Япония дунёда илм-фан ва таълим соҳасида етакчи давлат сифатида тан олинган мамлакат бўлиб, унинг илғор технологиялари, илмий изланишлари кўплаб соҳалар учун намуна бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу тажрибадан фойдаланиш халқаро миқёсдаги ҳамкорликни ривожлантиришда, юридик тизимни янада такомиллаштиришда ва малакали кадрлар тайёрлашда муҳим аҳамиятга эга.
Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва юристларнинг касбий малакасини ошириш учун мунтазам равишда янги ташаббусларни амалга оширмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 28 январ куни Марказда малака ошираётган адвокатлар гурухи тингловчиларининг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида чет эл мутахассисларини жалб этган ҳолда онлайн семинар ташкил этилди.
Дастлаб Юристлар малакасини ошириш маркази директори Е.Каньязов Япония билан ҳамкорликнинг аҳамиятини таъкидлаб, бундай ташаббуслар юридик соҳада юқори малакали кадрлар тайёрлашда муҳим рол ўйнашини қайд этдилар.
Семинар давомида Япония Адлия вазирлигининг Илмий-тадқиқотлар ва таълим институти Халқаро ҳамкорлик бўлими, ҳукумат адвокати Ямашита Такуро “Японияда ўлим жазоси тизими” мавзусида маъруза қилди. Ушбу мавзу тингловчиларда катта қизиқиш уйғотиб, япон юридик тизими билан яқиндан танишиш, янги билимлар ва тажрибаларни ўзаро алмашиш, инновацион ёндашувлар ва илғор технологияларни ўрганиш имконини яратди.
Мазкур семинар икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашга йўналтирилган қадам бўлиб, унда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мақбул йўналишлар бўйича ўқув дастурларини биргаликда ишлаб чиқиш, ишлаб чиқилган ўқув дастурлари доирасида Япония Институт вакилларини онлайн семинарларларда иштирок этиши, тингловчиларнинг Япония давлатида малака ошириш амалиётини давом эттириш каби бир қатор таклифлар илгари сурилди.
Бундай тадбирлар нафақат билим ва тажриба алмашиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва юридик тизимни ривожлантириш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Келгусида Япониянинг илғор тажрибаси асосида амалга ошириладиган лойиҳалар бу ҳамкорликнинг муваффақиятли давомига замин яратади.