ фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида мутахассисларни Марказнинг бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан шартнома асосида ишга жалб қилади;

Марказ ходимлари учун ойлик маош тизими ва рағбатлантириш жамғармасини тақсимлайди;

Марказнинг мол-мулки ва маблағларини белгиланган тартибда тасарруф қилади;

шартномаларни имзолайди, ишонч қоғозларни беради, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида Марказ ҳисоб рақамларини очади;

белгиланган тартибда модернизация ва янги технологиялар жамғармасини ва валюта ажратмалари жамғармасини ташкил қилади;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Марказнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан юқори малакали профессор-ўқитувчиларга, илмий ходимлар ва бошқа ходимларга тариф ставкасининг икки юз фоизигача миқдорда ойлик устама белгилайди;

Марказ ходимларини мукофотлайди ва зарур ҳолларда уларга нисбатан интизомий чоралар қўллайди;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда ички меҳнат тартибини белгилайди, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ қўшимча таътил муддатини белгилайди;

тингловчилар узоқ вақт машғулотларда сабабсиз қатнашмаган ёки ички тартиб-қоидаларни бузган тақдирда, уларни тингловчилар сафидан чиқаради ва бу ҳақда уларнинг иш жойига маълумот юборади;

илмий кенгаш, конференция, симпозиум, семинар ва анжуманларда Марказ номидан қатнашади;

Марказнинг Илмий кенгаши фаолиятига раҳбарлик қилади;

илмий тадқиқотчиларни Марказга бириктириш масалаларини кўриб чиқади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

16. Марказ директорининг ўқув-услубий ва илмий ишлар бўйича биринчи ўринбосари:

Марказ кафедралари, Замонавий ахборот технологияларини жорий этиш ва масофадан ўқитишни ташкил этиш бўлими, Фан, инновация ва таълим дастурларини ишлаб чиқиш бўлими, Ўқув жараёнини ташкил этиш ва назорат қилиш бўлими фаолиятига раҳбарлик қилади;

ўқув жараёнини ташкил қилишга бевосита раҳбарлик қилади;

тингловчиларни ўқитиш тақсимот-режалари лойиҳаларини тайёрлашга раҳбарлик қилади;

ўқув режалари, дастурлари ва дарс жадваллари ишлаб чиқилишини ташкил қилади;

Марказ профессор-ўқитувчилари, илмий тадқиқотчилари томонидан олиб бориладиган илмий-тадқиқот ишларини йўналтириб боради;

Марказнинг Илмий кенгаши иш режасини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун Илмий кенгаш муҳокамасига киритилишини таъминлайди;

Марказнинг ўқув, ўқув-услубий ва илмий ишлари бўйича ҳисоботларини тайёрлайди;

директорнинг топшириғига кўра бошқа ваколатларни амалга оширади.

17. Марказ директорининг молия-иқтисод ва хўжалик ишлари бўйича ўринбосари:

Марказнинг Бухгалтерия, Ахборот-ресурс маркази, Маъмурий-хўжалик бўлими, Буюртмалар портфели ва маркетингни шакллантириш бўлими ва Таҳририй-нашриёт бўлими фаолиятига раҳбарлик қилади;

хўжалик ишларини ташкил этади;

Марказ бир маромда фаолият олиб бориши учун уни керакли асбоб ускуналар ва жиҳозлар билан таъминлайди;

Марказ биноларидан талаб даражасида фойдаланиш, биноларни зарур таъмирлаш ва капитал қурилиш ишларини ташкил қилади ҳамда уларнинг бажарилишини таъминлайди;

Марказнинг хўжалик шартномалари мажбуриятлари бажарилишини таъминлайди, хўжалик фаолияти бўйича банк операциялари амалга оширилишини ташкил этади;

Марказнинг молия-хўжалик ишлари тўғрисидаги ҳисоботларини тайёрлайди;

директорнинг топшириғига кўра бошқа ваколатларни амалга оширади.

18. Марказ кафедралари, бўлимлари ва бошқа таркибий тузилмалари директор томонидан тасдиқланадиган низомлар асосида иш олиб боради.

19. Марказ фаолиятига тааллуқли муҳим масалаларни ҳал қилиш учун директор, унинг ўринбосарлари, кафедра мудирлари, касаба уюшма қўмитаси раиси, етакчи олимлар ва мутахассислардан иборат таркибда Илмий кенгаш тузилади.

20. Илмий кенгаш ўз фаолиятини Марказ директори томонидан тасдиқланадиган Илмий кенгаш тўғрисидаги низом асосида олиб боради. Илмий кенгаш иши йиллик иш режасига мувофиқ ташкил қилинади.

Илмий кенгаш:

мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар ва суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни чуқурлаштириш ҳамда ҳуқуқшунос мутахассисларни замонавий технологиялар асосида қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масалаларини ҳал қилади;

илмий-тадқиқот ишларини муҳокама қилади ва Марказ номидан хулоса беради;

Марказ илмий тадқиқотчиларининг мавзуларини тасдиқлайди, уларни кафедраларга бириктиради;

кафедра мудирлари ва профессор-ўқитувчилар лавозимларини эгаллаш учун танловлар ўтказади;

профессор-ўқитувчиларни илмий унвонларга тавсия қилади;

белгиланган тартибда Марказнинг фахрий доктори даражасини беради;

намунавий ўқув дастурларини кўриб чиқади;

Марказ, унинг тузилмалари раҳбарларининг ҳисоботларини кўриб чиқади.

      

5-боб. Марказ фаолиятини молиялаштириш

21. Марказ фаолиятини молиялаштириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қуйидаги манбалар ҳисобидан амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;

Бюджетдан ташқари адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари;

шартнома асосида пуллик ўқитишдан тушадиган маблағлар;

давлат илмий-техникавий дастурлари рўйхатига киритилган илмий дастурларни мақсадли молиялаштириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари буюртмаси бўйича танлов асосида бажариладиган ишлар учун ажратиладиган маблағлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

22. Марказнинг директори ва унинг ўринбосарлари, профессор-ўқитувчиларига олий таълим муассасаларида амалда бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорлари, қолган ходимларига эса Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги марказий аппарати ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг амалдаги миқдорлари қўлланилади.

23. Марказ ходимларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда адлия органлари ва муассасалари ходимлари учун белгиланган мартаба даражалари жорий этилади.

24. Марказ ходимларининг олдинги иш жойидан берилган мартаба даражалари сақлаб қолинади.

Марказдаги иш даври мартаба даражаларини олиш учун зарур бўлган иш стажига қўшилади.

 

6-боб. Ўқув жараёнини ташкил қилиш

25. Марказ таълим фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари қоидалари, давлат ва жамият ҳаётини модернизациялаш, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий соҳалардаги ислоҳотларнинг йўналишлари ва замонавий талаблари асосида шунингдек, халқаро стандартлар ва ривожланган давлатларнинг илғор тажрибасини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган юрист кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талаблари асосида амалга оширади.

26. Марказнинг ўқув дастурлари юрист кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талабларига асосан ишлаб чиқилади.

27. Марказда тингловчиларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш кундузги ўқиш шаклида, ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда олиб борилади.

Тегишли ахборот-методик ва ташкилий-техник база мавжуд бўлган тақдирда тингловчиларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича махсус ўқув курслари масофадан ўқитиш усуллари қўлланилган ҳолда ташкил этилади.

Малака ошириш курсларида ўқиш Марказ томонидан тасдиқланган, коида тариқасида 72 соатлик ўқув дастурлари бўйича икки ҳафта давомида ишдан ажралган ҳолда амалга оширилади.

28. Марказга ўқишга юбориладиган ходимлар касбий йўналиши бўйича гуруҳларга бўлинган ҳолда ўқитилади, уларнинг ўқиш вақти ва муддати Марказ билан келишилган ҳолда тайёрланган ҳамда тегишлилиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Адвокатлар палатаси томонидан тасдиқланадиган тақсимот-режаларга мувофиқ белгиланади.

Ўқишга юборилган ходимларнинг Марказга етиб келиши тақсимот-режаларга асосан тегишли ташкилотлар томонидан таъминланади.

29. Марказда тингловчиларни ўқитиш малака ошириш курсларида бир ойгача давом эттирилиши мумкин.

Тўлов-шартнома асосида тингловчиларни ўқитиш муддати буюртмачи ташкилот билан Марказ ўртасида тузиладиган шартнома асосида белгиланади.

30. Қайта тайёрлаш курслари тингловчиларининг билимлари синов имтиҳони, малака ошириш курслари тингловчиларининг билими эса суҳбатдан ўтиш асосидан баҳоланади.

Синов имтиҳонини ёки суҳбатдан ўтишни ташкил этиш ва ўтказиш учун Юристлар малакасини ошириш маркази директорининг буйруғи билан синов имтиҳони комиссияси тузилади. Комиссия, қоидага кўра, раис ва камида икки нафар аъзодан иборат бўлади.

Синов имтиҳони комиссияси таркибига, келишув асосида, адлия вазирлиги марказий аппарати, адвокатлар палатасининг ходими, олий таълим муассасалари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари ҳам киритилиши мумкин.

Тингловчилар билан якуний синов имтиҳони (суҳбат) — улар касбий фаолиятининг асосий йўналишлари ҳамда малака ошириш курси дастурига асосан ўтилган мавзулар бўйича ўтказилади. Синов имтиҳони (суҳбатдан ўтиш) натижалари синов имтиҳони қайдномасида «синовдан ўтди» ёки «синовдан ўтмади» деб баҳоланади ҳамда комиссия раиси ва унинг аъзолари томонидан имзоланади.

Юристлар малакасини ошириш маркази ўқув дастурларида назарда тутилган барча талабларни бажарган ва синов имтиҳонини муваффақиятли топширган (суҳбатдан ўтган) тингловчиларга белгиланган намунадаги сертификат берилади.

Синов имтиҳонини топширмаган (суҳбатдан ўтмаган) тингловчига сертификат берилмайди. Бу ҳолда тингловчига малака ошириш курсида қатнашганлиги тўғрисида маълумотнома берилади.

31. Ўқиш муддати мобайнида тингловчиларнинг асосий иш жойларидаги ўртача иш ҳақи сақлаб қолинади. Республиканинг бошқа ҳудудларидан Марказга ўқишга келган тингловчиларга бир марталик хизмат сафари харажатлари ўқишга йўллаган ташкилотлар томонидан белгиланган тартибда қопланади.

32. Марказда кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш харажатлари адлия ходимлари учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

Юридик хизматлар ходимлари (юрисконсультлар), адвокатлар ва бошқа тоифадаги тингловчиларни ўқитиш харажатлари ҳар бир киши учун ойига амалда бўлган энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баробари миқдорида тўловни амалга ошириш йўли билан қопланади.

7-боб. Марказнинг халқаро алоқалари

33. Марказ ҳуқуқшунос кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш соҳасида халқаро ҳамкорлик қилиш, хорижий ҳамкорлар билан шартномалар тузиш, тегишли халқаро ташкилотлар билан белгиланган тартибда ўзаро манфаатли асосда илмий ахборотлар алмашиш ишларини йўлга қўяди шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ халқаро алоқаларни амалга оширади.

Марказ тингловчилар учун ўқув жараёнининг муайян қисмини ва профессор-ўқитувчиларнинг малака ошириши ва тажриба орттиришини етакчи хорижий илмий ва ўқув марказларида, фирмаларда ва халқаро ташкилотларда мустақил равишда ташкил этиши мумкин.

34. Марказда чет эл фуқароларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, Марказ профессор-ўқитувчилари ва тингловчиларининг хорижий давлатлардаги ўқув ва илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш ҳамда тажриба орттириши халқаро шартномалар, давлат органлари ўртасида тузилган битимлар асосида амалга оширилади.

 

8-боб. Якунловчи қоида

35. Марказ фаолиятини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.