+998 71 234 56 02

ЮРИСТЛАР МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ МАРКАЗИ ҲАҚИДА МАЪЛУМОТ


 Мамлакатимизда жамиятнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш давр талаби ҳисобланади. Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини янада юксалтиришни таъминлаш, бозор иқтисодиёти қонуниятлари ҳуқуқий асосларини яратиш, инвестициявий муҳитни шакллантириш ва хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш ҳамда уни ишончли ҳимоя қилиш, миллий давлатчилик ва ҳуқуқий тизимни мустаҳкамлаш, замонавий фикрлайдиган ва мустақил равишда қарорлар қабул қиладиган билимли юридик соҳа вакилларига боғлиқдир.

 Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг юқори малакали юрист кадрларга бўлган эҳтиёжини қондириш, замонавий билимлар асосида ҳуқуқшуносларнинг касбий тайёргарлигини тубдан яхшилашни тақозо этади. Бу соҳада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 июнда «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги 531-сонли қарорининг қабул қилиниши муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.

 Ҳукуматнинг ушбу қарори асосан Юристлар малакасини ошириш марказига янги вазифалар юклатилди ва Марказнинг янги тасдиқланган Уставига мувофиқ вазифалар ва йўналишлар аниқлаштирилди.  

Хусусан, бугунда Марказнинг асосий мақсади сифатида адлия органлари ҳамда адвокатура ходимларини, шунингдек, давлат бошқаруви органлари ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар ташкилотларнинг юридик хизмати ходимлари (юрисконсультлари) ҳамда уларга тенглаштирилган бошқа соҳа мутахассислари малакасини ошириш ва қайта тайёрлашдан иборатлиги белгиланди.

Марказда 1997-2019 йилларда 30 мингдан ортиқ тингловчилар қайта тайёрланиб, малакаси оширилди. Хусусан, охирги 2018-2019 ўқув йилларида Марказда 2961 нафар тингловчилар ўқитилганлиги ижобий натижадир. Шундан, 2853 нафар тингловчилар малакаси оширилди, 108 нафар тингловчи эса қайта тайёрлаш курсларида ўқитилди. Шу билан бирга, 2019 йил февраль ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 январдаги ПФ-5618-сон “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республдикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда республикамизнинг  барча вилоятларидан келган, жами 246 нафар ҳуқуқий соҳани ёритувчи журналистлар ҳамда ОАВ вакиллари малакаси оширилди.

Бундан ташқари, вилоятларларда фаолият олиб бораётган юридик кадрларга сайёр ўқув курсларини ташкил этилди.  

Ўзбекистон Республикасининг «Медиация тўғрисида»ги қонуни ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган Адлия вазирлигининг
2019 йил 31 январдаги буйруғи билан тасдиқланган «Медиаторларни тайёрлаш дастури»га мувофиқ жорий ўқув йилидан бошлаб Марказда профессионал медиаторларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун бир ойлик махсус курслар ташкил этилди, ушбу курсни тамомлаган 22 нафар битирувчига Ўзбекистонда илк бор биринчи медиаторлик сертификатлари топширилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил
1 июлдаги «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги  интеллектуал  мулк  агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4380-сон қарорига мувофиқ, Марказга интеллектуал мулк соҳасидаги кадрларнинг малакасини  ошириш ва патент вакилларини тайёрлаш бўйича қўшимча вазифалар юклатилди.

Марказдаги машғулотларга тингловчиларнинг раҳбарлик ва вақтни самарали ташкил этиш, бошқариш кўникмаларини шакллантиришга кўмаклашишга қаратилган «Вақтни идора этиш ва иш жараёнини самарали ташкил қилиш», «Низоли вазиятларни ҳал этиш», «Фуқаролар ва процесс иштирокчилари билан мулоқотда бўлиш кўникмалари», «Бошқарув кўникмаларини ўстириш», «Иш жойида стрессни идора эта билиш», «Нотиқлик маданияти», «Юридик нутқ маданияти», «Юрист касб этикаси» каби мавзулар киритилган.

Бундан ташқари ўқув жараёнида замонавий педагогик ва ахборот технологияларини қўллаш, инновацион услублардан фойдаланиш йўлга қўйилган. Тингловчилар учун машғулотлар юқори даражада олиб борилишига ўқув хоналари, замонавий ёзув воситалари, слайд-тақдимот ва видеороликлар намойиш қилиш учун катта экранли телевизорлар ажратилган.

Шунингдек, машғулотларни амалиёт билан чамбарчас боғлаш мақсадида, Марказда махсус жиҳозланган «Суд мажлиси зали» ва «Медиатор хонаси» каби ўқув хоналари ташкил этилган.

Машғулотларнинг самарали ўтиши ва мутахассисликка оид билим, амалий кўникма ва маълумотлар бериш мақсадида, Марказ раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари иштирокида малака оширишга келган тингловчилар билан учрашувлар ташкил этилмоқда.

Бугунги кунда Марказ кафедралари юқори малакали профессор-ўқитувчилардан иборат бўлиб, уларнинг 8 нафари фан доктори, профессор,
7 нафари фан номзоди ҳамда доцентлардир. Бугунда Марказнинг илмий салоҳияти 100 фоизни ташкил этади. Машғулотларга салоҳиятли, юқори малакали педагоглар билан бир қаторда мамлакатимизнинг етакчи олимлари,  мутахассислари, шунингдек, парламент аъзолари, Адлия вазирлиги, Конституциявий суд, Бош прокуратура, Республика суд экспертизаси маркази, Адвокатлар палатаси ва бошқа давлат органлари ҳамда жамоат бирлашмаларининг тажрибали амалиётчи ходимлари жалб этилмоқда.

Марказнинг профессор-ўқитувчилари томонидан кейинги уч йил ичида юридик масалаларга оид 20 дан ортиқ монография, дарслик, ўқув ва ўқув-амалий қўлланмалар, 100 га яқин илмий мақола ва тезислар чоп этилган. Марказнинг профессор-ўқитувчилари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда  муносиб иштирок этишмоқда.

 Марказ профессор-ўқитувчилари халқаро ва республика миқёсида ташкил этилган долзарб масалалар бўйича нуфузли конференция, илмий, илмий-амалий семинар, “давра суҳбат”ларида маъруза ва чиқишлари билан фаол қатнашиб келмоқда, мамлакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш ишларида фаол иштирок этиб келмоқда.

Марказда БМТнинг Тараққиёт дастури, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятга қарши кураш бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси, ЮНИСЕФ, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалар координатори, “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти (Словения), АҚШнинг USAID, Германиянинг ГИЦ, Ф.Эберт ва К.Аденауэр номидаги фондлари каби республикамизда  фаолият кўрсатиб турган халқаро ва хорижий ташкилотлар билан  ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Хусусан, халқаро ҳамкорлар кўмагида ҳар йили Марказ профессор-ўқитувчилари ва тингловчилари учун семинар-тренинглар ҳамда мастер-класслар ташкил этиб келинмоқда.

Жумладан, Марказ кафедра мудири, юридик фанлар доктори Б.Тошев жорий йилда Адлия вазирлиги томонидан эълон қилинган «Энг яхши ҳуқуқ тарғиботчиси», Нотиқлик санъати академиясининг  «Ҳуқуқий мавзуларини кенг аҳоли ўртасида содда тилда тушунтириш» номинацияси бўйича ғолиб деб топилди.

Марказ тингловчилари Ахборот-ресурс марказида мавжуд бўлган 8000 дан ортиқ китобдан, Lex.uz, Norma, Yurida каби ҳуқуқий ахборот тизимларидан кенг фойдаланиб келишмоқда.

Марказ профессор-ўқитувчилари ва ходимларига маданий тадбирлар ташкил этиб келинмоқда. Ушбу тадбирларга Марказда фаолият кўрсатган нафақадаги олимлар, юристлар, ходимлар ва мамлакатимизда таниқли санъаткорлар ҳам  ташрифи йўлга қўйилган.