Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида” 2024 йил 24 майдаги ПФ-80-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, адлия органлари ва муассасалари ходимлари, юридик хизмат, адвокатура, нотариат, медиация, интеллектуал мулк, суд экспертизаси, архив иши ва иш юритиш ҳамда бошқа соҳа мутахассисларини узлуксиз касбий ривожлантиришнинг замонавий тизимини йўлга қўйиш ҳамда уларни ўқитишни халқаро тажриба ва замонавий таълим стандартлари талабларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2025-йил 19-мартдаги 171-сон қарорига асосан Адлия вазирлиги тизимидаги Юристлар малакасини ошириш маркази, Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўйитиш маркази, Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказининг Суд экспертларининг малакасини ошириш ўқув маркази ҳамда Архив иши ва иш юритиш бўйича малака ошириш илмий-методик маркази негизида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ташкил этилди.
Ушбу қарор ижросини ўз вақтида таъминлаш мақсадида Ҳурматли вазиримизнинг 2025-йил 28-мартда қабул қилинган 122-ум-сон буйруғига асосан Тошкент шаҳар Миробод тумани Иноқобод МФЙ, Ҳамал кўчаси 29-В уй манзилида қуриб битказилган Институтнинг янги биносини зарур моддий–техник жиҳозлар, шу жумладан замонавий интерфаол ва иновацион панел ва мониторлар, видеоконференция алоқа жиҳозлари ҳамда компютер техникалари билан таъминлаш белгиланди.
Юртимизда ҳуқуқий соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратилаётган бир пайтда, ушбу жараёнда муҳим ўрин тутадиган Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти фаолияти ҳам сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда. Малакали кадрларни тайёрлаш муҳим вазифалардан бири бўлиб, бу борадаги ўзгаришлар юртимиздаги ҳуқуқий тизимнинг ривожланишига туртки бўлади. Шу мақсадда, Тошкент шаҳар Миробод тумани, Иноқобод МФЙ, Хамал кўчаси 29-В уй манзилида Институтининг янги биноси қурилиб, сўнги босқичдаги ишлари олиб борилмоқда.
Янги бино ташкилотнинг стратегик ривожланиш режаларига мос ҳолда ишлаб чиқилган. Ушбу иншоот замонавий стандартларга жавоб бериб, ходимлар учун барча зарур шарт-шароитлар билан жиҳозланади. Ҳар бир бўлим учун алоҳида офис хоналари, мажлис заллари, дам олиш ҳудудлари ва ошхона кўзда тутилган.
Шунингдек, янги бинода экологияга зарар етказмайдиган материаллар ва энергия тежовчи технологиялар қўлланилган. Бу нафақат табиатга эҳтиёткор муносабат, балки ташкилотнинг барқарор ривожланишга бўлган қарашини ҳам ифода этади.
Янги бино нафақат институтнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга, балки юридик кадрларнинг касбий салоҳиятини оширишда ҳам муҳим омил бўлади. Ушбу бинода ҳуқуқий таълимнинг сифатини янада ошириш, илғор педагогик ва рақамли технологияларни жорий қилишга кенг имкониятлар яратилган. Янги бинода:
· Замонавий ўқув аудиториялари;
· Суд мажлисларини моделлаштириш учун махсус заллар;
· Тренинглар ва мастер-класлар учун кенг майдонлар;
· Интерактив видеоконференция мажлисларини ташкил этиш имконини берувчи технологик жиҳозлар;
· Фаолиятни самарали ташкил қилиш учун замонавий офис ва маъмурий хоналар;
· Мажлис ва видеоконференция заллари;
· Хавфсизлик ва назорат тизимлари;
· компьютер синфлари ва интерактив ўқитиш технологиялари билан жиҳозланган заллар;
· ахборот-ресурс маркази;
· конференц-зал ва семинар хоналари;
· ходимлар ва тингловчилар учун қулай дам олиш ҳудудлари назарда тутилган.
Янги бинода ўқув жараёнида замонавий IT ва билим беришнинг интерактив усуллари қўлланилади, бино жаҳон стандартларига мослаштирилган бўлиб, у юридик соҳадаги малакали кадрлар тайёрлашни самарали ташкил этишга хизмат қилади.
Институт қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини ташкил этиб келмоқда. Янги бино фаолиятни кенгайтириш, янги курслар жорий этиш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳам имконият яратади.
Янги бино нафақат иш шароити яхшиланишига, балки корпоратив маданиятнинг ривожланишига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Ҳамкорлик ва коммуникация учун қулай муҳит яратилган, бу эса иш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Институт биносининг янгиланиши — ҳуқуқий кадрларни тайёрлаш тизимида сифат жиҳатидан янги босқични бошлаб беради. Бу ерда нафақат адлия органлари ва муассасалари ходимлари, балки адвокатура ва бошқа давлат органлари юридик хизматлари вакиллари ҳам малакасини ошириши кўзда тутилган.
Иншоотнинг қурилиши республикада инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги ва адолат тамойилларини ҳаётга татбиқ этишдаги стратегиявий вазифаларга ҳамоҳанг ҳисобланади.
Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтининг янги биноси — бу фақат янги иншоот эмас, балки ҳуқуқий соҳада сифатли таълим бериш ва юқори малакали кадрларни етиштиришга, ташкилотнинг инфратузилмасини яхшилашга ҳамда мамлакатимизда ҳуқуқий соҳадаги кадрлар салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади. Бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистонда адолатли ва самарали ҳуқуқий давлатни барпо этишга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг яна бир амалий ифодасидир ва юртимиздаги ҳуқуқий таълимни янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим қадам бўлади. Бир сўз билан айтганда, янгиланиш соҳа ривожига улкан ҳисса қўшиши шубҳасиз, деб ҳисоблаймиз.
Маъмурий хўжалик ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи
Элмурод Қосимов