+998 71 200 02 35

Қонунчилик ҳужжатларини ижрочиларга етказиш ва ҳуқуқий ахборотни тарқатишнинг илмий методологияси

24.05.2024 469

Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлашда ошкоралик, очиқлик, ўз вақтидалиги, ҳуқуқий ахборотни излаш ва олиш эркинлиги муҳим аҳамият касб этади. Шу ўринда, мамлакатимизда сўз эркинлигини таъминлаш, фуқароларнинг ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш каби конституциявий ҳуқуқларини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, шу жумладан, янги таҳрирдаги Конституцияда сўз эркинлигининг барча зарур кафолатлари ўз ифодасини топганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Қабул қилинган қонун ҳужжатларини ижрочиларга етказиш, уларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли орасида тушунтириш ушбу ҳужжатларнинг сўзсиз бажарилиши, жамиятда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлашнинг муҳим шарти ҳисобланади.

 Юристлар малакасини ошириш маркази томонидан жорий йилнинг 23 май куни “Қонунчилик ҳужжатларини ижрочиларга етказиш ва ҳуқуқий ахборотни тарқатишнинг илмий методологияси” мавзусида илмий-амалий конференция ташкил этилди.

 Конференциядан кўзланган мақсад – қонунчилик ҳужжатларини ижрочиларга етказиш ва ҳуқуқий ахборотни тарқатиш тизимини такомиллаштириш истиқболларини белгилаб олишдан иборат. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Қонунчилик ҳужжатларини таҳлил қилиш, тартибга солиш таъсирини баҳолаш ва ҳуқуқий ахборот бошқармаси ҳамда “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилотидан етакчи мутахассислар, шунингдек, марказ профессор-ўқитувчилари иштирок этишди.

Тадбир давомида қонунчилик ҳужжатларини давлат органлари ва ташкилотларига етказиш, уларнинг моҳияти ва аҳамиятини ижрочилар ва аҳолига етказишда манзилли ва самарали ишни ташкил қилиш юзасидан тавсиялар ва кўрсатмалар берилди. Шунингдек, мутахассислар томонидан қонунчилик ҳужжатларини ижрочиларга етказиш ва ҳуқуқий ахборотни тарқатиш борасида йўл қўйилаётган муаммолар таҳлил қилиниб уларни бартараф қилиш юзасидан ечим ва таклифлар илгари сурилди.