+998 71 234 56 02

Қалам аҳлининг касб байрами

03.05.2020 220

Инсоният тафаккури ривожланиши билан янги билимлар ва турли мазмундаги ахборотларни тарқатиш эҳтиёжи ҳам вужудга келди. Аввал ахборотлар мактуб, варақа, китоб шаклида тарқатила бошланган бўлса, кейинчалик газета, журнал, радио, телевидение, интернет каби тезкор воситалар орқали тарқатилиши йўлга қўйилди. Шу тариқа инсоният бу оммавий воситалар орқали янгиликларни тезкорлик билан ўзлаштириш имконига эга бўлди. Ана шу жараёнда заҳматкаш касб эгалари-журналистларнинг ўрни алоҳида касб этади.

Бир сўз билан айтганда, айни кунда оммавий ахборот воситалари аҳолига тезкор ахборот етказиш, жамиятнинг тафаккур доираси, дунёқараши ва маънавиятини юксалтиришдаги аҳамияти ниҳоятда катта эканлигини ҳеч ким инкор эта олмайди. Айниқса, бугунги шиддат билан ривожланиб бораётган интеллектуал асрда ахборотга бўлган талаб ва эҳтиёж тобора ортиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас.

Маълумки, журналистлар турли воқелик ва вазиятларда фаолият олиб боришига тўғри келади. Ер қимирлаши, вулқон отилиши, сув тошқини, ёнғинлар, эпидемия ва пандемиялар, ҳарбий ҳаракатлар ва бошқа қайноқ нуқталар бўлмасинки, у ерга энг аввал журналистлар етиб боради. Оғир ва хавфли жараёнларни ўз кўзи билан кўриб тургани ҳолда, гоҳ ҳимоя, гоҳ ҳимоясиз улар ўз касбига оид фаолият билан шуғулланадилар. Дунё воқеалари айнан ушбу касб эгалари ахборотлари орқали бизга етиб келади, биз уларнинг материаллари орқали дунё ишларидан хабардор бўламиз,  ижтимоий фикларимизни шакллантирамиз. Жасорат намуналарини кўрсатиб келайтган журналистларни бутун дунёда эътироф этиш мақсадида халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларда уларга тегишли нормалар белгилаб берилган, касб байрамлари ўрнатилган.

Жаҳон матбуоти эркинлиги куни 1993 йил БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1991 йилда ЮНЕСКО Бош конференцияси 26-йиғилишида берилган тавсия асосида жорий қилинган. Ўз навбатида, мазкур тавсия 1991 йил Африка журналистлари томонидан ишлаб чиқилган “Оммавий ахборот воситалари плюрализми ва мустақиллиги ҳақидаги тарихий Виндхук декларацияси”га асосланган эди. Шунга кўра, 1993 йилдан буён ҳар йили  3 май куни дунё бўйлаб Халқаро матбуот эркинлиги куни сифатида нишонланади. Ҳар йили ушбу кун муносабати билан БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар дунё давлатларидаги матбуот эркинлиги ҳисоботини эълон қилади.

Бу сананинг нишонланишидан асосий мақсад — ахборот эркинлиги тамойилларини илгари суриш, дунёнинг барча минтақаларида ахборот олиш ва тарқатиш эркинлиги ҳолатига баҳо бериш, журналистлар эркинлиги ва мустақиллигига қилинаётган тажовузларнинг олдини олиш, касбий бурчини бажараётганда ҳалок бўлган журналистларни ёдга олиш, уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлашдан иборат.

Журналистларнинг касбий фаолиятини ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш, жамиятда уларга ҳурмат ҳиссини шакллантириш мақсадида турли уюшма ва тузилмалар ҳам ташкил этилган, ҳаракатлар йўлга қўйилган. Халқаро Журналистлар ташкилоти (1906), Халқаро Журналистлар федерацияси (1952), Ҳамдўстлик мамлакатлари, шунингдек, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси, турли жамғармалар ва бошқалар шулар жумласидандир.

Ҳар йили юртимиз журналистика соҳасидаги энг нуфузли мукофот — “Олтин қалам” халқаро-миллий мукофоти тақдимот маросими айнан  3 май — Жаҳон матбуоти эркинлиги кунида ўтказилиши ҳам ўзига хос рамзий маънога эга. Кейинги йилларида мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларининг жамиятдаги ўрни ва ролини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Соҳанинг ҳуқуқий асослари давр тақозоси билан мунтазам такомиллаштириб борилмоқда.

Соҳада амалга оширилаётган барча ижобий ишлар билан бирга, журналистларнинг шахсий дахлсизлигини таъминлаш, уларнинг касбий фаолиятини эркин амалга ошириш кафолатларини кучайтириш, жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш, холис ва ҳаққоний ахборотларни тезкорлик билан жамоатчиликка етказиш, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, давлат органлари фаолиятида очиқликни таъминлаш, давлат ҳокимияти органлари, мансабдор шахсларнинг оммавий ахборот воситалари орқали ҳисобдорлигини таъминлаш  билан боғлиқ қонунчилик асосларини янада ривожлантириш долзарб вазифалардан бўлиб қолаверади.

 

Бобоқул Тошев,
юридик фанлар доктори